Ўзбекистонда “Гидрометрия асослари ва сув ресурсларини ҳисобга олиш” мавзусида ўқув-тренинг курси бошланди.

2025 йил 15 май куни Сув хўжалиги вазирлиги, Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш” лойиҳасининг 3-босқичи ҳамкорлигида “Гидрометрия асослари ва сув ресурсларини ҳисобга олиш” мавзусидаги ўқув-тренинг курсининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Мазкур курс 15 майдан 20 майга қадар, 4 кун давомида назарий машғулотлар (кунига 2,5 соат) ҳамда кейинги кунларда ҳар бир ҳудудда гидрометрик полигонларда амалий машғулотларни ўз ичига олади. Тренингда Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ҳамда унинг вилоятлардаги бўлинмалари ходимларидан иборат 170 нафар мутахассис иштирок этмоқда.
Тренинг мақсади:
Сув ресурсларини ҳисобга олиш, сув сарфини аниқ ўлчаш, замонавий гидрометрия воситаларидан самарали фойдаланиш ҳамда соҳадаги ҳисобот тизимини такомиллаштириш борасида иштирокчиларнинг назарий ва амалий билимларини ошириш.
Курс доирасида ёритилаётган асосий мавзулар:
• Ирригация тизимларида сув сарфини ўлчаш усуллари ва асбоб-ускуналар;
• Сув ўлчаш воситаларини танлаш, қуриш ва улардан фойдаланиш тартиблари;
• Гидропостларни даражалаш, қиёслаш ва метрологик аттестациядан ўтказиш;
• Стандартлаштирилган сув ўлчаш воситаларини жорий этиш;
• Дала шароитида амалий сув сарфи ўлчаш машғулотлари.
Тренингнинг амалий қисми республика бўйича танлаб олинган очиқ ирригация каналларида ўтказилади. Унда иштирокчилар назарияда олган билимларини амалиётда мустаҳкамлайди ва реал объектларда сув сарфини ўлчашда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Курс якунланиши билан тингловчиларнинг билими баҳоланиб, уларга сертификатлар тақдим этилади.
Ахборот хизмати