СУВ КЕЛТИРГАН – ЭЛДА АЗИЗ
Бетонланган канал ва ариқларда сув равон оқмоқда. Жойлаштирилган экин турлари инобатга олинган ҳолда ҳудудларга лимит асосида сув етказиб берилаяпти. Бу йил сув танқис эмас. Беҳуда сарфламай, тежаб, ўринли ишлатилса, суғориш мавсуми қийинчиликларсиз ўтади. Деҳқону-миришкор кўзлаган ҳосилини олади.
Куни кеча тожикистонлик мироб Абдулатиф Султонов қўнғироқ қилиб, Катта Фарғона ва Шимолий Фарғона каналлари орқали келишилган сув миқдорлари етказиб берилаётганидан қўшни республиканинг ушбу каналларга боғланган ҳудудлари аҳолиси, биринчи навбатда, сувчилар миннатдор эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон сув хўжалиги ходимларига ўз ташаккурларини билдирди.
Суғориш тармоқларида сув йўқотишларини камайтириш мақсадида Президент ташаббуси билан 2024 йил сув хўжалигида “каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” деб эълон қилинди. Биринчи ярим йилликда 520 км каналлар реконструкция қилинди, шундан 357 км қисми бетонланди.
Маҳаллий ҳокимликлар ташаббуси билан кластер ва фермер хўжаликлари томонидан 13,5 минг км каналлар бетон қилинди.
2024 йил 17 июль куни Сув хўжалиги вазирлигининг ҳайъат йиғилишида биринчи ярим йиллик якунлари, белгиланган прогноз кўрсаткичлар ва топшириқлар ижроси, раҳбар ва мутахассисларнинг шахсий масъулиятини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишни Сув хўжалиги вазири, ҳайъат раиси Ш.Хамраев олиб борди.
Унда вазир ўринбосарлари, ҳайъат аъзолари, тизим ташкилотлари раҳбарлари, мутахассислар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Таъкидланди, ҳисобот даврида 17,7 млрд м3 сув етказиб берилди, сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш ҳамда агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 4,4 млрд м3 сув иқтисод қилинди.
Жами 296 минг гектар майдонда, шундан 77,4 минг гектарда томчилатиб, 34,0 минг гектарда ёмғирлатиб, 19,4 минг гектарда дискрет суғориш технологиялари жорий этилган, 232,7 минг гектар ерлар лазер ёрдамида текисланган.
Мамлакатда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган майдонлар 1,6 млн гектардан ошди.
2024 йил 1 июль ҳолатига, сув хўжалиги объектларида ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаси 12 266 тага, насос агрегатларида сув миқдорини онлайн мониторинг қилувчи ҳисоблагичлар сони 1 709 тага, мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлари сатҳини онлайн мониторинг қилувчи қурилмалар сони 6 953 тага етказилди. 68 та йирик сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилди.
Ҳайъат йиғилишида эришилган кўрсаткичлар эътироф этилган ҳолда бу ютуқлар ортида турганлар – энг қуйи бўғиндаги фидойи сувчилардан тортиб ўрта бўғин раҳбарларигача – барчага миннатдорлик билдирилди.
Йиғилишда биринчи ярим йиллик давомида йўл қўйилган камчиликлар, қолоқликлар муҳокама қилинди. Хусусан, қуйи бўғин ташкилотларини олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш, молиялаштирилган майдонларда сув тежовчи технологиялар қурилишини якунига етказиш, рақамлаштириш ва сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик асосида бошқарувга бериш, ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича маблағларни ўзлаштиришда режадан ортда қолаётган ҳудудлар раҳбарлари танқид қилинди.
Топшириқларнинг ижросини таъминлашга масъулиятсизлик билан ёндошганлиги учун 1 та ҳавза бошқармаси раҳбари, 2 та ҳавза бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосарлари эгаллаб турган лавозимидан озод этилганлиги айтиб ўтилди.
Сув келтирган – элда азиз. Шу сабабли, сувчилик савобли касбдир. Экин майдонлари, томорқаларга сув келтириш учун заҳмат чекаётган элнинг азиз инсонлари меҳнатини қадрлашга урғу берилди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 5 январдаги қарори ҳамда 7 майдаги Фармони билан сув хўжалиги ходимлари учун шароитлар янада яхшиланиб, соҳада ислоҳотлар янги босқичга кўтарилгани эътироф этилди.
Тизим ташкилотлари раҳбарларига суғориш мавсумини кўнгилдагидек ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Ахборот хизмати
манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/16605/