ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИДА СУВ ХЎЖАЛИГИГА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР

ТАРАҚҚИЁТ СТРАТЕГИЯСИДА СУВ ХЎЖАЛИГИГА БЕЛГИЛАНГАН ВАЗИФАЛАР

Иқлим ўзгариши глобал муаммога айланган ҳозирги даврда, айниқса, сув ресурсларидан тежамкорлик билан самарали фойдаланиш кун тартибига чиқди. Ўзбекистон эҳтиёжи учун зарур сув захираларининг асосий қисми қўшни давлатлар ҳудудида шаклланади. Шу боис сўнгги йилларда Марказий Осиё давлатларида, хусусан, Ўзбекистонда сув кам бўлган йиллар тез-тез такрорланмоқда. Айниқса, бу йилги қиш мавсумида ҳам ёғингарчиликнинг кам бўлаётгани сув танқислигига олиб келади. Давлатимиз ва ҳукуматимиз томонидан сув танқислигини юмшатиш, сув ресусрларидан самарали фойдаланиш ва соҳани такомиллаштириш бўйича зарур чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бунга Президентимизнинг 2022 йил 28 январдаги тегишли Фармони билан тасдиқланган “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси” ва уни “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ёрқин мисолдир.

Тараққиёт стратегиясида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш ҳисобига камида 7 млрд. куб метр сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган.  Бунинг учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва ирригация-мелиорация тадбирларини амалга ошириш ҳисобига сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича дастур ишлаб чиқилади.

2022 йилда сув тежовчи технологияларни 260 минг гектарда жорий этиш ҳисобига 534 млн. куб метр сувни иқтисод қилишга эришилади.

Сувни тежашда ирригация тармоқларининг ҳолати, яъни созлиги муҳим ўрин эгаллайди. Сўнгги йилларда ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилаётгани эътиборга молик. Жорий йилда 427,1 км канал, 131,9 км лоток, 13,2 км қувур ва 886,0 км коллектор-дренаж тармоқлари қурилади ва реконструкция қилинади. Бунинг  ҳисобига 335,1 минг гектарнинг сув таъминоти ва 125,4 минг гектарнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилиб, 543 млн. куб метр сув иқтисод қилинади. 6610 та объектга рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобига 155 млн. куб метр сув иқтисод қилинишининг ўзи ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Сув хўжалиги объектларида электр энергияси истеъмолини камайтириш асосий вазифа сифатида қўйилди. Бу бежиз эмас. Чунки барча соҳалар қаторида сув хўжалигида тежамкор технологияларни жорий этишга катта эътибор қаратиляпти. Ортиқча ва беҳуда ҳаражатлар иқтисодий ҳолатга салбий таъсир этиши барчага маълум. Шундай келиб чиқиб, Инвестиция лойиҳалари доирасида 27 та насос станциясини модернизация, 263 км канал ва 787 та гидротехник иншоотларини реконструкция қилиш режалаштирилди. Тизимдаги насос станцияларида хизмат муддатини ўтаб бўлган 181 та насос ва 354 та электро двигател алмаштирилади.

Сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш борасидаги ишлар янги босқичга чиқмоқда. Хусусан, давлат-хусусий шериклик шартларида насос станциялари ҳамда ирригация-мелиорация объектларини хусусий шериклар бошқарувига бериш бўйича 52 та лойиҳани амалга оширилади. Бунда мақсад сарфланаётган электр энергияси ва эксплуатация харажатларини 10–15 фоизга камайтиришдир. Шу билан биргаликда, бугунги кунда сув тежовчи технологияларни жорий этиш  бўйича вилоятларда кўплаб лойиҳалар амалга ошириляпти. Уни тадбиқ этган фермерлар, кластерларга сусбсидиялар бериляпти. Асосийси, бунинг эвазига ҳосилдорлик ҳам ортмоқда.

Республикамизда янги ва фойдаланишдан чиққан ер майдонларини ўзлаштириш орқали қўшимча қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш хажмини кўпайтириш бўйича саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Шу мақсадда 2022 йилда республика ва маҳаллий бюджет ҳамда ташаббускорларнинг маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган ирригация ва мелиорация тадбирлари  натижасида 129 минг гектар янги ва фойдаланишдан чиққан ер майдонларини ўзлаштирилади ва қўшимча 1,5 млн. тонна қўшимча қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришга эришилади.

2022 йил мамлакатимизда “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” сифатида номлангани бежиз эмас. Айнан инсон қадрини улуғлаш тамойили бугунги кунда сув хўжалиги соҳасида амалга оширилаётган ҳаётбахш ислоҳотлар жараёнида ҳам яққол намоён бўлмоқда. Эндиликда сувчилар мукаммал жиҳозланган хизмат биноларида ишлаб, аниқлик ва тежамкорлик имконини берувчи илғор асбоб-ускуналардан фойдаланмоқдалар. Сувчиларнинг ярим тунда қўлида жинчироқ кўтариб, пайкалларга бир меъёрда сув чиқара олмай қийналиб юришига ҳожат қолмади. Бу жараёнлар босқичма-босқич замонавий технологиялар ёрдамида ишлашга ўтказилмоқда.

 

Саидмурод Аминжонов,

Сув хўжалигини ривожлантириш ва стратегик таҳлил бошқармаси бошлиғи

манба:www.water.gov.uz

Oxirgi yangilash: 07 Ноябрь 2024