СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ СЕНАТДА ҲИСОБОТ БЕРДИ

СУВ ХЎЖАЛИГИ ВАЗИРИ СЕНАТДА ҲИСОБОТ БЕРДИ

2024 йил 16 август куни Олий Мажлис Сенатининг эллик бешинчи ялпи мажлиси ўтказилди. Унда Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, соҳани бошқариш механизмлари ҳамда қонунчилик базасини такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар ижроси юзасидан ахборот берди.

Кейинги йилларда Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан сув хўжалиги соҳасида туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилда Президентимиз сув хўжалиги учун иккита муҳим ҳужжатни имзоладилар.

Биринчиси – 5 январь куни қабул қилинган “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ–5-сон қарор билан 155 та туман ирригация бўлимлари ҳамда 161 та сув хўжалиги махсус хизматлари тугатилиб, уларнинг негизида 159 та “Сув етказиб бериш хизмати” давлат муассасалари ташкил қилинди.

Қуйи бўғин ходимларнинг маоши икки бараварга оширилди, ҳар бир муассасага зарур моддий шароитлар яратиб берилди, шу жумладан, 150 млрд сўм маблағ ҳисобига 102 та экскаватор харид қилинди.

Бу омиллар, шубҳасиз, ўз самарасини бериб келмоқда. Мисол учун, жорий йилнинг 7 ойи мобайнида далаларгача етказиб берилган қарийб 14 млрд куб метр сув тўғрисидаги маълумотлар солиқ органларига тақдим этилди. Таққослайдиган бўлсак, шу пайтгача бу кўрсаткич 8 млрд куб метрдан ошмаган.

Шу билан бирга, қуйи бўғинга профессионал, етук ёш кадрларни жалб қилиш имкони пайдо бўлди.

Иккинчиси – 7 майдаги “Сув хўжалигида замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш ва ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш тўғрисида”ги ПФ–74-сон Фармон билан сув хўжалиги бошқаруви ўрта ва юқори бўғинларга ажратилди. Бу борада:

ўрта бўғин – сув объектларини эксплуатация қилиш, қуриш ҳамда соҳага бозор механизмларини олиб киришга;

юқори бўғин эса – давлат сув сиёсатини юритиш борасида регулятор функцияларини амалга оширишга масъул этиб белгиланди.

Шу ўринда ўрта ва юқори бўғин ходимларининг ҳам маоши босқичма-босқич 60 фоизгача оширилиши белгиланди.

Вазирнинг ахборотида келтирилишича, жорий йилнинг ўтган даврида жами 4,4 млрд куб метр сув ресурслари иқтисод қилинди, шундан, 1,4 млрд куб метр қисми 296 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, 1,5 млрд куб метри сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ҳамда қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш, 1,5 млрд куб метри эса суғориш тармоқларини таъмирлаш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш ҳисобига тежалди.

Мазкур тадбирлар сув объектларининг табиий ҳолатини ва экологик мувозанатни сақлашга ёрдам бермоқда.

Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича жами 912 млрд сўм маблағлар ўзлаштирилиши ҳисобига ирригация йўналишида 496 км канал, 32 км лоток тармоқлари, 14 дона гидротехник иншоот, 28 та суғориш қудуғи, 2 км босимли қувурлар қуриш ва реконструкция қилиш ҳамда 5 км қирғоқ ҳимоя ишлари, мелиорация йўналишида 195,3 км очиқ коллектор тармоқлари, 67,6 км ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари, 21 дона гидротехник иншоот, 58 дона тик дренаж қудуғи, 345 дона кузатув қудуқларини қуриш ва реконструкция қилиш ишлари бажарилди.

11 446 та (62%) сув хўжалиги объектида “Ақлли сув”,
6 953 та (111,2%) “Дайвер”, 1709 та (101%) насос “онлайн” назорат қилиш қурилмаси ўрнатилиб, 67 та (111%) йирик сув хўжалиги объектлари автоматлаштирилди. Давлат-хусусий шериклик тамойили асосида 500 та сув хўжалиги объектларини (268 та насос станция ва 232 та тик қудуқ) бошқарувга оладиган хусусий шериклар аниқланилиб, лойиҳага тегишли хулоса олиш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлигига тақдим қилинган.

Хорижий инвестициялар ҳисобидан амалга оширилаётган 8 та лойиҳа доирасида 170 млн АҚШ доллари миқдоридаги хорижий кредит ва грант маблағлари (режага нисбатан 100%) ўзлаштирилди. Ушбу маблағлар ҳисобига 184,1 км узунликдаги каналлар реконструкция қилинди, шундан 154,1 км каналлар бетонлаштирилди, 211 дона гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 60 та насос станцияси модернизация қилинди, 139 та насос агрегати янгисига алмаштирилди.

Жорий йилда насос станциялар ва тик қудуқларни ишлатишга ажратилган қарийб 4 млрд кВт/соат ажратилган лимитга нисбатан 180 млн кВт/соат электр энергияси тежалишга эришилди.

Қишлоқ хўжалигида сув сарфини қисқартириш, ирригация тизимларидаги носозликларни бартараф этиш, умумий сув йўқотишларини камайтириш, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, сувдан фойдаланиш маданиятини ошириш, жамоатчиликка “сув текин эмас” ғоясини сингдириш ишларига эътибор қаратиш лозимлиги қайд этилди.

Муҳокамадан сўнг ушбу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Ахборот хизмати

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/18992

Oxirgi yangilash: 07 Ноябрь 2024