«БОБОТОҒ» МАГИСТРАЛ КАНАЛИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНМОҚДА

«БОБОТОҒ» МАГИСТРАЛ КАНАЛИ РЕКОНСТРУКЦИЯ ҚИЛИНМОҚДА

Жарқўрғон ва Қумқўрғон туманларидаги 18,6 минг гектар экин майдонларини обиҳаёт билан таъминлашга хизмат қилиб келаётган «Боботоғ» магистрал канали 1976 йилда фойдаланишга топширилган. Қарийб ярим асрдан бери сув оқиб турган ушбу йирик суғориш тармоғи бугунги кунда анча таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Яъни сув ўтказиш сиғими секундига 30 метр кубдан секундига 23,4 метр кубга тушган. Бу эса ҳар икки тумандаги суғориладиган ерларда сувдан самарали фойдаланиш имкониятини қисман бўлсада чеклаб келаётганлиги туфайли 2,55 минг гектар экинзорлар фойдаланишдан чиқиб кетган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 27 сентябрдаги тегишли қарорига асосан «Боботоғ» магистрал каналини реконструкция қилиш ишлари жадаллик билан олиб борилаётир. Лойиҳа доирасида умумий узунлиги 43,1 километр бўлган «Боботоғ» магистрал каналининг 25,15 километр қисми бетонлаштирилади.
Айни пайтда бош пудратчи – Хитойнинг «China Geo-Engineering Corporation» компанияси мутахассислари реконструкция ишларига 12 дона экскаватор, 4 дона бульдозер, 2 дона юклагич кран, 8 дона автосамосвал, 6 дона бетон ташувчи махсус автомашина (автомиксер) каби машина-механизмлар ҳамда 80 нафар ишчи-мутахассисларни жалб қилган. Бундан ташқари, «Ангор бунёдкори», «Билолиддин Файз Хумо», «Диёр замин» каби ёрдамчи пудрат ташкилотлари бунёдкорлари ҳам реконструкция ишларида фаол иштирок этмоқда.
– Лойиҳа доирасида «Боботоғ» магистрал каналининг 25,15 километр қисмини бетонлаштириш ва сув ўтказиш қувватини секундига 23,4 метр кубдан секундига 30 метр кубга етказиш баробарида каналдаги 186 та гидротехник иншоотлар қайта тикланади, Қумқўрғон тумани ҳудудида жойлашган МК-1-1 канали модернизация қилинади, – дейди лойиҳани амалга ошириш гуруҳи ҳудудий бош муҳандиси Ўктам Пардаев. – Бундан ташқари, 54 та SCADA рақамли тизимни жорий этиш ва бошқарув тизимини автоматлаштириш, 500 гектар экин майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини ўрнатиш, 2 минг гектар заминни чуқур юмшатгичлар орқали шудгорлаш ҳамда лазерли текислаш, 50 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқларини тизимли тозалаш-тиклаш юмушларини бажариш кўзда тутилган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу лойиҳа тўлиқ амалга оширилгандан сўнг «Боботоғ» магистрал каналининг техник ҳолати яхшиланиб, йирик суғориш тармоғининг фойдали иш коэффициенти 0,78 дан 0,88 фоизга ошади. Канални автоматлаштирилган ҳолда бошқариш ҳисобига сувнинг ҳисобини юритиш бўйича шаффоф тизим жорий қилинади. Шунингдек, томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган ҳамда чуқур юмшатгичлар ёрдамида ҳайдалган ва лазер ускуналар билан текисланган далаларда сувдан тежамли фойдаланиш имконияти юзага келади. Энг муҳими, Қумқўрғон ва Жарқўрғон туманларидаги ушбу каналдан обиҳаёт билан таъминланадиган 18,6 минг гектар заминнинг сув таъминоти изга тушиб, оборотдан чиқиб кетган 2,55 минг гектар ерларда қишлоқ хўжалик экинлари етиштиришга шароит яратилади.

Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/20902

Oxirgi yangilash: 14 Сентябрь 2024