Пресс-тур: сув тақчиллигининг олдини олишда қандай чоралар кўрилмоқда
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциянинг Сирдарё вилоят бошқармаси томонидан оммавий ахборот воситалари ходимлари учун сувдан фойдаланиш ва сув объектларини тозалаш ишлари мавзусида пресс-тур ташкил этилди.
Унда “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси сув ресурслари устидан назорат қилиш бўлими ходимлари давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 25 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг ижроси, сув тақсимотини рақамлаштириш, сувдан фойдаланишда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини кенг жорий этиш масалалари бўйича маълумот берди.
– Вилоятнинг сувга йиллик эҳтиёжи 1997,0 миллион метр куб секундни ташкил этади, – дейди “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси катта инспектори Мамарасул Дўстмуродов, – Сирдарё дарёси, Дўстлик канали ва Жанубий Мирзачўл канали орқали, ҳар йили 1600,0 миллион метр куб секунд атрофида сув чиқарилади. Афсуски, бугунги глобал иқлим ўзгаришлари туфайли сув сарфи ошган. Аммо сув манбасининг етарли эмаслиги сабаб муаммолар юзага келаётир. Бунинг олдини олиш мақсадида вилоят ирригаторлари аниқ режа тадбир асосида етишмаётган 397 миллион метр куб секунд сув ўрнини тўлдириш учун тежамкор технологиялардан ва тик қудуқлардан фойдаланиш, уни қишлоқ хўжалиги соҳасида тарғиб этиш устида изчил изланишлар олиб бораяпти.
Мазкур каналларнинг умумий узунлиги 117 километрни ташкил этиб, шундан 68,5 километри Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан, қолган қисми эса қўшни республика ҳудудидан ўтган. Шундан, Гулистон шаҳар ҳудудидан ўтган 4,405 километрида бетонлаштириш, қолган тупроқ ўзанли қисмида таъмирлаш ишлари бажарилган. Каналларда ўрнатилган 45 дона гидротехник, сув тўсувчи иншоотлар секундига 230 метр куб сув ўтказа олади. Биргина Дўстлик канали орқали ўтказилаётган сув манбаси тасдиқланган жадвал асосида вилоятнинг Боёвут, Мирзаобод, Гулистон, Сайхунобод ва Сирдарё туманлари, ундан кейин Қозоғистон Республикасига етказиб берилади.
– Вилоятдаги Қуйи Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасига қарашли, Дўстлик каналидаги иншоотлар 110 йил аввал ишга туширилган бўлиб, шу вақтга қадар қўл бошқаруви ва тахминий ўлчовлар асосида ишлатилар эди, – дейди Гулистон Сув иншоотлари ва Дўстлик канал бошқармаси бошлиғи ўринбосари Азамат Жўрабаев. – 2020-2021 йилларда, бу тизимда ҳам кенг қамровли қуриш ва таъмирлаш ишлари ташкил этилди. Натижада сув тақсимоти билан боғлиқ ишлар тўлиқ автоматлаштирилди. Сув сатҳини ўлчаш, таҳлил қилиб борувчи қурилмалар ўрнатилиб, сув дарвозалари автоматлаштирилгач, Марказий ўнг тармоқ канали орқали Мирзаобод, Гулистон, Сайхунобод, ва Сирдарё туманларидаги йирик саноат корхоналарига юқори аниқликда сув етказиб бериш имконини берди. Бунда бизга, компьютерлаштирилган “Ақлли сув” дастури қўл келди. Айни вақтда “Ўзагроинспекция”нинг Сирдарё вилоят бошқармаси ходимлари “Сирдарё Мелиоратив Экспедицияси” ташкилоти билан ҳамкорликда, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини назорат қилиш, ер ости сизот сувлари сатҳини кузатиб бориш ва минерализациясини аниқлаш, тупроқ шўрланиш даражасини аниқлаш, мавжуд коллектор-дренаж тармоқларини техник ҳолатини кузатиш, сув туз балансини назорат қилиш мақсадида қатор дастурларни ҳаётга татбиқ этяпти. Бу эса, мавжуд, экин экилиши кўзда тутилган ва суғориладиган ер майдонларининг шўрланиш даражасини камайтириш, кучсиз шўрланган ер майдонларидан унумли фойдаланиш, ўртача шўрланган ер майдонларидан юқори ҳосил олиш имконини беряпти.
Биргина ўтган йили вилоятдаги фермер хўжаликларининг 5637 гектар ер майдонига сув тежовчи технологиялар ўрнатилиши натижасида 14,1 миллион метр куб секунд сув иқтисод қилишга эришилди. Бу яхши натижа. Бу ишлар жорий йилда ҳам давом эттирилади. Натижада 26 минг гектар ер майдонига томчилаб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари ўрнатилиб, 65 миллион метр куб секунд сув иқтисод қилиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Ўтказилган пресс-тур жараёнида соҳа ходимлари бу каби чора-тадбирлар тўғрисида, сув ва сув тежовчи технологиялар, уни экин экиладиган ер майдонларига жорий этиш ва ўрнатиш, сув исрофгарчилигининг олдини олиш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш борасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Шуҳрат Суяров, Фурқат Тошматов (сурат), ЎзА
манба:www.uza.uz