Ўзбекистон вакили Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси вице-президентлигига сайланди

Ўзбекистон вакили Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси вице-президентлигига сайланди

Хабар берганимиздек, 2019 йилнинг 1-7 сентябрь кунлари Индонезиянинг Бали оролида III Жаҳон ирригация форуми ҳамда Халқаро ирригация ва дренаж комиссияси (ХИДК)нинг 70-Халқаро ижроия кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондан Сув хўжалиги вазири, Ирригация ва дренаж миллий қўмитаси раиси Ш.Хамраев бошчилигидаги делегация қатнашди.

Ўзбекистон делегацияси мазкур тадбирларда фаол иштирок этиб, қатор хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари билан икки томонлама учрашув ва музокаралар ўтказди, шунингдек, Индонезиянинг сув ресурсларини бошқариш тажрибаси билан танишди.

Халқаро ирригация ва дренаж комиссиясининг бу йилги анжумани “Рақобат шароитида сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини яхшилаш” шиори остида ўтди. Унда дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидан делегациялар, халқаро ва нодавлат ташкилотлар, халқаро молия ва тадқиқот институтларидан вакиллар, ирригация ва сув ресурслари соҳасида олимлар ва мутахассислар иштирок этди. Ташкилий қўмитанинг маълум қилишича, тадбирларда 1500 нафарга яқин иштирокчи қатнашди.

ХИДКнинг 70-Халқаро ижроия кенгаши йиғилишида ташкилот фаолияти ва миллий қўмиталар билан боғлиқ ташкилий ва техник масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, 2019-2022 йиллар даврида ХИДК раҳбар лавозимларига сайлов ўтказилди.

ХИДК президенти Ф.Рейнардс 2019-2022 йиллар даврида ташкилот вице-президенти лавозимига Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев номзодини илгари сурди. У Ўзбекистонда ирригацияни ривожлантириш ва ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, суғоришда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилаётганига эътибор қаратар экан, Ш.Хамраев ирригация ва дренаж соҳасида ҳамда трансчегаравий муаммоларнинг ечимини топишда катта тажрибага эга эканлигини таъкидлади.

ХИДКга аъзо мамлакатлар миллий комиссиялари вакиллари ва делегатлар Ш.Хамраевнинг номзодини бир овоздан маъқулладилар. Шунингдек, мисрлик профессор Хасем Мустафо Мухаммад ва индонезиялик профессор Муҳаммад Амрон ушбу даврга вице-президент этиб сайланди. ХИДК тузилмасида жами 9 нафар вице-президент фаолият юритади.

Тадбир якунида Халқаро ирригация ва дренаж комиссиясининг 71-Халқаро ижроия кенгаши йиғилишини 2020 йилнинг октябрь ойида Австралиянинг Сидней шаҳрида, IV Жаҳон ирригация форумини ва 73-Халқаро ижроия кенгаши йиғилишини 2022 йилда Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

манба:www.water.gov.uz

Oxirgi yangilash: 30 Октябрь 2019