КАНАЛЛАР ТОЗАЛАНИБ, ГИДРОТЕХНИКА ИНШООТЛАРИ ТАЪМИРЛАНАЯПТИ

«Аму-Занг» ирригация тизими бошқармаси тасарруфида «Занг», «Аму-Занг», «Боботоғ», «Какайди», «Занг-9» каналлари бўлиб, умумий узунлиги 181 километрдан иборат. Бошқарма тасарруфидаги ушбу йирик каналлар орқали вилоятнинг еттита туманига қарашли 102,8 минг гектар экинзорлар суғорилади.
Бошқарма жамоаси суғориш тармоқларини лойқаю чиқиндилардан тозалаш, таъмирлаш-тиклаш, каналлардаги гидротехник иншоотлар ва гидропостларни соз ҳолда сақлаш учун ўз бурчларини сидқидилдан адо этишмоқда. Ирригаторлар ҳозирда каналларни механизмлар ёрдамида тозалашни тезлаштиришаяпти. Бугунгача 8 километр узунликдаги каналлар лойқаю чиқиндилардан тозалаб бўлинди.
Таъмирлаш режалаштирилган 71 дона гидротехника иншооти тўлиқ созланди ва сув эрозиясига қарши мойланди ҳамда бўёқланди. Гидропостларнинг 55 таси тўлиқ созланди ва айрим яроқсизлари янгиланди.
Жамоа аъзолари «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида вилоятнинг турли гўшаларда барпо этилаётган «яшил белбоғ»ларни яратишга ҳисса қўшиш баробарида каналлар бўйидаги бўш ерларга мевали-манзарали дарахт кўчатлари ўтқазишга ҳам алоҳида эътибор бераяпти.
– Бугун чор атрофдаги бўш жойларга ҳамда каналлар бўйига экилаётган ниҳолларни намунали парваришласак, икки-уч йилда мевага киради, – дейди «Занг» канали бошлиғи Раҳим Қодиров. – Ҳеч бўлмаганда атрофдан ўтган одамлар соясидан баҳраманд бўлади, муҳими, нафас олаётган ҳавомиз мусаффолигини таъминлайди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати
манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/36675