Ҳукуматнинг сув омборлари бўйича қарори қабул қилинади
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида Вазирлар Маҳкамасининг “Сув омборлари, йирик каналлар ва гидротехника иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда уларни бошқаришни автоматлаштириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 17 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3672-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, бунда сув хўжалиги тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигига бир қатор устувор вазифалар белгилаб берилган.
Ҳужжат билан 2019-2021 йилларда сув омборлари, йирик каналлар ва гидротехника иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда уларни бошқаришни автоматлаштириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги келгуси йиллар учун Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастури параметрларини шакллантиришда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикасининг ривожланиш давлат дастурларини молиялаштириш жамғармасининг маблағлари ҳисобидан Дастурда белгиланган объектларни қуриш, реконструкция қилиш ҳамда уларни бошқаришни автоматлаштириш ишлари учун талаб этиладиган маблағларни ажратилишини инобатга олади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Инновацион ривожланиш вазирлиги ва Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда йирик сув хўжалиги иншоотларини бошқаришни автоматлаштириш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда замонавий инновацион технологиялардан кенг фойдаланишга алоҳида эътибор қаратади.
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси ва Молия вазирлиги Дастурда белгиланган лойиҳаларнинг ўз муддатида ва сифатли амалга оширилишига масъул эканликлари белгилаб қўйилиши мумкин.
манба:kun.uz