СУВ ХЎЖАЛИГИНИ РИВОЖЛАНТИРИШ КОНЦЕПЦИЯСИ – МАМЛАКАТ ИСТИҚБОЛИ
Инсоннинг турмуши, фаровонлиги сув билан. Сув бор жойда ҳаёт қайнайди. Сув танқислиги бошланиши билан муаммолар ҳам бўй кўрсата бошлайди. Шу боис, ота-боболаримиз ҳамиша сувни эъзозлаб, унинг ҳар томчисини қадрлаб келган.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалиги объектларини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Бироқ, сув хўжалигини ривожлантиришнинг аниқ мақсадлари, йўналишлари, ўрта ва узоқ муддатли истиқболини белгилайдиган, соҳага оид дастурлар ишлаб чиқиш учун асос бўладиган стратегик ҳужжат – Концепция мавжуд эмас эди.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 10 июлда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони билан ана шу масалага ечим топилди. Концепция Осиё Тараққиёт банки, Швейцария ҳамкорлик ва тараққиёт агентлиги каби халқаро ташкилотлар экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган. Шу билан бирга, Концепцияни 2020–2022 йилларда амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни белгиловчи “Йўл харита”си ҳам тасдиқланди.
Аслида бунга зарурат бор эди
Ҳозирда республикамиз қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган 1 гектар экин майдонига манбалардан ўртача 10,7 минг м3 сув сарфланади. Ривожланган мамлакатларда бу кўрсаткич 6,5–7 минг м3 ни ташкил этади.
Сўнгги йилларда 298 минг гектар суғориладиган ерлар фойдаланишдан чиқиб кетган, 560 минг гектарида эса сув таъминоти даражаси паст, суғориладиган ерларнинг 46 фоизи турли даражада шўрланган.
Узоқ йиллар фойдаланилиши натижасида ирригация каналларининг 60 фоизи, лотокларнинг 70 фоизи эскирган. Уларни таъмирлаш, реконструкция қилиш, баъзиларини алмаштириш зарур.
Сув хўжалиги учун Давлат бюджетидан ажратиладиган жами маблағларнинг 70 фоизи электр энергияси учун сарфланади. Атига 3 фоизигина таъмирлаш-тиклаш ишларига йўналтирилади.
Соҳада 32,6 минг нафар ходим ишлайди, уларнинг ўртача иш ҳақи 1,5 млн. сўм, мамлакат бўйича ўртача иш ҳақи (2,3 млн сўм)га нисбатан 65 фоизни ташкил этади. Ҳар йили 3–4 минг ходим ишга кириб бўшаб кетади.
Бутунжаҳон ресурслар институти маълумоти:
Ўзбекистон сув танқислигига мойил бўлган 25 та давлат қаторига киради;
2030 йилга бориб сувнинг умумий тақчиллиги 2,3 баробар ошиши кутилмоқда (3 км3 дан 7 км3 гача);
кейинги 10–15 йил ичида аҳоли жон бошига сув таъминоти деярли 2 баробар қисқаради (3–1,6 минг м3), лекин сувга бўлган талаб 20 фоизга ошади (2,3–3 млрд. м3), саноат ва энергетика соҳаларининг сув истеъмоли 84 фоизга ўсади (1,9–3,5 млрд. м3).
Шуларни ҳисобга олганда, давлатимиз раҳбарининг фармони ўз вақтида қабул қилинган, ниҳоятда долзарб ва муҳим ҳужжат бўлди.
Сув ҳисобини юритиш такомиллаштирилади
Очиғини айтиш керак, республикамизда ер ости, ер усти ва оқава сувлар ҳисобини юритиш яхши йўлга қўйилмаган. Бунинг сабаби, сув ресурслари устидан назоратни Сув хўжалиги ва Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари, Ўзгидромет, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси амалга оширади. Ҳар бир вазирлик ва идорада ҳисобот шакллари ҳар хил юритилади. Шундан келиб чиқиб, сув хўжалиги соҳасида прогнозлаштириш, бошқариш, назорат қилиш ва мавжуд сув ресурсларининг ҳисобини юритиш тизимлари ҳам турлича.
Мазкур йўналишда концепция асосида 2020–2021 йилларда сув ҳисобини юритиш стандартлаштирилади ҳамда давлат сув кадастрини юритиш тизими автоматлаштирилади. 2022 йилда сув ресурслари ҳисобини юритиш ва бошқаришнинг яхлит тизими яратилади.
Каналларнинг фойдали иш коэффициенти ошади
Республикамиз қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган сувнинг 37 фоизи (19 млрд. м3) экин майдонларига етиб бормасдан йўқотилади. Негаки, магистрал ва хўжаликлараро каналларнинг 66 фоизи (18,7 минг км) тупроқ ўзандан иборат. Суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,63 га тенг.
Концепция асосида магистрал ва хўжаликлараро каналларда 22 минг км таъмирлаш ва тиклаш, 5,6 минг км реконструкция қилиш ишлари олиб борилади, бетон қопламали каналларнинг улуши 46 фоизга (13,1 минг км) етказилади. Шу билан бирга 12,9 минг км лоток тармоқлари янгисига алмаштирилади. Натижада суғориш тармоқларининг фойдали иш коэффициенти 0,73 га етказилади.
Сув хўжалигида 1 687 дона насос станциялари мавжуд, уларнинг 60 фоизи 30 йилдан ортиқ ишлаб, ўз хизмат муддатини ўтаб бўлган. Сув хўжалиги объектларини эксплуатация қилиш учун ажратилаётган маблағларнинг йиллар давомида камайиб бориши сув хўжалиги объектларнинг техник ҳолати ёмонлашишига олиб келган.
Эндиликда хизмат муддатини ўтаб бўлган 1 750 дона насос агрегатлари энергия тежамкор агрегатларга ҳамда 2 100 дона электро двигателлар янгисига алмаштирилади, бошқарув шкафлар энергия тежамкор қурилмалар билан жиҳозланади. Йиллик электр энергия истеъмоли 2 млрд. кВт. соатга қисқартирилади. Шу ишлар натижасида сув таъминоти паст бўлган майдонлар 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтирилади.
Соҳа тўлиқ “рақамлаштирилади”
Сув хўжалиги соҳасида ахборот-коммуникация технологиялари етарли даражада жорий этилмаган, маълумотлар қоғоз кўринишида юритилмоқда. Мелиоратив тармоқларни бошқариш, ерларнинг шўрланиш даражасини баҳолаш ва сизот сувлари сатҳини кузатиш ишлари ходимлар томонидан жойига чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. 1 нафар ходим кунига 30–40 км масофани пиёда босиб ўтиши натижасида иш самарадорлиги ҳамон пастлигича қолмоқда. Ҳолбуки, ривожланган давлатларда сув ресурслари тўлиқ рақамли технологиялар ёрдамида бошқарилади.
Концепцияда соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини татбиқ этиш ва сув хўжалигини автоматлаштириш бўйича қатор вазифалар белгиланган. Хусусан, 2021 йилда сувдан фойдаланишга доир маълумотлар базалари ҳамда мониторинг тизимлари такомиллаштирилади, идоралараро ахборот тизими яратилади.
2022 йилда сув ҳисобини юритиш ягона ахборот тизими яратилиб, маълумотларнинг очиқ ва шаффофлиги таъминланади;
2023–2030 йилларда:
- 100 та йирик сув иншоотларнинг бошқаруви автоматлаштирилади;
- барча сув ўлчаш (18 576 ) постларида реал вақтда сувни назорат қилиш учун “Ақлли сув” қурилмалари ўрнатилади;
- соҳага тўлиқ рақамли технологияларни жорий этиш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги 10–15 фоизга оширилади;
- 1 687 та насос станцияларини масофадан ўчириш/ёқиш ҳамда сувни назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилади;
- 27,3 мингта мелиоратив кузатув қудуқларида сизот сувлари сатҳини ва минерализациясини ўлчаш автоматлаштирилади;
- кузатув қудуқлари бўйича маълумотларни йиғиш ва таҳлил қилиш имконини берувчи геоахборот тизими яратилади;
- ерларнинг мелиоратив ҳолати тўғрисида очиқ маълумотлар портали яратилади.
Сув тежовчи технологиялар бундан кейин ҳам энг асосий вазифалар қаторида қолади
Эгатлаб суғориш технологияси орқали суғоришда йилига тахминан 5–6 млрд. м3 ёки 20% сув далада беҳуда йўқотилмоқда. Тўғри, охирги икки-уч йилда сув тежовчи суғориш технологияларини жорий этиш бўйича мунтазам тарғибот ишлари олиб борилаяпти. Бу ўз самарасини бериб, сув тежовчи технологияга ўтаётган кластер ташкилотлари ва фермерлар сафи кенгаймоқда. Бугунги кунга келиб ана шундай технологиялар жорий қилинган майдонлар республика бўйича суғориладиган ерларнинг 6 фоизига етди. Табиийки, қолган майдонлар ҳамон эгатлардан сув ичади.
2022 йилдан бошлаб пахта ва ғалла етиштиришда насослар истеъмол қилган электр энергияни Давлат бюджетидан қоплаш фақат сув тежовчи технологияларни жорий этганларга татбиқ этилади.
2023–2025 йилларда сув тежовчи технологияларни насослар ва қудуқларга боғланган экин майдонларида жорий қилиш орқали улардан фойдаланишнинг иқтисодий самарадорлиги оширилади.
Умуман олганда, 2030 йилгача сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилган майдонлар 2 млн. гектарга, жумладан, томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган майдонлар 600 минг гектарга етказилади. Ҳар йили 35–40% (3,5–4 млрд. м3) сув тежалади. Шунинг эвазига, 298 минг гектар фойдаланишдан чиқиб кетган майдонлар қайтадан фойдаланишга киритилади, 370 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
Сув сероб бўлса, ҳаёт ҳам фаровон бўлади
Концепция билан мамлакатимиз сув хўжалиги соҳасида кўплаб ўзгаришлар, янгиланишлар бўлади. Соҳага давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг жорий этилади. Кадрлар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш, илм-фан ютуқлари ва ноу-хауларни амалиётга татбиқ этишга эътибор кучайтирилади.
Трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича давлатлараро муносабатларни ривожлантириш бўйича ҳам бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.
Аҳоли кўпаяди, сув ва озиқ-овқатга талаб ортади. Лекин, сув кўпаймайди. Мамлакатимиз эҳтиёжи учун сарфланадиган сувнинг 80 фоизи қўшни республикалар ҳудудидаги тоғларда шаклланади. Иқлим ўзгариши, тоғлардаги кўп йиллик музларнинг эриб бориши ҳисобига сув захиралари камайиб бормоқда. Ана шундай шароитда Концепцияда белгиланган вазифаларнинг ижросини тўлиқ таъминлаш, энг аввало, сувдан самарали фойдаланиш ва сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этишни кенгайтириш ҳисобидангина танқисликнинг олдини олиш ва халқимиз учун оби-ҳаётни етарли даражада етказиб бериш мумкин бўлади.
Шуҳрат Суюнов,
Сув хўжалиги вазирининг ахборот сиёсати
масалалари бўйича маслаҳатчиси – матбуот котиби
манба:www.water.gov.uz