ВОДИЙДАГИ МАГИСТРАЛ КАНАЛЛАР ТАЪМИРЛАНЯПТИ
Фарғона водийси каналларидан фойдаланиш бошқармаси тасарруфидаги “Катта Фарғона”, “Катта Андижон” ҳамда “Жанубий Фарғона” магистрал каналларининг умумий узунлиги 512,98 километр бўлиб, Андижон, Фарғона, Наманган вилоятлари, шунингдек, қўшни Тожикистон ва Қирғизистон Республикаларидаги 532 минг 549 гектар экин майдонларига обиҳаёт етказиб беради.
Ушбу магистрал каналлардаги сувлар гидротехника иншоотлар, шунингдек, бошқа сув иншоотларини 2020-2021 йиллар куз-қиш даврида таъмирлаш, ирригация тадбирларини бажариш, суғориш мавсумига пухта ҳозирлаш мақсадида 10 декабргача тўхтатилди.
“Катта Фарғона” ва “Катта Андижон магистрал каналларининг жами 32,2 қисмида механик тозалаш ишларини бажариш режалаштирилган бўлиб, бунга 17 та экскаватор ва 3 та бульдозер жалб қилинган, – дейди Фарғона водийси каналларидан фойдаланиш бошқармаси бошлиғи Зуҳриддин Исмоилов. – Бугунги кунга қадар иккала каналда қарийб 75 минг метр куб ҳажмда механик тозалаш ишлари бажарилди. Шунингдек, асосий қисми бетон қоплама билан қопланган “Жанубий Фарғона” магистрал каналида 1 та экскаватор ёрдамида 3,6 минг метр куб ҳажмда механик тозалаш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, каналда 2 минг 529 метр куб бетон ишларини бажариш режалаштирилган.
Ҳамиджон БУРҲОНОВ,
Сирдарё-Сўх ИТҲБ матбуот котиби
манба:www.water.gov.uz