СУРХОНДАРЁДА 55 ТА НАСОС СТАНЦИЯСИ МОДЕРНИЗАЦИЯ ҚИЛИНАДИ
Сурхондарё вилоятида қарийб 430 минг гектар майдон насослар ёрдамида суғорилади. Ушбу майдонларга Aму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги 113 та насос станциялари орқали сув етказиб берилади.
Президентимизнинг 2020 йил 28 декабрдаги “Ўзбекистон Республикасининг 2021-2023 йилларга мўлжалланган Инвестиция дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида 55 та насос станциясини модернизация қилиш режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилда бюджет маблағлари ҳисобидан 205 та насос агрегатини тамирлаш режалаштирилган бўлиб, ўтган даврда 1 млрд. 179 млн. сўм эвазига 116 дона агрегат таъмирланди. Термиз туманидаги “Янгариқ” ҳамда Узун туманидаги “Дазира-3” насос станцияларидаги 2 та электродвигател, Қумқўрғон туманидаги “Такядош”, Термиз туманидаги “Солиобод” ва “Янгариқ” насос станцияларида қуёш батареялари алмаштирилди. Йил охирига қадар, 8 та конденсатор қурилмаси ва 3 та частота ўзгартирувчи қурилма янгиланади. Бундан ташқари, 45 та электр энергиясини ҳамда сув сарфини онлайн режимда ҳисоблаш қурилмаларини ўрнатиш белгиланган.
– Давлатимиз раҳбарияти томонидан насос станцияларини модернизация қилишга алоҳида эътибор берилаётганлиги барчамизни қувонтирди, – дейди Aму-Сурхон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси бўлим бошлиғи И.Мирзаев. – Чунки аксарият насос станцияларимиз узоқ йиллардан буён ишлатилиб келинаётганлиги боис бирмунча эскирган. Уларнинг деярли 70 фоизини ҳар йили таъмирлаб ишлатишимизга тўғри келяпти. Айни суғориш мавсумида баъзилари панд бериб қолади. Шу боис, эскирган насос станциялари ва агрегатларини янгилаш – ҳаётий зарурат.
Мутахасисларнинг таъкидлашича, Сурхондарё вилоятидаги насос ситанциялари тўлиқ модернизация қилинса, қарийб 120 минг гектар майдон қайта фойдаланишга киритилади ҳамда экинзорларни сув билан таъминлаш имконияти ортади. Пировардида қишлоқ хўжалик экинларидан олинадиган ҳосил салмоғи юксалиб, бободеҳқонларимизнинг даромади ошади, янги иш ўринлари яратилади, халқимиз дастурхони янада тўкин, турмуши фаровон бўлади.
Aму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz