СУРХОНДАРЁЛИК ИРРИГАТОРЛАР СЕЛ СУВЛАРИДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ ТАДОРИГИНИ КЎРМОҚДА

СУРХОНДАРЁЛИК ИРРИГАТОРЛАР СЕЛ СУВЛАРИДАН УНУМЛИ ФОЙДАЛАНИШ ТАДОРИГИНИ КЎРМОҚДА

Президентимиз раислигида шу йил 7 ноябрда қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида: «Яна бир муҳим масала – баҳор ва куздаги сел сувларини йиғиб суғоришда ишлатиш лозим. Сел сув омборларини … Сурхондарё … вилоятларида барпо этиб, бўш ерлар сув таъминотини яхшилаш имкони бор» деган топшириғига сурхондарёлик ирригатор ва қурувчилар амалий ишлари билан жавоб қайтаришаётир. Гап шундаки, вилоятда 2 та сел-сув омбори қуриб, баҳор-куз ойлари ёғадиган ёғинлар сувидан унумли фойдаланиш кўзда тутилган. Шундай иншоотлардан бири яқинда Бойсун туманида қуриб битказилди.

Бойсун туманининг кичик тоғлари ва тепаликларида ёғадиган қор ва ёмғир сувларининг бир қисмини фақат май ойигача Кофрун ҳудудидаги экинзорлар ҳамда мевали боғларга бошқариш мумкин эди. Қор ва сел сувларининг катта қисми дарадаги сойлар орқали беҳуда оқиб кетиб, Сурхондарё ва Амударё дарёларига бориб қуйиларди. Сурхондарёлик ирригаторлар ҳамда «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси мутахассисларининг изланишлари самараси ўлароқ қорлар эриши ва баҳорги ёғинлар сувидан шаклланадиган «Ҳангаронсой» дарёсининг пастки қисмида сув сиғими 6,1 миллион метр куб бўлган сел-сув омбори қуриш ишлари якунига етказилди. «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси буюртмасига асосан «Фахриддин» МЧЖ бунёдкорлари сел-сув омборининг иккинчи навбатини қуриб битказиш жараёнида 8 миллиард сўмликдан зиёд қурилиш-монтаж ишларини бажариб, сув тўплаш иншоотини фойдаланишга топширдилар.

– Шу пайтгача баҳор ойларида тошиб оқадиган «Ҳангаронсой» дарёси сувининг бир қисми ҳисобига туманимизнинг Кофрун дарасидаги 250 гектар экин майдонлари ва 180 гектар мевали боғлар бир-икки марта суғориб қолинарди, – дейди Бойсун тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ директори Элмурод Қулмирзаев. – Дарё сувининг катта қисми дарадаги сойлар орқали пастга тушиб кетарди. Натижада май ойи охиридан сўнг туманимизда сув тақчиллиги кузатиларди «Ҳангаронсой» сел-сув омборининг қурилиб фойдаланишга топширилиши элимизни ғоят шодлантирмоқда. Чунки ушбу сув тўплаш иншооти илиқ кунларда тоғларимизда қорлар эриши ва баҳорги ёғинлар туфайли шаклланадиган «Ҳангаронсой» дарёси сувининг асосий қисми беҳуда оқиб кетмаслигига ҳамда йиғиб қолишга хизмат қилади. Бойсунда шундай сув хўжалиги иншооти йўқлиги боис ҳар йили камида 1,9–2 миллион метр куб ҳажмдаги сув йўқотиларди. Вақт ўтган сайин ушбу сув тўплаш иншоотида тоғларимиздан тушадиган сув йиғилиб, ҳажми 6,1 миллион метр кубга етса, нафақат ҳозирда суғорилаётган 450 гектар майдоннинг сув таъминотида муаммо бўлмайди, шу билан бирга неча йилдан бери сувсизликдан бўш ётган майдонларга зироат ўстириб, аҳолини иш ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъмилаш имконияти пайдо бўлади.

Айтиш керакки, воҳа ирригаторлари ва қурувчиларининг изланишлари давом этмоқда. Уларнинг саъй-ҳаракати туфайли воҳада иккинчи, яъни Сариосиё туманида «Обизаранг» сел-сув омборини қуриш юзасидан лойиҳа ишлари олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа тўлиқ якунига етказилса, Сариосиё тумани ҳудудидаги ўнлаб кичик тоғ қишлоқларида ёғадиган қор ва ёмғир сувларини бир жойга йиғиб, Сариосиё, Узун, Денов туманларининг минглаб гектар ерларини кафолати сув билан таъмилаш имкони туғилади.

Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/28198

Oxirgi yangilash: 05 Декабрь 2024