СУВДАН ФОЙДАЛАНИШДА НЕГА МАСЪУЛИЯТ ҲИС ЭТИЛМАЯПТИ?

СУВДАН ФОЙДАЛАНИШДА НЕГА МАСЪУЛИЯТ ҲИС ЭТИЛМАЯПТИ?

Сурхондарё вилоятида келгуси йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларини суғориш ва далаларга сочилган уруғни тезроқ униб чиқиши учун сув хўжалиги ходимлари барча имкониятларини ишга солиб етарлича обиҳаёт билан таъминлаш чораларини кўришмоқда. Афсуски, фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларининг сувчилари машаққатлар ҳамда катта харажатлар эвазига суғориш тармоқларида оқиб турган обиҳаётдан фойдаланишда бир қатор хато-камчиликларни йўл қўйишмоқда.

«Сувни тежайлик, обиҳаётнинг ҳар қатрасидан унумли фойдаланайлик» деган гаплар ҳар куни айтилаётгани, жойларда ўтказилаётган семинар ва йиғинларда сувни иқтисод қилиш бўйича доимий тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилаётганига қарамай, «тарки одат, амри маҳол», деганларидай ҳамон деҳқонлар сувнинг қадрига етмаяпти. «Сувхўжаликназорат» инспекцияси вилоят бошқармаси ходимлари жойларга чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг «Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуни талаблари қандай ижро этилаётганини мониторинг қилиш жараёнида айрим камчиликларга йўл қўйилаётганига дуч келишмоқда. Денов тумани хўжаликларида 8864 гектар майдонга ғалла экилган, ариқларда етарлича сув бор. Ҳар куни суғориш тармоқлари орқали секундига 10,3 метр куб сув берилмоқда. Олинган сув ҳисобига ўртача 50 гектар дала суғорилса ҳам 516 гектар майдон суғорилиши керак. Бироқ 290–300 гектар ғаллазор суғорилмоқда, холос. Ғалла майдонларини суғоришга ажратилаётган сув аҳоли томорқалари ва бошқа экинларга оқизилаётган ҳолатлар ҳам жуда кўп. Жумладан, «Зуҳра» фермер хўжалиги даласида бир нафар сувчи ишламоқда, ўқариқлар оралиғи 50 метр ўрнига 220 метр, эътиборсизлик оқибатида сув кўллаб ётибди. «Нуриддин», «Диёр Ҳумо Агро», «Мўл хирмон», «Қоракўл Тўхсоба», «Навбаҳор моҳир миришкори», «Термиз Денов Глобал» каби ўнлаб фермер хўжаликларида сувчилар сони кам, обиҳаётнинг бир қисми пойнобга ташлаб қўйилган, ўқариқлар ораси узун, суғорилаётган далаларда сув ортиқча сарфланмоқда, тунгги суғориш ташкил қилинмаяпти, ғаллазорларда сув кўллаб ётибди.

Худди шундай ачинарли ҳолатга вакилларимиз Ангор туманида ҳам дуч келишган. Канал ва ариқларда сув етарли, лекин обиҳаётдан бепарволарча фойдаланилаётгани ҳамда ортиқча исроф қилинаётгани туфайли ғалла уруғи сочилган майдонлар тўлиқ суғориб бўлинмаган. Ажратилаётган сув билан кунига атиги120 гектар майдон суғорилаётир.
Музработ туманида ҳам сувдан фойдаланиш ҳолати қониқарсиз. Масалан, «Гулмурод Али» фермер хўжалиги аъзолари секундига 10 литр сувни пойнобга ташлаб қўйган, сув шу ҳолича ҳафталаб беҳуда оқиб ётибди, машаққатлар эвазига етказиб берилаётган обиҳаётдан туманнинг бошқа хўжаликларида ҳам фойдаланиш ҳолати шу кун талабларига мутлақо зид.
Мутахассисларимиз фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари экин майдонларида сув сарфини мониторинг қилиш жараёнида обиҳаёт исрофгарчилигига йўл қўяётганларни аниқлаб, уларни инсофга чақиришаяпти, шунда ҳам сувдан фойдаланиш тартибларига амал қилмаётган ва хатоларини тузатишни истамай, яна эскича тартибда ишлаб, ўз билганидан қолмаётганларга тегишли жарималар қўлланилаяпти. Мисол учун, Термиз туманида фаолият кўрсатаётган «Исмоилжон Дўстлик» фермер хўжалиги раҳбарига обиҳаётдан самарали фойдаланмаётгани, сувчиларнинг ишини назорат қилмаганлиги сабабли кунлаб сув далага оқиб, ҳаммаёқ кўллаб ётгани учун МЖтКнинг 74-моддаси 2-банди талабларига асосан жарима қўлланилди. Ёки Музработ туманида фаолият олиб бораётган «Холиқ Парда» фермер хўжалиги раҳбари туман “Сув етказиб бериш хизмати” ДМдан рухсат олмасдан сувдан фойдалангани учун қонун талабларига кўра, 7,7 миллион сўм молиявий жарима қўлланилди ҳамда туман жиноий ишлар бўйича суди томонидан жаримага тортилди. Шеробод туманидаги «Бўриев Нурбек Илёсович» фермер хўжалиги аъзолари ҳам сувдан ноқонуний фойдаланаётгани, исрофгарчиликка йўл қўйгани учун жарима қўлланилди. Қисқаси, жарималар ва огоҳлантиришлар билан ижобий натижага эришиш қийин бўлаяпти.
Токи, деҳқонлар, фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотларининг раҳбару аъзолари онгида сувдан тежаб фойдаланиш, тириклик манбаи ҳисобланган обиҳаётнинг ҳар қатраси қадрига етиш ғояси шаклланмас экан, тежамкорликка эришиш қийин кечади.

 

Шуҳрат Суюндиков,
«Сувхўжаликназорат» инспекцияси Сурхондарё
вилояти бошқармаси бошлиғи

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/27619

Oxirgi yangilash: 05 Декабрь 2024