Сув ресурслари танқислиги муаммоси эътиборда
Жорий йилнинг 15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Ушбу саммит дунёда шиддатли геосиёсий жараёнлар кечаётган пайтда ўтказилаётганлиги ҳамда саммитда Туркия, Эрон, Озарбайжон давлатлари Президентлари, Арманистон Республикаси Бош вазири, БМТ, МДҲ, КХШТ, ЕОИК, Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Араб давлатлари лигаси каби халқаро ташкилотлар вакиллари ҳам иштирок этаётганлиги билан янада долзарб аҳамиятга эга.
ШҲТнинг Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилган ушбу олий даражадаги саммити юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик» мавзусидаги мақоласи эълон қилинди.
Мақолада давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев глобал даражада давлатлар ўртасидаги ўзаро ишонч чуқур таназзулга юз тутаётганлиги сабабли халқаро ҳамкорликнинг универсал принцип ва нормаларга асосланган тизими издан чиқиб бораётганини, геосиёсий қарама-қаршиликларнинг ва «блокларга мансублик» стереотипларининг қайта туғилиш хавфи юзага келаётганини, жаҳон иқтисодиёти аввалги тараққиёт йўлига қайтиши ва глобал таъминот занжирлари тикланиши жараёни мураккаблашаётганини, дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларни янада кескинлаштираётганини алоҳида таъкидлаган.
Бундан ташқари, замонимизнинг долзарб ва глобал муаммолари сифатида глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислиги ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши ҳам келтириб ўтилган.
Ҳақиқатдан ҳам, бугунги кунда дунёнинг аксарият минтақаларида сув ресурслари танқислиги муаммоси юзага келмоқда. Бунинг асосий сабаблари сифатида глобал исишни, сайёрамиздаги экотизимнинг бузилишини, давлатлар иқтисодиёти кўлами ва аҳолиси сони ўсиб бориши натижасида қўшимча сув ресурсларига талабнинг ортишини келтириш мумкин. Ҳозирда дунёнинг турли минтақаларида сув ресурслари танқислиги муаммоси давлатлараро муносабатларда кескинликнинг ортиб боришига, ҳатто ҳарбий куч ишлатишгача бориб етишига сабаб бўлмоқда.
Айтиб ўтиш жоизки, сўнгги йилларда сув ресурслари танқислиги муаммоси Марказий Осиё минтақасида ҳам яққол намоён бўлди. ХХ асрнинг 90 йилларида эса Марказий Осиё давлатлари мустақилликка эришганидан сўнг содир бўлган иқтисодий ва демографик ўсиш сув ресурсларига бўлган талабни кўп карра оширди. Мутахассисларнинг таҳлилларига кўра, охирги 40 йил ичида Марказий Осиёда сув таъминоти ҳажми йилига киши бошига 8,4 мингдан 2,5 минг кубметргача камайди, 2050 йилга бориб Марказий Осиё аҳолиси 90 миллион кишига ва сув танқислиги 25-30 фоизга кўпаяди, сув таъминоти ҳажми эса критик даражага – йилига 1,7 минг куб метрдан камроққа етади.
Марказий Осиё давлатлари мустақиллиги даврида сув ресурслари танқислиги муаммоси минтақадаги давлатлараро муносабатларда маълум бир кескинликни келтириб чиқарди, десак, адашмаган бўламиз. Лекин бугунги кунга келиб, Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё минтақаси асосий ўринни эгаллаши ва «яқин қўшничилик» тамойилининг кенг жорий этиб борилиши минтақадаги сиёсий муҳитнинг яхшиланиши ва соғломлашувига олиб келди.
Марказий Осиё давлатлари ўртасида сув ресурслари танқислиги муаммосини ечиш бўйича нисбатан самаралироқ ва барча давлатлар манфаатларини инобатга олувчи турли хил икки томонлама ҳамда кўп томонлама механизмлар йўлга қўйилди. Жорий йил 21 июлда Чўлпонота шаҳрида ўтган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи Маслаҳат учрашувида Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси остида Марказий Осиё учун «Яшил кун тартиби» минтақавий дастурининг қабул қилиниши шулар жумласидан.
Умуман олганда, Марказий Осиё минтақасида сув ресурслари танқислиги муаммосини консенсус ва ҳар бир давлатнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда ечишга қаратилган саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда, аммо ушбу саъй-ҳаракатлар тизимли тусга эга эмас ва асосан алоҳида муаммоларни ҳал этишга йўналтирилган. Бугунги кунда Марказий Осиё минтақасида сув ресурслари танқислиги муаммосини тизимли ва янада самаралироқ ҳал этиш мақсадида қуйидаги таклифлар билдирилади:
минтақадаги трансчегаравий сув ресурсларидан оқилона фойдаланишни тартибга солиш мақсадида ташкил этилган Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссия фаолияти ва низомини бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш;
давлатлар саноати, қишлоқ хўжалиги ва аҳолисининг кундалик ҳаётида сувдан оқилона фойдаланиш имкониятини берувчи замонавий технологияларни кенг жорий қилиш;
ШҲТ доирасида сув ресурслари танқислиги масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратиш.
Давлатимиз раҳбари мақоласида ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмаслиги, давлатлар ҳам минтақавий, ҳам глобал муаммоларни ҳал қилишда нафақат ўз миллий манфаатлари, балки бошқа давлатлар ва халқаро муносабатлар субъектлари манфаатларини ҳам инобатга олишлари кераклиги тилга олинган. Бу хусусида Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Бугун биз яшаётган, жараёнлар ўзаро чамбарчас боғланган дунёда хавфли муаммолар гирдобидан чиқишнинг яккаю ягона йўли – конструктив мулоқот ва ҳар бир тарафнинг манфаатларини ҳисобга олиш ва ҳурмат қилишга асосланган кўп томонлама ҳамкорликдир», дея таъкидлаган.
Мақолада юқорида санаб ўтилган глобал муаммолар халқаро ҳамжамият, шу жумладан, ШҲТга аъзо давлатлар олдида турган долзарб ва ечимини кутаётган масалалар эканлигига тўхталиб ўтилган. Бунда ШҲТ эндигина 20 йиллик тарихга эга нисбатан ёш ташкилот бўлишига қарамай, ўз мақсадлари ва вазифалари доирасида дунёдаги турли ривожланиш моделига, маданиятга, динга, қадриятларга ва иқтисодиётга эга бўлган давлатларни бирлаштира олганлиги ҳамда ўз фаолияти давомида уларнинг ўзаро ҳамкорлигини муваффақиятли йўлга қўйганлиги эътироф этилган.
Мухтасар айтганда, Президентимиз мақоласида ёритилган масалалар ва таклифлар чуқур таҳлилий асосга ва глобал даражадаги давлатлараро муносабатларнинг келажагини прогноз қилиш характерига эга эканлиги билан илмий ҳамжамият аъзолари, экспертлар ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари учун долзарб аҳамият касб этади.
Амирбек КEНЖАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги
Қонунчилик муаммолари ва парламент
тадқиқотлари институти бош илмий ходими
манба:www.uza.uz