Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ходимларига
Муҳтарам ватандошлар! Ҳурматли деҳқон ва фермерлар! Қадрли агрокластер эгалари!
Аввало, сиз азизларни, сизларнинг тимсолингизда бутун халқимизни Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга энг эзгу ва самимий тилакларимни билдиришга ижозат этгайсиз.
Ушбу қутлуғ айёмда ризқ-рўзимиз бунёдкорлари – миришкор деҳқон ва фермерлар, заҳматкаш чорвадор ва пиллакорлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизатор ва агрономлар, соҳанинг жонкуяр олимлари ва мутахассисларимизга чуқур ҳурмат бажо келтириб, чин дилдан таъзим қиламиз.
Дунёдаги энг қадимий ва олижаноб касб эгалари ҳисобланган, эл-юрт дастурхонини тўкин ва фаровон этадиган ғоят муҳим соҳанинг залворли юкини ўз елкасида кўтариб келаётган сизлар каби минглаб юртдошларимизнинг фидойи меҳнати ва жасорати ҳар қандай юксак эътирофга муносибдир.
Буюк аждодимиз Алишер Навоий сизларнинг шаънингизни улуғлаб: “Олам маъмурлиғи алардин, олам аҳли масрурлиғи алардин. Ҳар қаён қилсалар ҳаракат, элга ҳам қут еткурур, ҳам баракат”, деб айтган сўзларида чиндан ҳам теран ҳақиқат мужассам.
Шу хурсандчилик кунларда барчамиз сизларни байрам билан муборакбод этар эканмиз, бу йилги машаққатли меҳнатингиз, эришилган натижалар ва олдимизда турган режалар ҳақида фикр юритишимиз табиий, албатта.
Ҳаммамизга яхши аён, бу йил бутун инсоният учун жиддий синов даври бўлди. Шундай қийин шароитда эл-юртимиз, хусусан, заҳматкаш деҳқон ва фермерларимиз коронавирус пандемияси билан бир қаторда, айрим ҳудудларимизда юз берган табиий ва техноген офатларни ҳам мардонавор енгиб, юксак марраларни қўлга киритганини миннатдорлик билан таъкидлаймиз. Жумладан, Сирдарё вилоятининг Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларида 19 минг гектардан зиёд майдондаги пахта, ғалла ва бошқа қишлоқ хўжалиги экинларини қайта экишга тўғри келди. Бухоро вилоятидаги кучли довул оқибатида 26 минг гектар майдонда пахта ва ғалла ниҳолларига зарар етди.
Албатта, қишлоқ хўжалиги соҳасида осон ва енгил йилнинг ўзи бўлмайди. Табиат инжиқликлари, сув ресурсларининг чеклангани, турли ҳашарот ва зараркунандалар билан курашиш ҳар бир деҳқондан катта азму шижоат, миришкорлик ва тажрибани талаб этади. Халқимиз сизларнинг ана шундай ибратли фазилатларингизни яхши билади ва юксак қадрлайди.
Жорий йилда юртимизда олти ярим миллион тоннага яқин ғалла, 3 миллион тоннадан зиёд пахта, 21 минг тонна пилла, 22 миллион тонна мева-сабзавот, икки ярим миллион тонна гўшт ва 11 миллион тоннадан зиёд сут маҳсулотлари етиштирилгани аввало сизларнинг машаққатли ва ҳалол меҳнатингиз самарасидир.
Бу ҳақда гапирганда, ғалладан юқори ҳосилдорликка эришган Ёзёвон туманидаги “Баҳромбек”, Термиз туманидаги “Даврон Намуна”, Ғиждувон туманидаги “Содиқ Зафар саховати”, Янгибозор туманидаги “Жўрабек Қумобод”, Балиқчи туманидаги “Холмирза Болтабоев”, Сайхунобод туманидаги “Қурама”, Нарпай туманидаги “Азамат Сирож”, Нукус туманидаги “Шўртанбай-бахтли-эл”, Қизилтепа туманидаги “Улуғдиёр келажаги”, Уйчи туманидаги “Замин”, Пахтакор туманидаги “Сафаров Баҳром” фермер хўжаликлари ҳамда Поп ва Мингбулоқ туманларидаги “Арт софт текс”, Риштон туманидаги “Қаҳрамон”, Дўстлик туманидаги “Сангзор бизнес парранда”, Навбаҳор туманидаги “Навоий асл чорваси” ва Қоровулбозор туманидаги “Очил файз бизнес” ғаллачилик кластерларининг номларини мамнуният билан эътироф этамиз.
Пахтадан мўл ҳосил етиштиришда Учкўприк туманидаги “Миржалол Гулистон дурдонаси”, Қизилтепа туманидаги “Сафар обод боғи”, Ғузор туманидаги “Жаҳонгир Норбой ўғли”, Боғот туманидаги “Холмурод ўғли Мансур”, Наманган туманидаги “Ғофуржон ота”, Нарпай туманидаги “Абдусалом Хўшматов”, Булоқбоши туманидаги “Зоиржон Низомов”, Ромитан туманидаги “Навобод”, Сирдарё туманидаги “Худойқул ўғли Сулаймон”, Оққўрғон туманидаги “Оллоберди Мурод” фермер хўжаликлари, шунингдек, Қуйичирчиқ туманидаги “TСT кластер”, Наманган туманидаги “Тошбулоқ текс”, Жарқўрғон туманидаги “Термез Жайхун кластер”, Қўрғонтепа туманидаги “Хантекс групп” ва Хазорасп туманидаги “Хазорасп текс” каби пахта-тўқимачилик кластерлари барчага намуна бўлдилар.
Фурсатдан фойдаланиб, бой билим ва тажрибаси, омилкорлик хислатларини намоён этиб, илм-фан ютуқларини самарали қўллаш ҳисобидан юксак хирмон яратган барча деҳқон ва фермерларимизга ўз номимдан, халқимиз номидан чуқур миннатдорлик билдираман.
Азиз дўстлар!
Барчангиз гувоҳ бўлиб турибсиз, бугунги мураккаб ва қалтис давр дунё миқёсида аграр соҳанинг ҳал қилувчи ўрни ва аҳамиятини яна бир бор яққол кўрсатиб бермоқда. Мавжуд ресурс ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб, аҳолини қишлоқ хўжалик маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш, соҳада янги иш ўринлари яратиш, манфаатдорликни янада ошириш, илғор ёндашувларни жорий этиш
энг муҳим масалага айланмоқда.
Шунинг учун биз иқтисодиётимизни, жумладан, қишлоқ хўжалиги соҳасини модернизация ва диверсификация қилиш, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш, фермер, кластер ҳамда кооперацияларни молиявий қўллаб-қувватлаш масаласига ҳар доимгидан ҳам кўпроқ аҳамият бермоқдамиз. Хусусан, бу йил қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 5 та қонуни, Президентнинг 12 та фармони ва 30 дан ортиқ қарори ҳамда ҳукуматнинг кўплаб қарорлари айни шу йўналишга қаратилгандир.
Қишлоқ хўжалиги тармоғига бозор механизмлари, жумладан, агрокластер тизимининг жорий этилгани қисқа фурсатда ўзининг ижобий самарасини бераётганидан барчангиз яхши хабардорсиз.
Бугунги кунда мамлакатимизда 97 та пахта-тўқимачилик, 149 та мева-сабзавотчилик, 65 та ғаллачилик, 35 та шоличилик ва 7 та доривор ўсимликлар етиштиришга ихтисослашган кластерлар ва 11 та пахта-тўқимачилик кооперациялари фаолият юритмоқда. Шунингдек, қорамолчилик йўналишида 34 та, паррандачилик бўйича 10 та, балиқчилик тармоғида 36 та, асаларичилик йўналишида 15 та фермер хўжалигида кластер усулида маҳсулот етиштириш йўлга қўйилди. Шу билан бирга, кейинги икки йилда республикада пиллачилик соҳасида 62 та кластер ишга туширилиб, улар томонидан 600 миллиард сўмга яқин маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Жорий йилнинг ўтган даврида республика бўйича 11 мингга яқин, яъни 90 фоиз фермер хўжаликлари кўп тармоқли хўжаликларга айлантирилди. Бунинг натижасида қарийб 37 минг аҳоли иш билан таъминланди.
Хабарингиз бор, биз сўнгги йилларда аҳоли томорқаларидан унумли фойдаланиш бўйича қатор қарорлар қабул қилдик. Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, унинг ҳудудий органлари, маҳалла фуқаролар йиғинларида томорқа хўжаликлари бўйича алоҳида ўринбосар лавозими жорий этилди. Шахсий томорқа хўжаликлари самарадорлигини оширишга қаратилаётган ана шундай чора-тадбирлар натижасида бу йил республика бўйича тўрт ярим миллион аҳолига тегишли 432 минг гектар томорқа майдонларида экинлар тўлиқ экилиши таъминланди. Ҳисоб-китобларга кўра, бу майдонларда 10 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди.
Давлат томонидан шахсий томорқа эгаларига артезиан қудуқлари қазиш ҳамда ихчам иссиқхоналар қуриш учун субсидиялар ва имтиёзли кредитлар ажратилаётгани ҳам аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг яна бир ўзига хос йўналишига айланди. Ушбу эзгу мақсадлар учун Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Жамғармадан 65 ярим миллиард сўм, томорқа хизмати корхоналари, қишлоқ хўжалиги кооперативлари ва фермерларни қўллаб-қувватлаш учун эса 110 миллиард сўмга яқин маблағ йўналтирилди.
Бундан ташқари, “Ҳар бир ёшга – бир гектар” дастури доирасида ғалладан бўшаган майдонларнинг 84 минг гектари 266 мингта кам таъминланган оилалар ва ишсиз ёшларга берилиб, уларга фермер хўжаликлари ва томорқа хизмати корхоналари бириктирилди. Ушбу дастур натижасида 1 миллион тоннадан зиёд маҳсулот етиштирилди.
Амалга оширилган ана шундай ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар натижасида бу йил, жаҳонда юз бераётган пандемиянинг салбий таъсирига қарамасдан, 822 миллион доллардан зиёд миқдордаги қарийб 1,5 миллион тонна мева-сабзавот 70 дан ортиқ давлатга экспорт қилинди.
Албатта, бугун ҳеч бир соҳада илм-фан ютуқлари ва инновацион технологияларни амалиётда қўлламасдан туриб тараққиётга эришиб бўлмайди. Бу эса кенг ва замонавий билимга эга кадрларни тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, хорижий тажрибаларни ўзлаштириш каби долзарб вазифаларни олдимизга қўймоқда.
Шу мақсадда аграр соҳага ихтисослашган олий ўқув юртларида таълим сифатини тубдан ошириш, тараққий этган давлатларнинг нуфузли таълим даргоҳлари билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, уруғчилик, наслчилик ва ветеринария йўналишидаги илмий муассасалар фаолиятини такомиллаштириш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилмоқда.
2020-2021 ўқув йилидан бошлаб мавжуд қишлоқ хўжалиги олийгоҳлари билан бир қаторда, Гулистон, Бухоро, Қарши, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Урганч давлат университетларида аграр соҳа мутахассисларини тайёрлаш учун бакалавриат таълим йўналишлари бўйича қабул квоталари ажратилди.
Соҳадаги илғор тажрибаларга таянган ҳолда, ҳудудларда “Тупроқ клиникаси” мобил лабораториялари ташкил этилиб, шўрланиш, сув, шамол эрозияси, озуқа элементлари камайишининг олдини олиш, тупроқ унумдорлиги ва маҳсулдорлигини ошириш борасида фермер хўжаликлари ва кластерларига зарур хизматлар кўрсатмоқда.
Шу ўринда пахта майдонлари ҳамда боғ, узумзор ва иссиқхона хўжаликларида сув тежовчи технологияларни жорий этиш харажатларининг бир қисми давлат томонидан қоплаб берилаётганини алоҳида қайд этиш лозим.
Жорий йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга йўналтирилган 677 миллиард сўмлик 80 га яқин лойиҳа, 1 триллион 240 миллиард сўмлик инвестиция маблағлари асосида 12 та агрологистика маркази ишга туширилиб, қарийб уч ярим минг янги иш ўрни яратилди. Шунингдек, пахтачилик кластерлари, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, қуёнчилик тармоқларида ҳамда замонавий иссиқхоналарнинг барпо этилиши натижасида 14 мингга яқин аҳоли иш билан таъминланди.
Айни пайтда чорвачиликда наслчиликни яхшилаш, зотдор чорва молларини кўпайтириш, ихтисослашган фермер хўжаликларини ривожлантириш, ушбу соҳага давлат томонидан субсидиялар ажратиб бериш бўйича катта ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, ўтган даврда чорвачилик хўжаликларига ушбу мақсадлар учун
20 миллиард сўмга яқин субсидиялар ажратилди.
Азиз дўстлар!
Дунёда глобал озиқ-овқат етишмовчилиги хавфи юзага келаётган бугунги вазиятда бизда ички бозоримизни тўлиқ таъминлаш билан бирга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ҳажмини икки баробар ошириш ва экспортни кўпайтириш учун барча шароитлар мавжуд эканини алоҳида таъкидламоқчиман.
Келгусида қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш бўйича комплекс дастурларни амалиётга татбиқ этиш, замонавий технологияларни қўллаган ҳолда маҳсулот турлари ва экспорт ҳажмини янада ошириш устувор масала бўлиб қолади.
Тупроқ унумдорлигини сақлаш, соҳани зарур техникалар билан таъминлаш ва хизмат кўрсатиш ишларини яхшилаш, илғор билим ва кўникмаларга эга мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш фаолиятини такомиллаштиришга эътиборни янада кучайтирамиз.
Соҳага илм-фан ютуқлари ва замонавий технологияларни жорий этиш бундан буён ҳам устувор вазифаларимиздан бўлиб қолади.
Мамлакатимизнинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, эл-юртимиз дастурхонини янада фаровон қилишда фидойи қишлоқ хўжалиги ходимлари бундан кейин ҳам ўзларининг бор билим ва тажрибаларини, куч-ғайрат ва имкониятларини сафарбар этадилар, деб қатъий ишонаман.
Муҳтарам деҳқон ва фермерлар, азиз сувчилар ва пахта-тўқимачилик кластерлари ходимлари!
Сизларни яна бир бор Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан – меҳнат ва ҳосил байрами билан чин дилдан табриклайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти
Манба: ЎзА