“Сардоба” сув омборидан сув олувчи каналлар тикланмоқда

“Сардоба” сув омборидан сув олувчи каналлар тикланмоқда

“Сардоба” сув омборида рўй берган техноген офат оқибатларини бартараф этиш бўйича Сув хўжалиги вазирлигининг штабига етиб келганимизда ёмғир майдалаб ёғаётган эди. Бир соатлар олдин кучли ёмғир ёғиб ўтган, ҳаммаёқ лойгарчилик. Шунга қарамай, атрофда юзлаб техникалар, сув хўжалиги ташкилотлари ходимлари тинмай меҳнат қилишмоқда.

Техноген офат  “Сардоба” сув омборидан оби-ҳаёт оладиган “Марказий тармоқ” каналининг 8,5 км, “Ўнг тармоқ”  каналининг 4,5 км ва “Чап тармоқ” каналининг 3 км қисмига жиддий зарар етказган. Натижада Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида ушбу каналларга боғланган 39,5 минг гектар, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Мирзачўл, Арнасой ва Зафаробод туманларида 90,2 минг гектар, жами   129,7 минг гектар майдоннинг сув таъминоти узилиб қолган.

Шунингдек, мазкур туманлардаги жами 26,3 км хўжаликлараро каналлар, 192,5 км мелиоратив тизимлар, сув истеъмолчилари уюшмалари ва фермер хўжаликларининг 554,9 км суғориш ҳамда 701 км коллектор-дренаж тармоғи ҳамда улардаги гидротехник иншоотлар, 5 та насос станцияси, 30 та вертикал дренаж қудуқ ва бошқа сув хўжалиги объектларига шикаст етган.

Ушбу объектларни қисқа муддатларда таъмирлаш ва реконструкция қилиш мақсадида “Марказий тармоқ”, “Ўнг тармоқ” ва “Чап тармоқ” каналлари ҳамда Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги каналларга алоҳида бош пудрат ташкилотлари белгиланиб, улар томонидан қўшимча равишда 17 та пудратчи ташкилотлар жалб қилинди.

Молия вазирлиги томонидан Сирдарё вилояти ҳокимлиги  билан биргаликда биринчи навбатда амалга ошириладиган қурилиш-монтаж ишлари учун жами 14,3 млрд. сўм аванс маблағи  берилди.

Республикамиз ҳудудларидаги сув хўжалиги ташкилотларидан жами 421 та техника, жумладан 185 та экскаватор, шунингдек 940 нафар малакали қурувчи-мутахассис жалб қилинди. Улар учун  чодирлар   қурилиб, ётоқ жой, уч маҳал иссиқ овқат ва бошқа зарур шароитлар яратилди.

Таъмирлаш-тиклаш ва ресконструкция ишларини амалга оширишда  ёқилғи мойлаш маҳсулотлари, цемент, арматура ва бошқа қурилиш материалларининг узлуксиз таъминоти бўйича тизим яратилди.

 Бугунги кунга келиб, “Марказий тармоқ” каналининг 3,5 км қисми, “Ўнг тармоқ”  каналининг каналнинг 1,8 км қисми, “Чап тармоқ” каналининг 1,5 км қисми тўлиқ тикланди. Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида 33 км каналларни тозалаш ва таъмирлаш ишлари олиб борилди.

Сардоба сув омборига боғланган Сирдарё ва Жиззах вилоятларидаги пахта, ғалла ва бошқа экинларни сақлаб қолиш ва юқори ҳосил олишга кўмаклашиш мақсадида Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги мутахассис ва ходимлар ишни 3 сменада ташкил этган ҳолда кечаю кундуз меҳнат қилишмоқда.

манба: Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати

Oxirgi yangilash: 12 Июнь 2020