СУВ КОДЕКСИ ЛОЙИҲАСИ ДЕПУТАТЛАР ТОМОНИДАН УЧИНЧИ ЎҚИШДА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

СУВ КОДЕКСИ ЛОЙИҲАСИ ДЕПУТАТЛАР ТОМОНИДАН УЧИНЧИ ЎҚИШДА ҚАБУЛ ҚИЛИНДИ

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Ушбу ҳужжатда бир қатор муҳим нормалар ўз аксини топмоқда. Бу нормалар сувдан оқилона фойдаланиш, самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий шарт-шароитлар яратишга, сув етказиб берувчилар ва сувдан фойдаланувчиларнинг масъулиятини оширишга, сувдан фойдаланишда махсус рухсатнома олиш тартибини соддалаштиришга хизмат қилади.

Шунингдек, лойиҳада сув ресурсларини бошқариш, улардан фойдаланиш ва муҳофаза қилишга доир комплекс ҳамда мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, сув тежовчи технологияларидан кенг фойдаланишни рағбатлантириш, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари ҳам назарда тутилмоқда.

Йиғилишда Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси раиси Равшан Мамутов кодекс лойиҳасини иккинчи ўқишга тайёрлаш давомида сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида масъул органларнинг ваколатлари, вазифа ва функцияларини аниқ белгилаш, сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини кенгайтириш, сувдан фойдаланиш учун рухсатнома бериш шартларини соддалаштириш, сувни фойдаланувчилар  орасида тақсимлашнинг янги механизмларини жорий этишга алоҳида аҳамият қаратилганини қайд этди.

Шунингдек, қуйи палатанинг жорий йил 24 январь куни бўлиб ўтган мажлисида кодекс лойиҳасидаги айрим нормалар, яъни сув олиш тартибини бузганлик учун жарима санкциялари билан боғлиқ масалалар депутатларнинг эътирозларига сабаб бўлгани, халқ вакиллари томонидан бир қатор таклифлар берилгани айтиб ўтилди.

Ўтган даврда масъул қўмита томонидан ушбу таклифлар чуқур таҳлил қилингани ва улар асосида лойиҳа ҳар томонлама пишиқ-пухта ҳолатга келтирилиб, маромига етказилгани таъкидланди. Мисол учун, “Сувдан фойдаланишдаги низоларни ҳал этиш” боби лойиҳадан чиқариб ташланди ва 29-бобга низоларни ҳал этиш моддаси қилиб киритилди. Сувдан фойдаланиш тартибини такроран бузиш ҳолатлари учун молиявий санкцияларни қўллаш БҲМнинг 10 баробаридан 5 баробар миқдорига ўзгартирилди. Сувдан фойдаланиш қоидаларини бузганлик учун маъмурий жарималардан тушадиган маблағларни тақсимлаш нормаси амалиётдаги қонуности ҳужжатлари билан белгилангани боис чиқариб ташланди.  

Кодекс лойиҳаси депутатлар томонидан учинчи ўқишда қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/34766

Oxirgi yangilash: 25 fabruary 2025