ЙИҒИЛИШ ТАНҚИДИЙ РУҲДА ЎТДИ

ЙИҒИЛИШ ТАНҚИДИЙ РУҲДА ЎТДИ

2024 йилнинг ўтган даврида “Сувхўжаликназорат” инспекцияси томонидан республика бўйича ўтказилган назорат тадбирларида 984 та ҳолатда ноқонуний сув олиш жойлари аниқланган.

2 086 та ҳолатда шартнома тузмасдан рухсатсиз сув олиш қайд этилган.
743 та ҳолатда меъёридан ортиқча сув олиш, 1 300 та ҳолатда экин майдонларини кўллатиб суғориш, 784 та ҳолатда сувни коллектор-дренажларга оқизиб қўйиш, 528 та ҳолатда махсус рухсатномасиз сув олиш каби тартиббузарлик содир этилганлиги аниқланган.
Тартиббузарлик ҳолатлари юзасидан 5 млрд 340 млн сўм жарима ундирилган, 645 млн куб метр сув исрофгарчилигининг олди олинган.
Бугун Сув хўжалиги вазирлигида инспекция ҳамда унинг ҳудудий бошқармалари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди. Унда вазир Ш.Хамраев жорий йилда инспекция фаолияти самарали кечганлигини эътироф этди.

Шу билан бирга, йиғилишда 2024 йилда расмийлаштирилган жарималарни ундириш бўйича инспекциянинг ҳудудий бошқармалари етарли даражада иш олиб бормаганлиги танқид қилинди. Хусусан, инспекциянинг Хоразм вилояти бошқармаси 140 млн сўм, Фарғона вилояти бошқармаси 20,9 млн сўм, Сирдарё вилояти бошқармаси 29,2 млн сўм, Сурхондарё вилояти бошқармаси 15,8 млн сўм қўлланилган жарима санкцияларини ундирмаган.
Сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибига риоя этилиши устидан назоратни таъминлаш бўйича ҳудудий бошқармаларга юклатилган назорат функцияларини бажаришда ҳамда аниқланган тартиббузарлик ҳолатлари бўйича таъсир чораларини қўллашда сусткашликларга йўл қўйилганлиги кўрсатиб ўтилди.
Таъсир чоралар қўллаш билан тартиббузарликларга тўлиқ барҳам бериб бўлмаслиги, сувнинг қадри ҳақида тарғибот тадбирларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда инспекциянинг 2025 йилда амалга ошириладиган ишлари ва эришиладиган асосий мақсадли кўрсаткичлари белгилаб олинди.

Ахборот хизмати

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/30605

Oxirgi yangilash: 28 Декабрь 2024