Ўзбекистон ва Қирғизистон Қамбарота ГЭС бўйича музокаралар ўтказади
Яқин вақт ичида Қирғизистон ишчи гуруҳи Тошкентга Қамбарота ГЭС-1 бўйича музокаралар ўтказиш мақсадида боради. Бу ҳақда ушбу давлат парламенти йиғилишида Саноат, энергетика ва ер ости бойликларидан фойдаланиш давлат қўмитаси раиси ўринбосари Айтмамат Қодирбоев хабар қилди.
Унинг сўзларига кўра, ишчи гуруҳ 2018 йил охирида ташкил этилган. «Телефон орқали дастлабки мулоқотлар бўлиб ўтди. Бу масалалар бош вазир биринчи ўринбосари иштирокида муҳокама қилинди», - деди амалдор.
2017 йилда Ўзбекистон Республикаси «Қамбарота-1» ГЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқаётгани маълум бўлганди.
Норин дарёсида Қамбарота ГЭС-1ни қуриш лойиҳаси бир неча йилдан бери тўхтаб қолган. 1980-йиллар охирида 1860 мегаватт қувватга эга станция қурилиши режалаштирилган эди. Аммо ўша пайтдан бери лойиҳа музлатилган ҳолатда турибди.
Сўнгги бор «Қамбарота-1» ва ГЭСнинг Юқори Норин каскадини қуриш тўғрисидаги битимга 2012 йилда Қирғизистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукуматлари ўртасида эришилган, ўшанда ҳар икки объектни Россиянинг «РусГидро»си қуриш керак эди. Бироқ, 2016 йилда қирғиз томонининг ташаббуси билан келишув рад этилди.
манба:www.kun.uz