МИНТАҚА ДАВЛАТЛАРИ ЎЗАРО ҲАМКОРЛИКДА СУВ ТАНҚИСЛИГИНИНГ САЛБИЙ ТАЪСИРИНИ КАМАЙТИРИШГА ИНТИЛМОҚДА
Жорий йил 19 июль куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Қозоғистон Республикаси экология, геология ва табиат ресурслари вазири М.Мирзагалиев билан учрашди. Учрашувда жорий йил вегетация мавсумини муваффақиятли ўтказиш ҳамда Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги трансчегаравий сув объектларидан биргаликда фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро битим лойиҳаси муҳокама қилинди.
Сирдарёдан сув олувчи “Дўстлик” давлатлараро каналига Қозоғистон ҳудудидаги 140 минг гектарга яқин майдон боғланган. Учрашувда Ўзбекистон томонидан “Дўстлик” канали орқали Қозоғистонга қўшимча ўтказиладиган сув сарфини ҳозирги 80 м³/с дан 90 м³/с га етказиш бўйича келишувга эришилди.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг минтақа давлатлари билан олиб бораётган оқилона сиёсати туфайли трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш борасида дўстона ҳамкорлик ўрнатилган. Бу ҳамкорлик жорий йилда кузатилаётган сув танқислиги шароитида ўзаро келишилган ҳолда сув таъминоти даражасини оширишга ҳамда сув танқислигининг салбий таъсирини камайтиришга хизмат қилмоқда.
Жумладан, Қозоғистон томонидан Ўзбекистоннинг Жиззах вилоятидаги суғориладиган майдонларнинг сув таъминотини ошириш учун жорий йил апрель ойида Арнасой сув омборига 100 млн. м³ миқдорида сув ташлаб берилган эди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан Қирғизистоннинг Тўхтагул сув омборидан июнь-август ойларида қўшимча сув чиқариш мақсадида жами 550 млн. кВт соат (Ўзбекистон 250 млн.кВт соат ва Қозоғистон 300 млн.кВт соат) миқдорида электр энергияси сотиб олинмоқда. Натижада Тожикистоннинг “Бахри Точик” сув омборига ўтган йилга нисбатан кўпроқ сув олиб келиниб, сув омборидан чиқарилаётган сув миқдори 500 м³/с дан 550 м³/с га оширилди. Шунинг эвазига Қозоғистонга қўшимча 10 м³/с сув ўтказиб беришга келишилди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.
Ўтган йили якунланган “Хоразм вилояти Тошсоқа тизимидаги магистрал суғориш каналларини қайта тиклаш” лойиҳаси натижасида 191,3 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди. Айни пайтда нуфузли халқаро молия институтлари иштирокида ана шундай 5 та йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.
Сўнгги икки йил ичида Қашқадарё вилоятидаги “Дўстлик-1, 2, 3, 4”, Навоий вилоятидаги “Конимех”, “Навоий”, “Учқора”, Наманган вилоятидаги “Қуқумбой” насос станциялари реконструкция қилинди. Биргина “Дўстлик” насос станциясининг модернизация қилиниши натижасида 11 минг гектар ернинг сув таъминоти яхшиланди.
2020 йилда магистрал ва хўжаликлараро суғориш тармоқларида қуриш ва реконструкция, таъмирлаш ва тиклаш ишлари бажарилиши ҳисобига каналларда сув йўқотилиши 1,5 млрд. м3 га камайди. Жорий йилда бу борадаги ишлар 120 минг гектардан ортиқ майдонларнинг сув таъминотини яхшилашга хизмат қилди.
Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сув тақсимоти шаффофлигини таъминлаш мақсадида 750 та сув хўжалиги объектларига “Ақлли сув”, 95 та насос станциясига сув миқдорини онлайн мониторинг қилувчи ҳисоблагичлар ва 423 та мелиоратив кузатув қудуқларига сизот сувлари кўрсаткичларини онлайн мониторинг қилувчи қурилмалар ўрнатилди ҳамда 15 та сув хўжалиги объектларининг бошқарув жараёнлари автоматлаштирилди.
Сув танқислигини юмшатишнинг энг муҳим омилларидан бири сувни тежайдиган технологиялардан фойдаланиш эканлигини ҳаётнинг ўзи тасдиқлади. 2019 йилда 34,5 минг гектар майдонда, 2020 йилда 133 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар ўрнатилди. Жорий йилда жами 230 минг гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, 200 минг гектар майдонни лазерли текислаш бўйича ишлар олиб борилаяпти. Айнан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари яратилгани, субсидия ва имтиёзлар берилгани қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва фермерларни сув тежовчи технологиялардан фойдаланишга рағбатлантирмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар 2021 йилда кузатилаётган сув танқислигининг салбий оқибатларини юмшатишга замин ҳозирлади. Кўрилган ва кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида сув хўжалиги ходимлари энг қийин вазиятларни ҳам енгиб ўтиб, ҳатто энг охирги қулоқда жойлашган истеъмолчиларга ҳам сувни лимит асосида навбати билан етказиб беришнинг уддасидан чиқмоқда.
Матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz