ГИДРОИНШООТЛАР ХАВФСИЗЛИГИ ДОИМО НАЗОРАТДА
Бугунги кунда мамлакатимиздаги мавжуд гидротехник иншоотларнинг техник хавфсизлигини таъминлаш, эксплуатация қилиш ва уларни доимо назоратда тутиш долзарб аҳамият касб этади. Тошкент магистрал канали Тошкент вилоятининг энг йирик ирригация тармоқларидан бири ҳисобланади. Вилоятда бу каби туманлараро канал ва сув иншоотлари доимо эътиборда.
Тошкент магистрал канали бош иншоотида “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Тошкент вилояти бошқармаси ҳамда Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ ҳамкорлигида ўтказилган семинарда шу ҳақида сўз борди.
Семинарда мавжуд гидротехника иншоотларининг техник ҳолати, сувдан фойдаланишда иншоотларини бошқариш, сувнинг ҳисобини юритиш ва гидротехника иншоотларни эксплуатация қилишда техника хавфсизлигига риоя қилиш муҳим эканлиги тўғрисида тўхталиб ўтилди. Шунингдек, гидротехника иншоотларини таъмирлаш, қайта тиклаш, техник назоратдан ўтказиш, муддати ўтиб кетган хавфсизлик декларцияларини қайта ишлашга эътибор қаратиш зарурлигига ҳам аҳамият берилди.
Семинар давомида бош иншоотнинг техник ҳолати ўрганиб чиқилди ва қўшимча тавсиялар берилди. Жумладан, иншоотларнинг техник қисмларини занглашига қарши ишлов бериш, каналнинг бетон қопламаларини жорий таъмирлаш, тозалаш ишларини олиб бориш ва назорат қилиш, дистпетчерлик хонасини таъмирлаш ҳамда уларни тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан таъминлаш бўйича кўрсатмалар берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати
манба:www.suvchi.gov.uz