Пcкем ГЭСининг 1-тўсиқ дарвозаси ёпилди

Пcкем ГЭСининг 1-тўсиқ дарвозаси ёпилди

Миллий иқтисодиётимизнинг асосий қувват манбаи ҳисобланган энергетика соҳаси, хусусан, гидроэнергетика тармоғи ҳам юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар кесимида тобора тараққий этиб бормоқда.

Таъкидлаш жоизки, “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қайта тикланувчи электр энергиясини ишлаб чиқариш, ушбу жараёнга истиқболли ва самарали лойиҳалар асосида хорижий инвестиция маблағларини жалб қилиш ҳамда режали тартибда ўзлаштириш, янги гидроэнергетик объектларни эксплуатацияга топшириш, узоқ йиллар мобайнида ишлаб келаётган ГЭСларни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришдаги маҳаллийлаштириш жараёнларини кенгайтириш борасидаги ишлар қизғин равишда амалга оширилмоқда.

Бугун, 25 ноябрь куни “Ўзбекгидроэнерго” АЖ томонидан қурилаётган “Пскем ГЭС”ининг 1-тўсиқ дарвозасини ёпилиши муносабати билан хорижий ҳамкор ташкилотлар вакиллари, Жамият бошқаруви, ижро аппарати раҳбарияти, соҳа мутахассислари, қурилиш ва пудрат ташкилотлари масъуллари, шунингдек, бир гуруҳ босма ва электрон ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида тадбир ташкил этилди. Тадбир доирасида иштирокчилар Пскем ГЭСда олиб борилаётган қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишдилар, гидроэнергетика соҳасининг тажрибали мутахассисларидан ГЭСнинг техник ва иқтисодий хусусиятлари, электр энергия ишлаб чиқариш қувватлари борасида интервьюлар олинди, қизғин мулоқот уюштирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 майдаги “2017-2021 йилларда гидроэнергетикани янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги ПҚ-2947-сон Қарорига асосан узунлиги 73 км бўлган Пскем дарёсида умумий қуввати 1 320 МВт ва йиллик ўртача ишлаб чиқариши 3 140 млн кВт соат бўлган 5 та йирик ГЭС қуриш кўзда тутилган.

Шулардан бири Пскем ГЭС ҳисобланади. Пскем ГЭС йирик объектлардан бири бўлиб, Тошкентдан шимоли-шарқда 120 км масофада, Чорвоқ сув омборидан 45 км тепада жойлашган. Пскем ГЭСнинг электр энергия имконияти 400 МВтни ташкил этади. Катталиги бўйича Пскем ГЭС Чорвоқ ГЭСдан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди. Пскем ГЭС йилига 950 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқаради ва электр энергия етказиб берувчи энг керакли манба ҳисобланади. Пскем дарёси гидро салоҳиятидан фойдаланиш мақсадида техник иқтисодий асоснома дастлаб 1987 йилда ишлаб чиқилган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 октябрдаги 147-сон ва 2018 йил 22 ноябрдаги 46-сон йиғилиш баённомаларига асосан лойиҳа қидирув-тадқиқот ва дастлабки қурилиш-монтаж ишлари бошланди. Мазкур лойиҳа қидирув-тадқиқот ишлари “Гидропроект” АЖ томонидан ишлаб чиқилган техник топшириққа асосан маҳаллий ва хорижий ташкилотлар томонидан олиб борилган.

Лойиҳанинг геологик асосномаси ва геологик қидирув материаллари Россиянинг “Ленгидропроект” АЖ ташкилоти томонидан қайта кўриб чиқилган. Шу билан бирга, “Б.Е. Веденеева номидаги ВНИИГ” АЖ Грунтларни статик тадқиқот лабораторияси томонидан лойиҳа доирасида олинган грунт намуналари уч ўқли сиқиш қурилмаларида (на приборах трёхосного сжатия) синовдан ўтказилди. Мазкур синов ишлари натижаларига кўра, “Ленгидропроект” АЖ ташкилоти Пскем ГЭСнинг асосий иншоотлари жойлашган ҳудудларнинг геологик шароити бўйича 2018 йил декабрь ойида хулоса тақдим этди.

Шу билан бирга, Москванинг “Институт Гидропроект” АЖ мутахассислари қўшимча геологик-тадқиқотларни услубий бошқариш ва янги олинган материалларни қайта ишлаш учун жалб қилинди. Шунингдек, Россия Федерациясининг “Ингеопроект” МЧЖ ташкилоти томонидан Пскем дарёси тубида бурғилаш ишлари олиб борилди.

Шуни айтиб ўтиш лозимки, “Пскем дарёсида Пскем ГЭСни қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида қабул қилинган техник ечимлар бўйича “Tractebel Engineering GmbH.” (Германия) халқаро инжиниринг компаниясининг хулосаси олинди.

Пскем сув омбори тўла ҳажмда 511,2 млн м3 сувни ташкил қилиб, ундан олинадиган самарали сув куби эса 468,9 млн м3ни ташкил қилади. Пскем дарёсида ушбу ГЭС қурилиши мамлакатимизда ёнилғи энергетик ресурсларининг самарали сақлаб қолинишини таъминлайди. ГЭС қуввати йилига 300 минг тонна шартли ёнилғи ўрнини босади. Бу билан 250 млн м3 табиий газни тежаб қолиш мумкин.

Шу боис, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни изчил амалга ошириш ва янги қувватларни фойдаланишга топшириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил

4 октябрдаги “Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пскем дарёсида Пскем ГЭСни қуриш” инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ 5253-сон Қарори лойиҳаси тасдиқланди.

Унга кўра, “Пскем ГЭС” қурилиши Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида кўзда тутилган. “Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Пскем дарёсида Пскем ГЭСни қуриш” инвестиция лойиҳаси доирасида, умумий қиймати 799,6 млн долларга тенг инвестиция ўзлаштирилиши режалаштирилган. Лойиҳада белгиланган ишлар ҳажми ва технологик мураккаблигидан келиб чиқиб, лойиҳа икки босқичда амалга оширилиши назарда тутилган.

Хусусан, биринчи босқич2018-2021 йиллар мобайнида 412 млн долларга тенг бўлган объектларни қуриш ишлари, жумладан, гидротехника иншоотлари, ерости сув ўтказувчи туннеллар, ГЭС биноси ва 260 км узунликка тенг электр энергиясини узатиш тармоқлари ҳамда инфратузилма объектларини қуриш ишлари бажарилди.

Инвестиция лойиҳаси бўйича 2018-2021 йиллар тайёргарлик ишлари доирасида 1-ярус сув қабул қилиш иншооти, узунлиги

1 288 метр бўлган қурилиш-эксплуатация даврида сув ўтказувчи

ерости туннели, мазкур туннелга қўшилган узунлиги 285 метр бўлган

1-2-агрегатларга сув олиб келувчи ерости туннели ва 2 та сув ўтказувчи затворларни бошқариш иншооти ҳамда якуний сув ташлаш иншооти қуриб битказилди. Мазкур иншоотлар учун металл маҳсулотлари “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тизимидаги “Сувсаноатмаш” АЖ томонидан тайёрланди. Шунингдек, гидромеханик ускуналар Россия Федерациясининг “Энергосила” МЧЖ томонидан етказиб берилди ҳамда бевосита металл маҳсулотлари ва ускуналарни ўрнатиш ишлари ташкилотнинг юқори малакали мутахассислари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Шунингдек, 2022-2026 йиллар давомида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида лойиҳани амалга ошириш даврида қиймати 1,06 млн долларга тенг 2 дона кичик босимда ишлайдиган вақтинчалик ишчи ғилдиракларни ўрнатиш ҳисобига жами 401,5 млн кВт.соат электр энергияси ишлаб чиқариш мўлжалланган.

Иккинчи босқич, яъни 2022–2026 йиллар мобайнида 387,6 млн долларга тенг бўлган тўғон қуриш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Мазкур тўғонни барпо этиш юзасидан Пскем ГЭСнинг 1-тўсиқ дарвозасини ёпиш ишлари олиб борилмоқда. Эндиликда Пскем дарёси суви Пскем ГЭСнинг 1-тўсиқ дарвозаси орқали оқиб ўтади.

Лойиҳа тўлиқ 2026 йилда фойдаланишга топширилади ҳамда йилига ўртача 946,1 млн кВт.соат электр энергиясини ишлаб чиқариш бўйича қувватлар яратилади.

Айтиш жоизки, инвестициявий лойиҳалар асосида қуриладиган, эксплуатацияга топшириладиган ГЭСлар электр энергия ишлаб чиқариш қувватларининг ортишига, бу орқали жонажон халқимиз хонадонларининг янада нурафшон бўлиши, ҳудудлар инфраструктураси ривожланишига мустаҳкам замин яратади.

«Ўзбекгидроэнерго» АЖ Ахборот хизмати

манба:www.kun.uz

Oxirgi yangilash: 07 Ноябрь 2024