Ҳудудлар ва иқтисодиёт тармоқларини сув ресурслари билан таъминлашда қандай чора-тадбирлар амалга оширилди?
Сўнгги йилларда иқлим ўзгариши, асрий музликларнинг камайиши, саноатнинг жадал суръатларда ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши ва озиқ-овқатга бўлган талаб кучайиши натижасида бутун сайёрамизда чучук сув ресурсларига эҳтиёж ортиб бормоқда.
Мамлакатимизда фойдаланилаётган жами сув ресурсларининг 20 фоизи мамлакат ичкарисида, 80 фоизи эса қўшни Тожикистон ва Қирғизистон ҳудудида шаклланади.
Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, сўнгги 40 йилда Тожикистонда мавжуд бўлган 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. Асрий музликларнинг қисқариш тенденцияси давом этаяпти.
Шу билан бирга, охирги 20-30 йилда минтақада ёғингарчилик миқдори ҳам сезиларли даражада камайди. Бу эса сув ресурслари ҳажмига ўз таъсирини кўрсатаяпти.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати тақдим этган маълумотга кўра, жорий йилда ёғингарчилик нисбатан кам бўлганлиги сабабли мамлакатимизда сув танқислигининг олдини олиш, иқтисодиёт тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва аҳоли томорқаларига сувни етказиб бериш учун барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилди
Жорий йилги вегетация даврида (1 апрелдан 30 сентябргача) Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича суғориш ишларига жами 28,1 миллиард метр куб сув етказиб берилди.
Мавсум давомида 4,3 миллион гектар майдондаги қишлоқ хўжалиги экинларини суғориш чоғида 6 миллиард метр куб сув тежалишига эришилди.
Жумладан, сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш, суғориш муддатларини мувофиқлаштириш, навбатлаб суғориш ва агротехник тадбирлар ҳисобидан 2,1 миллиард метр куб, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш ва реконструкция тадбирлари ҳисобидан 1,2 миллиард метр куб, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулида ва эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш ҳамда сув тежовчи технологияларнинг бошқа турларини қўллаш, ерларни лазерли текислаш ҳисобидан, бошқа сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш ҳисобидан 2,4 миллиард метр куб, сув хўжалигида ахборот-коммуникация ва рақамли технологияларни жорий қилиш ҳисобидан 289 миллион метр куб сув тежаб қолинди.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА
манба:www.uza.uz