СУВ – ҲАЁТ, ТИНЧЛИК ВА ФАРОВОНЛИККА ЭЛТУВЧИ НЕЪМАТ

СУВ – ҲАЁТ, ТИНЧЛИК ВА ФАРОВОНЛИККА ЭЛТУВЧИ НЕЪМАТ

Марказий Осиё минтақасида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон билан яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилган туб ўзгаришлар Ўзбекистон ташқи сиёсатининг асосий ютуғидир.

                                              Ш.М.Мирзиёев

 

Марказий Осиё халқларининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминловчи энг муҳим неъматлардан бири бу – шубҳасиз, сув ресурсларидир. Қадимдан аждодларимиз оби ҳаётнинг бир томчисини ҳам исроф қилмасдан, унумли фойдаланиб, сув бўйларида ҳамжиҳатликда ва фаровон ҳаёт кечирганлар. Дарё ва сойларнинг ўзанларини бошқариб, ариқлар қазиб, сув чиқарганлар, турли экинларни етиштириб, манзилларни обод этганлар. Бизнинг заминда деҳқончилик, экинларни суғориш илми, ер ости ва ер усти ирригация иншоотларини барпо этиш тажрибаси минг йиллар давомида шаклланиб, сайқал топиб келган.

 Инсоният тараққиётнинг энг юқори чўққиларига кўтарилган ҳозирги даврда сувнинг қадри ва қиймати, оби ҳаётга эҳтиёж йил сайин ортмоқда. Буни мутахассислар иқлим ўзгариши, асрий музликларнинг камайиши, саноатнинг ўсиши, аҳоли сонининг кўпайиши натижасида озиқ-овқатга бўлган талабнинг ортиши каби омиллар билан изоҳлайди. 

Биргина иқлим ўзгариши таъсирини рақамлар таҳлилида кўриб чиқайлик. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, сўнгги 40 йилда Тожикистонда мавжуд бўлган 8 мингдан ортиқ музликлар майдонининг 30 фоизи, Қирғизистондаги 10 мингга яқин музликлар майдонининг 16 фоизи эриб кетган. Асрий музликларнинг қисқариш тенденцияси давом этаяпти. Шу билан бирга, охирги 20-30 йилда минтақада ёғингарчилик миқдори ҳам сезиларли даражада камайди. Бу эса сув ресурслари ҳажмига ўз таъсири кўрсатаяпти.

1980 йилларда Ўзбекистоннинг бир йиллик сув истеъмоли 64 млрд м3  деб ҳисоб-китоб қилинган. Шундан 20 фоизи республика ичкарисидаги дарё ва сойларга, ер ости сув захираларига, 80 фоизи эса қўшни республикалар ҳудудида шаклланадиган трансчегаравий дарёлардан олиндиган сув миқдорларига тўғри келган. Қўшни республикалар билан келишилган Амударё ва Сирдарё ҳавзаларининг сув ресурсларидан комплекс фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилиш схемаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси йилига 64 млрд м3  сувдан фойдаланишга ҳақли. Худди шу тартибда минтақадаги бошқа республикаларнинг ҳам трансчегаравий дарёлардан фойдаланиш миқдорлари белгилаб олинган.

Мамлакатимизга кириб келаётган, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида ишлатилаётган барча сув ресурсларининг аниқ ҳисоб-китоби юритилади. Сув ресурслари олинадиган лимитларга нисбатан амалда кам эканлигини рақамлар ҳам тасдиқлаб турибди. Мисол учун, охирги беш йил давомида Ўзбекистоннинг фойдаланилган ўртача йиллик сув миқдори 51-53 млрд м3 ни ташкил қилган. Ўтган 2020 йилда Ўзбекистон иқтисодиётининг барча тармоқларида 49 млрд м3  сув ишлатилган. Содда қилиб айтганда, аслида сув ресурслари кам бўлганлигини учун бугун Ўзбекистон фойдаланаётган сув миқдори ҳатто 1980 йилларда ҳисобланган республика бўйича сувга эҳтиёжнинг 75-80 фоизига ҳам етмайди. Холбуки, бу даврда аҳоли сони қарийб икки бараварга ўсди, саноат ривожланди, одамларнинг турмуш тарзи ўзгарди, фаровонлиги, эҳтиёжлари ортди. Худди шундай ҳолат қўшни давлатларда ҳам кузатилганини инобатга олсак, ҳозирги шароитда Марказий Осиёнинг умумий сув захираларидан оқилона фойдаланиш минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашда нақадар долзарб аҳамият касб этишини тасаввур қилиш қийин эмас.

Очиғини айтиши керак, яқин тарихимизда, яъни 2017 йилгача бўлган даврда минтақада сув ресурсларидан баҳамжиҳатлик билан фойдаланиш борасида муаммолар тўпланиб қолган эди.

Давлатимиз раҳбарининг оқилона сиёсати, саъй-ҳаракатлари натижасида охирги беш йилда қўшни давлатлар билан йўлга қўйилган ўзаро дўстона ва ишончли алоқалар Марказий Осиё минтақасидаги трансчегаравий сув ресурсларидан ҳамкорликда фойдаланишга мустаҳкам замин яратди. Қўшни давлатларга амалга оширилган ташрифлар чоғида трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда оқилона фойдаланиш масаласи энг юқори даражада муҳокама қилинди. Кўп йиллардан буён ечилмай келаётган масалалар ҳал қилиниб, ўз ечимини топаяпти.

Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари билан сув масалалари бўйича алоқаларни кўп қиррали даражада - Оролни қутқариш Халқаро жамғармаси ва Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштириш комиссияси доирасида, икки томонлама эса - сувдан фойдаланиш бўйича ҳукуматлараро ишчи гуруҳлар доирасида изчил ривожлантирмоқда. Охирги йилларда Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик ва эришилаётган келишувлар самарасида Сирдарё ва Амударё ҳавзасида сув таъминоти даражасини яхшилаш бўйича натижаларга эришилаяпти.

Яқинда пойтахтимиз яна бир нуфузли халқаро анжуман – “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги халқаро конференцияга мезбонлик қилди. Президентимиз ушбу конференцияда сўзлаган нутқида Марказий ва Жанубий Осиёнинг барча мамлакатларида жадал саноат ва демографик ўсиш жараёни глобал иқлим ўзгаришлари шароитида юз бераётганини, бундай вазиятда сув ресурслари тақчиллиги, атроф-муҳит ва атмосферанинг ифлосланиши, тупроқ қатламининг емирилиши ва чўлланиш барчамизга дахлдор муаммолар ҳисобланишини таъкидлаб ўтдилар.

Айни шу жараёнда Ўзбекистон сув тақчиллигини камайтириш учун сув тежовчи технологияларни жорий этиш ва сувни бошқаришда замонавий технологиялардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш борасида Марказий Осиё давлатлари орасида  ташаббускор бўлмоқда.

Жорий йилнинг январь-июнь ойларида 750 та сув хўжалиги объектига “Ақлли сув” қурилмаси, 95 та насос станциясига сув ва электр энергияси истеъмолини онлайн назорат қилиш қурилмаси, 423 та мелиоратив кузатув қудуғига ернинг шўрланиши, минераллашганлик даражасини онлайн назорат қилиш қурилмаси ўрнатилди ҳамда 7 та сув хўжалиги объекти автоматлаштирилди.

Бунинг натижасида, сув хўжалиги иншоотларида реал вақт режимида сувни назорат қилиш ва унинг ҳисобини юритиш, вилоят ва туман чегарасида етказиб берилаётган сув ресурсларини онлайн кузатиб бориш ҳамда сувнинг ҳисоб-китобини аниқ юритишга эришилди. Сувни бошқариш жараёнларида инсон омилини камайтириш, сувни техник йўқотишларининг олдини олиш, сувдан белгиланган лимит асосида шаффоф ва адолатли фойдаланиш йўлга қўйилди.    

Президентимизнинг 2020 йил 21 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ жорий йилда жами 230 минг гектар майдонда сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий этиш, 200 минг гектар майдонни лазерли текислаш ишларини амалга ошириш белгиланган.

Жорий йил бошидан буён 172 минг 555 гектар майдонда, жумладан, 142 минг 500 гектар пахта хомашёси етиштириладиган майдонда – томчилатиб суғориш, 8 минг 782 гектар ғалла ва бошқа экин майдонларида – ёмғирлатиб суғориш, 4 минг 100 гектар пахта ва бошқа экин майдонларида – дискрет усулда суғориш технологиялари ишга туширилди, 50 минг 200 гектар майдонда – кўчма эгилувчан қувурлар ёрдамида, 4 минг 710 гектар майдонда – эгатга плёнка тўшаб суғориш йўлга қўйилди.

Аслида сув тежовчи технологиялар жорий этилаётган майдонларни кенгайтириш Президентимиз ташаббуси билан олдинги йилларда бошланган ишларнинг мантиқий давомидир. Ўтган 2020 йилда 133 минг гектар майдонда ана шундай технологиялар қўлланилиб, қанчалик фойдали ва самарадорлигини мутахассислар ҳам, фермерлар ҳам ўз тажрибалари мисолида эътироф этишган. Айнан давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмлари яратилгани, субсидия ва имтиёзлар берилгани қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари ва фермерларни сув тежовчи технологияларни жорий этишга рағбатлантирмоқда.

Муқаддас динимиз Исломда исроф қаттиқ қораланган. Қуръони каримда “Енглар, ичинглар, аммо исроф қилманглар. Зеро, У исроф қилгувчиларни севмас” дейилган. Ўзбекистонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилаётгани энг улуғ неъмат – сув исроф бўлишининг олдини олишга қаратилган хайрли ва савобли амаллардан ҳисобланади. Айни пайтда тежамкорлик иқсодий самара бераяпти. Эгат усулида ғўза майдонларини бир марта суғоришга 1100-1500 м3 сув сарфланаётган бўлса, томчилатиб суғориш технологияси жорий қилинган майдонларни суғориш учун  гектарига 250-300 мсув кифоя қилмоқда.

Жорий йилда республика бўйича жами 126 та лазер ускунали ер текислаш техникалари харид қилинди ва уларнинг сони 533 тага етди. Ушбу техникалар ёрдамида 2021 йил ҳосили учун жами 113 минг 497 гектар, жумладан шоли экиладиган 6 минг 584 гектар майдонлар лазер ускунали ер текислагичлар билан текисланди. Ушбу тадбирлар жойларда давом эттирилмоқда. Лазер ускунали ер текислагичлар билан ишлов берилган майдонларда сув сарфи 20-30% атрофида тежалмоқда.

Сир эмас, сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуналари ва бутловчи қисмлари асосан чет давлатлардан келтирилаётган эди. Шу боис, импортни қисқартириш, ички талабни қондириш мақсадида маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар сонини ошириш ҳам эътибор марказида турибди. 2021 йил 1 июль ҳолатига сувни тежайдиган суғориш технологияларининг ускуналари ва бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналар сони 38 тага етди. Йил якунига қадар яна ўнтадан кўпроқ янги корхоналарни ишга тушириш режалаштирилган. Бошқача айтганда, 2021 йилда сув тежовчи технологиялар жорий қилинадиган 230 минг гектар майдоннинг 50 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулот билан таъминлаш имконияти яратилиб, маҳаллийлаштириш даражаси 70 фоизга етказилади. Натижада маҳсулотни бошқа давлатдан ташиш харажатларини тежаш ҳисобига таннархни 15–20 фоизгача пасайтириш ёки гектарига 5 млн. сўмга арзонлаштириш имкони туғилади.

Вазирлик экинлар жойлашуви, тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, ҳудудлар кесимида суғориш учун сувни адолатли ва шаффоф тарзда таъминлаш, энг охирги қулоқларга ҳам етказиб бориш учун қатъий чораларни кўрмоқда. Хусусан, биринчи ярим йилликда республика бўйича суғориш ишларига жами 17 млрд. 837 млн. м3 сув етказиб берилди. Сув ресурсларини самарали бошқариш, сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни жорий қилиш, ирригация тадбирларини амалга ошириш, ерларни лазерли текислаш, агротехник тадбирларни ўз вақтида ўтказиш ҳисобидан 5,0 млрд. м3 сув тежалишига эришилди.

Мухтасар айтганда, вазирлик ва унинг тизимида меҳнат қилаётган кўп минг сонли сувчилар жамоаси сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва минтақада сув танқислигини камайтиришдек эзгу мақсад йўлида бир ёқадан бош чиқариб, аҳиллик ва фидойилик билан зиммаларидаги шарафли ва савобли вазифаларини адо этмоқдалар.

Яқин истиқболда Ўзбекистоннинг сувдан самарали фойдаланиш бўйича ташаббуслари минтақада кенг қулоч ёйиб, ўзининг меваларини бера бошлаши шубҳасиз.

Шавкат Хамраев,

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири,

қишлоқ хўжалик фанлари номзоди

 

манба:www.water.gov.uz

 

Oxirgi yangilash: 07 Ноябрь 2024