22 МАРТ – БУТУНЖАҲОН СУВ КУНИ

22 МАРТ – БУТУНЖАҲОН СУВ КУНИ

Дунё аҳолиси сони ўсиб, саноат ривожланиб, глобал иқлим ўзгаришлари туфайли ёғинлар миқдори камайиб бораётган бугунги шароитда сувга бўлган талаб муттасил ортмоқда.

Оби ҳаётнинг ҳар томчисидан оқилона ва унумли фойдаланиш инсониятнинг энг муҳим кундалик вазифаларидан бирига айланган.

1992 йил 22 декабрда БМТ Бош ассамблеясининг ҳар йили 22 мартни Бутунжаҳон сув куни сифатида кенг нишонлаш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. 1993 йилдан дунё мамлакатларида нишонлаб келинаётган сув куни тадбирларининг аҳамияти шундаки, унда фаол иштирок этиш, ҳеч бўлмаганда шу куни ҳар қатраси қадрли бўлган табиатнинг бу бебаҳо неъматидан оқилона фойдаланиш ёки атрофидагиларнинг эътиборини айни масалага қаратиш жамиятни ҳар бир онгли аъзосининг бурчи саналади.

Ҳар йили ушбу муҳим санани сувни муҳофаза қилишга қаратилган турли шиорлар остида нишонлаш анъанага айланган. Жумладан, ўтган йилларда “Дунёда сув етарлими?”, “Сув ресурслари келажак учун”, “Умумий сув ресурслари – умумий имкониятлар”, “Табиат ва сув”, “Сув қадри” каби шиорлар илгари сурилди. Бу йил эса асосий эътибор ер ости сувларига қаратилмоқда.

Бугунги кунда дунёнинг аксарият қурғоқчил ҳудудларида ер ости сувларидан кенг фойдаланилади. Ер ости сувларини ўрганиш, муҳофаза қилиш ва барқарор фойдаланиш ўсиб бораётган дунё аҳолисининг эҳтиёжларини қондиришда муҳим ўрин тутади.

Океан ва йирик денгизлардан анча олисда – қурғоқчил минтақада жойлашган Ўзбекистон учун сувнинг аҳамияти бениҳоя катта. Республикамизда фойдаланиладиган сув русурсларининг 80 фоиздан ортиғи қўшни Қирғизистон ва Тожикистон республикалари ҳудудида жойлашган тоғлардаги қорлар ва музликлар ҳисобига шаклланади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Марказий Осиё давлатлари орасида энг кўп аҳоли истиқомат қиладиган Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши кўп жиҳатдан, бошқа минтақаларда бўлгани каби табиий ресурсларга, хусусан, сув ресурсларига боғлиқ. Қолаверса, мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқларининг, жумладан, аграр соҳанинг ривожланишини сув ресурсларисиз тасаввур қилиб бўлмайди.

Барчага маълум, минтақамизда сув ресурслари йилдан йилга камайиб, унга эҳтиёж эса ортиб бормоқда. Таҳлилларга кўра, 2022 йилда ҳам сув ресурслари ўртача кўп йилликка нисбатан 10 фоизга кам бўлиши кутилмоқда. 

Сув аҳолининг турмуш фаровонлигини таъминловчи неъмат бўлиб, вазирлик тизимида фаолият кўрсатаётган 33 мингдан зиёд ишчи-ходимлар аҳиллик билан меҳнат қилиб, оби ҳаётнинг ҳар томчисини қадрлаш, исроф қилмаслик, ундан унумли фойдаланиш учун ҳаракат қилмоқдалар.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида бу йил сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. м3 сувни тежаш кўзда тутилган.

Бунда сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш эвазига 3 млрд. м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирлари ҳисобидан 3,1 млрд м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш, экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 0,9 млрд. м3 сувни тежаш кўзда тутилган. Натижада суғориладиган майдонлар учун меъёрида сув етказиб берилади.

Олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим – сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади. Хабарингиз бор, Президентимизнинг 2022 йил 1 март куни қабул қилинган “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан бу борада янги тартиблар белгиланди. Қарорда 2022 йилда 478 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш, шу жумладан, 230 минг гектар томчилатиб, 28 минг гектар ёмғирлатиб, 2 минг гектар дискрет усулда суғориш ҳамда 218 минг гектар майдонни лазерли текислаш белгиланган. Бунинг натижасида йил якунига бориб республикамиз экин майдонларида сув тежовчи технологияларнинг жорий этилиши 27 фоизга етказилади.

Сув тежовчи технологиялар жорий этилган майдонлар кенгайиши ҳисобига ушбу технологияларни ишлаб чиқаришга талаб ҳам ортаяпти. 2019 йилда мамлакатимизда сув тежовчи технологиялар билан шуғулланадиган корхоналар бармоқ билан санарли бўлганлиги учун технологияларнинг 90 фоиз ускуналари ва бутловчи қисмлари хорижий давлатлардан келтирилган. Бугунги кунда сувни тежовчи технологияларнинг ускуналари ва бутловчи қисмларини маҳаллий шароитда ишлаб чиқарувчи корхоналар сони 43 тага етди.

Шу ўринда бир жиҳатга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Ҳозирга келиб Ўзбекистон сув тежовчи технологиялар, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғоришни жорий этиш бўйича дунёда 16-ўринга чиқди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида 1-ўринда турибди.

Президентимизнинг 2022 йил 22 январдаги ПҚ-98-сонли қарори асосида жорий йил ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида 329 та ирригация ва мелиорация объектларида 1,5 трлн. сўмлик қурилиш ва реконструкция ишлари амалга оширилади.

Жами 253 та лойиҳа якунланиб, 568,7 км канал, 125,9 км лоток тармоқлари, 71 та суғориш қудуғи, 200 млн. м3 сув омбори, 19,9 м3/сек. насос станциялари, 600 км очиқ, 276 км ёпиқ коллектор-дренаж тармоқлари, 101 та вертикал дренаж қудуғи, 62 та гидротехника иншооти фойдаланишга топширилади.

Бунинг натижасида 354 минг гектар майдонларнинг сув таъминоти ва 150 минг гектар майдонларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланади, шўрланган ер майдонлари 78,8 минг гектарга, шундан кучли ва ўрта шўрланган майдонлар 33 минг гектарга қисқаради.

Соҳадаги устувор йўналишлардан яна бири – сув хўжалигини рақамлаштиришдир. 2022 йилда сув хўжалиги объектларига 6 минг 610 та замонавий ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, 4 минг 540 та “Ақлли сув” ва 2 минг 50 та мелиоратив кузатув қудуғига сизот сувлари кўрсаткичлари ва ерларнинг минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилади ҳамда 20 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилади. Натижада 771,0 млн. м3 сув тежалишига эришилади.

Шунингдек, Қашқадарё вилоятидаги “Миришкор” ва “Қамаши” каналларида Австралия давлатининг “Rubicon water” компанияси технологиялари асосида масофадан бошқариш тизими яратилади.

Жорий йилда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан 52 та давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган. Мазкур лойиҳалар доирасида хусусий шериклар томонидан инвестиция киритилиши ва бунинг натижасида бюджет маблағларининг иқтисод қилиниши кўзда тутилган. Ҳозирги кунда 4 та лойиҳанинг дастлабки ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли хулосалар олиш учун Молия вазирлигига тақдим этилган. Шу билан бирга, 27 та лойиҳа бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда, 21 та лойиҳа юзасидан хусусий шериклар билан музокаралар давом этаяпти.

Шунингдек, энергияни тежаш бўйича тадбирлар ҳисобига 2022 йилда 7 млрд. 150 млн. кВт. соат электр энергияси сарфланади ва 2021 йилга нисбатан 131 млн. кВт. соат электр энергияси тежалади.

Айни кунларда барча ҳудудларда туманлар кесимида кластер ташкилотлари ва фермер хўжаликлари вакиллари учун кўргазмали амалий семинарлар ўтказилиб, сувни тежовчи суғориш технологияларини жорий қилган сув истеъмолчиларини рағбатлантириш механизмлари намунали фермерлар тажрибаси мисолида кўрсатиб берилаяпти. Мазкур тадбирларда сувни зовурга ташлаш хиёнат эканлиги, сув олиш тартибини бузганлик учун чора кўрилиши сув истеъмолчиларига тушунтирилаяпти.

Шу билан бирга, сув хўжалиги ходимлари учун вазирликнинг Ахборот-таҳлил ва ресурс маркази мутахассислари ҳамда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг профессор-ўқитувчилари томонидан сув тежовчи технологияларни амалиётга жорий этиш масалаларига бағишланган сайёр ўқув курслари ҳам ўтказилмоқда.

Мухтасар қилиб айтганда, мамлакатимизда томчиси тиллога тенг тириклик манбаи – сувдан оқилона фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар келгуси авлодларимизнинг ҳам шу муқаддас заминда фаровон ва бахтли ҳаёт кечиришини таъминлашга қаратилган.

Олим Норбеков

манба:www.water.gov.uz

Oxirgi yangilash: 07 Ноябрь 2024