Тараққиёт стратегияси: Cув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига 7 миллиард метр куб сув иқтисод қилинади

Тараққиёт стратегияси: Cув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига 7 миллиард метр куб сув иқтисод қилинади

Мамлакатимиз аҳолисининг деярли 60 фоизи қишлоқда яшайди.

Улардан аксариятининг тирикчилиги, даромади, умуман, республика аҳолисининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи бевосита қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ. Қишлоқ хўжалигини эса сувсиз тасаввур этиш қийин. 

Дунё бўйича ҳароратнинг исиши, иқлим ўзгариши ва бошқа омиллар таъсирида бизнинг минтақамизда ҳам сув ресурсларининг йилдан йилга тақчиллиги сезила бошлади. Шу туфайли сув ресурсларини самарали бошқариш, ундан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланиш долзарб масалага айланган. 

Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасида сўнгги йилларда Қозоғистон, Тожикистон ва Туркманистон билан сув хўжалиги масалалари бўйича ишчи гуруҳлар тузилгани трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш билан боғлиқ кўплаб масалаларни самарали ҳал этиш имконини бермоқда. Натижада барча қўшни давлатлар билан сувдан фойдаланиш соҳасидаги икки томонлама шартнома ва келишувлар янгиланмоқда. 

Минтақа давлатларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари эвазига сув танқис йилларда ҳам оби ҳаётдан белгиланган лимит асосида адолатли фойдаланиш чоралари кўрилмоқда. Мисол учун, 2021 йилнинг баҳорида ёғингарчиликнинг кам бўлгани, ёз чилласининг ўта иссиқ келиши, сув ресурслари ҳар йилгидан 25-30 фоизга танқис бўлишига қарамасдан сувчиларимизнинг машаққатли меҳнатлари эвазига истеъмолчиларга йил давомида 44 миллиард.м3, суғориш мавсумида 32,6 миллиард.м3 сув етказиб берилди. 

Сув танқислигини юмшатиш мақсадида тик қудуқларга  100 дона насос ҳамда коллектор тармоқларига 1 минг 172 дона дизель насоси ўрнатилиб, ер остидан 395 миллион. м³ ва зовурлардан 784 миллион. м³ сув олинди. Бунинг натижасида сув таъминоти оғир бўлган 352 минг гектар майдонга керакли миқдорда сув етказиб берилди. 

Йил давомида сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация-мелиорация ишлари, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 10 миллиард м3, шу жумладан суғориш мавсумида 8 миллиард м3 сув иқтисод қилинди. 

Бу борадаги ишлар кейинги йилларда ҳам изчил давом эттирилади. Хусусан,  давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 28 январдаги фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш ва сувни иқтисод қилиш бўйича алоҳида вазифалар белгиланган. Бунда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 миллиард.м3сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган. 

Олдинги йилларда бошланган ва ўз самарасини берган тизим – сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича саъй-ҳаракатлар изчил давом эттирилади. 2022 йилда 260 минг гектарда сувни тежайдиган технологияларни, шу жумладан, 230 минг гектарда томчилатиб, 28 минг гектарда ёмғирлатиб, 2 минг гектарда дискрет суғориш тизимини жорий қилиш ҳамда 218 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларини лазерли ускуна орқали текислаш белгиланган.  

Ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш ҳисобига 308 минг гектар ер майдонининг сув таъминоти ва 171 минг гектар ер майдонининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, 6610 та сув хўжалиги объектида замонавий рақамли технологияларни ўрнатиш кўзда тутилган.  

Сувни тежовчи технологияларни жорий қилиш ва ерларни лазер текислаш эвазига 3 миллиард.м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирлари ҳисобидан 3,1 миллиард.м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш, экинларни жойлаштиришда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва шолини интенсив усулда экиш ҳамда қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш натижасида 0,9 миллиард.м3 сувни иқтисод қилишга эришилади. Ғалладан бўшаган майдонларда такрорий экинларни суғориш учун ҳам сув етказиб берилиши таъминланади. 

Бугунги кунда ушбу кўрсаткичларга эришиш мақсадида ҳар бир йўналиш юзасидан амалга ошириш механизмлари белгилаб олинган. Ҳозирга келиб Ўзбекистон сув тежовчи технологиялар, жумладан, томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологияларини жорий этиш бўйича дунёда 16-ўринга чиқди. Марказий Осиё мамлакатлари орасида 1-ўринда турибди. Амалга оширилган ишлар кўп, аммо бу соҳадаги мавжуд муаммолар батамом ҳал этилди дегани эмас. 

Қўшни давлатлардаги соҳа ходимлари билан ҳамкорлик ҳам алоҳида эътиборимизда. Хусусан, Қирғизистон Республикасининг жанубидаги Жалолобод вилоятининг Сузоқ ва Бозорқўрғон туманлари далалари “Андижон” сув омборидан олинадиган сув билан суғорилади. Тешиктош гидроузелидан бошланадиган Пахтаобод каналининг 6,2 километр қисми Бозорқўрғон тумани ҳудудидан ўтган. Кузги-қиш мавсумдаги ишлар доирасида қирғизистонлик сувчилар ва деҳқонлар Пахтаобод каналининг ўзларига тегишли ҳудудини лойқадан тозалашди.Сув тақсимлаш нуқталар  таъмирланди. 

Аму-Бухоро машина канали ва Қарши магистрал каналига Амударёдан сув олиш, қўшни давлат ҳудудида жойлашган сув хўжалиги иншоотларини эксплуатация қилиш масаласида Туркманистон давлати сувчилари билан биргаликда ишлар олиб борилмоқда.  

Президентимиз ўтган йили сентябрь ойида Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи доирасида Бўзатов туманида бўлиб, туманда сув таъминотини яхшилаш мақсадида “Амударё” дарёсининг ПК-900 қисмида секундига 3 метр куб сув чиқариш қувватига эга насос агрегатларини ўрнатиш бўйича топшириқ берган эди.   

Шу кунларда ушбу насос агрегатлари ўрнатилди. Мазкур насос агрегатлари ишга туширилиши натижасида Бўзатов тумани ҳудудидаги “Эркиндарё” хўжаликлараро канали бўйида жойлашган 1,5 минг хонадоннинг 210 гектар томорқа майдонлари, 50 дан ортиқ қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 2,8 минг гектар экин майдонлари, 3,5 минг гектар яйлов майдонларини суғориш ҳамда “Бўзатов” аҳоли пункти, “Қусхонатов” ҳудудидаги аҳолини ичимлик суви билан, ҳудуддаги чорва молларини сув билан таъминлашдаги муаммолар бартараф этилади. 

Давлатимиз томонидан сувни тежовчи технологияларни жорий этганларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизми йўлга қўйилган. Мазкур тадбирларни амалга ошириш учун 2022 йилда Давлат бюджетидан 1 триллион 182,4 миллиард сўм, шундан пахта хом ашёси етиштиришда томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш учун 935 миллиард сўм субсидия маблағлари ажратилиши режалаштирилган. 

Ҳар йили суғориш мавсумида насос станциялари, каналлар, гидроузел ва бошқа сув иншоотлари тўлиқ қувват билан ишлаши таъминланган. Суғориш мавсуми якунланганидан сўнг сувчилар барча иншоотларни таъмирлаш, тиклашга киришади.  

Бу йил ҳам кузги-қишки мавсумда насос агрегатларини таъмирлаш, насос станцияларига электр энергияси ва сувнинг ҳисобини юритувчи қурилмаларни ўрнатиш, ирригация-мелиорация иншоотларини тозалаш, реконструкция қилиш, уларнинг бўйидаги рошларни текислаб, ерга ер қўшиш, экин майдонларини лазерли текислаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.   


Шавкат  Ҳамроев, 
Ўзбекистон Республикаси  
сув хўжалиги вазири 

ЎзА

манба:www.uza.uz

Oxirgi yangilash: 02 Декабрь 2024