КАСБ БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
Юртимизнинг кўп минг сонли сувчилар жамоасини, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларини қутлуғ айём – Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан самимий муборакбод этаман.
Ҳаммамизга яхши аёнки, сувчилик савобли касб. Йил бўйи бобо деҳқонларимизга елкадош бўлиб, беминнат сув етказиб берамиз, пахта, ғалла, мева-сабзавот, умуман, барча экинлардан олинаётган ҳосилга, яратилаётган улкан хирмонларга ўз ҳиссамизни қўшамиз.
Бу йилги пандемия шароитида озиқ-овқат хавфсизлиги ва юрт дастурхони тўкинлигини таъминлаш учун сувчиларимиз ҳам астойдил меҳнат қилишди. Айниқса, сувни тежайдиган технологияларни жорий этишда тажрибаларимиз янада ортди. 2020 йилнинг ўзида 133 минг гектар майдонда сув тежовчи технологиялар жорий қилингани ва шу пайтгача жорий қилинган майдонлар икки баробарга оширилгани бунинг исботидир.
Муҳтарам Президентимиз куни кеча “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни имзоладилар. Қарорга асосан, 2021 йилда 230 минг гектар майдонда сувни тежовчи технологиялар жорий этилади, 200 минг гектар майдонлар лазерли ускуна ёрдамида текисланади. Янги тартибга асосан келгуси йилдан субсидия миқдори сув тежовчи тизимнинг сифатидан келиб чиқиб белгиланади. Агар сифатли тизим жорий қилинганида гектарига 11 млн сўмгача субсидия берилади.
Президентимиз 2020 йилда сув хўжалиги соҳасига доир бир неча фармон ва қарорларни имзоладилар. Уларнинг ижросини сўзсиз таъминлаш тизимда меҳнат қилаётган барча ходимлар зиммасига улкан масъулият юклайди.
Ишонманки, сувчиларимиз бир ёқадан бош чиқариб, бир жону бир тан бўлиб, олдимизга қўйилган марраларга эришадилар ва ўзларига билдирилган юксак ишончни оқлайдилар.
Барчангизни яна бир бор ушбу шукуҳли ва файзли байрам билан чин қалбимдан табриклаб, энг эзгу ва самимий тилакларимни изҳор этаман.
Сизларга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт-саодат, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси
Сув хўжалиги вазири
2020 йил 12 декабрь
манба:www.water.gov.uz