Сув хўжалигини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди

Сув хўжалигини ривожлантириш стратегияси тасдиқланди

Президент томонидан «Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021-2023 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарор имзоланди.

Norma’нинг ёзишича, стратегия мамлакат сув ресурсларини барқарор бошқариш ва ирригация секторини такомиллаштиришни қамраб оладиган бир қатор инфратузилмавий, сиёсий, институционал ва салоҳиятни ривожлантириш чораларини ўз ичига олади.

Унинг доирасида қуйидагилар таъминланади:

  • ирригация тизими каналлари бетон қопламали қисми 35 фоиздан 38 фоизгача ошиши, ирригация тизими ва суғориш тармоқлари фойдали иш коэффициентининг 0,63дан 0,66гача ошиши;
  • сув таъминоти даражаси паст бўлган суғориладиган майдонлар 526 минг гектардан 424 минг гектаргача камайтирилиши;
  • сувни тежайдиган суғориш технологияларини жорий қилиш 308 минг гектардан 1,1 миллион гектаргача, шу жумладан томчилатиб суғориш технологияси 121 минг гектардан 822 минг гектаргача етказилиши;
  • шўрланган майдонлар 1 926 минг гектардан 1 888 минг гектарга, шу жумладан ўртача ва кучли даражада шўрланган ерлар 581 минг гектардан 532 минг гектаргача қисқартирилиши;
  • қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқиб кетган жами 232 минг гектар суғориладиган ер майдонлари қайта фойдаланишга киритилиши;
  • 60та йирик сув хўжалиги объекти рақамли технологиялар асосида автоматлаштирилган бошқарувга ўтказилиши;
  • Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги 1 688та насос станциясидаги 5 231та насос агрегати электр энергияси истеъмоли ва сув сарфи ҳисоби мониторинги онлайн режимда олиб борилиши;
  • сув хўжалигида ДХШ тамойиллари асосида жами 124та лойиҳа амалга оширилиши, суғориш учун сув етказиб бериш харажатлари 9 фоизи сув истеъмолчилари томонидан қопланиши.

2021 йил 1 октябрга қадар этилен полимерлари ва пропилен полимерлари олиб киришда божхона божи нол ставкаси белгиланади. Шунингдек, республикада ишлаб чиқарилаётган полиэтилен маҳсулоти экспортини 40 минг тоннага қисқартириш эвазига унинг ички бозорда биржа савдолари орқали сотилаётган қисмини ошириш чоралари кўрилади. Полиэтилен ва полипропилен маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи хорижий компаниялар биржа савдоларига жалб қилинади.

«Ўзбекистон республика товар-хом ашё биржаси» АЖга ушбу маҳсулотларни биржа орқали сотувчи хорижий компаниялар (норезидент) учун савдоларга қатнашишда закалат суммаси киритиш талабини бекор қилиш ҳамда биржа комиссион йиғимларидан озод қилиш тавсия этилади.

Сув танқислиги шароитида экинларни кўллатиб суғориш ва сувни зовурга ташлаб қўйишнинг ҳар бир ҳолати фавқулодда ҳолат сифатида баҳоланади.

2021 йил 1 июлга қадар сув ресурслари автоматлаштирилган идоралараро ахборот тизими босқичма-босқич ишга туширилади.

 

манба:www.kun.uz

Oxirgi yangilash: 11 Июнь 2021