ЯНГИЛАНАЁТГАН НАСОС СТАНЦИЯСИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ 15 ФОИЗ ТЕЖАЙДИ

ЯНГИЛАНАЁТГАН НАСОС СТАНЦИЯСИ ЭЛЕКТР ЭНЕРГИЯСИНИ 15 ФОИЗ ТЕЖАЙДИ

2025 йил – “насослар самарадорлигини ошириш йили”

Экин майдонлари насос станциялари орқали сув ичадиган деҳқонлар оби ҳаётнинг қадрини чуқурроқ ҳис этади ва тежаб ишлатишга ҳаракат қилади.
Аму-Бухоро машина каналидан фойдаланиш бошқармаси насос станциялари орқали Бухоро вилоятини тўлиқ, Навоий вилоятининг Кармана ва Қизилтепа туманларини сув билан таъминлайди.
Амударёдан келаётган сувни “Аму-Бухоро-1” ва “Аму-Бухоро-2” насос станциялари машина каналига ташлаб беради.
Осиё Тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан “Аму-Бухоро-1” насос станцияси янгидан қурилмоқда.

Аму-Бухоро машина каналидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Нарзиевнинг бизга тушунтиришича, 1965 йилда ишга туширилган  “Аму-Бухоро-1” насос станциясида 9 та, унга ёрдамчи сифатида 1982 йилда ишга туширилган “Жайхун” насос станциясида 30 та агрегат ишлаган. Уларнинг умумий қуввати 93 МВт ни ташкил этади. Тўлиқ янгидан қурилган “Аму-Бухоро-1” насос станциясига ўрнатилган 8 та замонавий агрегатнинг умумий қуввати эса 64 МВт га тенг.  
Содда қилиб тушунтирганда, илгари 39 та агрегат секундига 110 куб метр сув чиқарган. Эндиликда 8 та янги агрегат секундига 92 куб метр сув чиқаради. Электр энергияси эса олдингига нисбатан 15 фоизга тежалади.
Янги насос станция қурилишига Хитой Халқ Республикасининг “China National Technical Import and Exsport Corporation” компанияси томонидан “CNTIC” пудратчи ташкилоти жалб қилинган ва айни пайтда бу ерда ишлар якунига етказилмоқда. Янги насос станцияси фойдаланишга топширилганидан сўнг эски иккита насос станциясидаги жисмонан ва маънан эскирган агрегатлар консервация қилинади.
Шунингдек, “Аму-Бухоро ирригация тизимини қайта тиклаш” лойиҳаси доирасида “Аму-Бухоро-2”, “Қуйимозор”, “Қизилтепа”, “Қизилтепа-1” насос станциялари ҳам реконструкция ва модернизация қилинди.


Ахборот хизмати 

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/37715

Oxirgi yangilash: 25 Март 2025