Тўртта вилоятда микроГЭС қурилади
Вазирлар Маҳкамасининг 14.09.2017 йилдаги 724-сон қарори билан микрогидроэлектростанцияларни қуриш бўйича тажриба лойиҳаларини амалга ошириш назарда тутилмоқда. Бу ҳақда Norma.uz хабар берди.
Жиззах, Наманган, Сирдарё ва Хоразм вилоятларининг табиий ва сунъий сув оқимларида микроГЭСлар қурилади. Қурилиш лойиҳаларини «Ўзбекгидроэнерго» АЖ ва «Гидролойиҳа» АЖ босқичма-босқич ишлаб чиқади. Улар қуриладиган участкаларда дарёларнинг серсувлиги ёки камсувлиги бўйича бошланғич маълумотлар «Ўзсувлойиха» АЖ томонидан тақдим этилади.
«Ўзбекгидроэнерго» АЖ ўз маблағлари, хусусий инвестициялар ва банк кредитлари ҳисобига тажриба лойиҳаларини амалга ошириш билан шуғулланади. Инвесторлар лойиҳаларга танлов асосида жалб қилинади. «Ўзбекгидроэнерго» АЖ уларнинг ишини мувофиқлаштиради ва зарур техник ёрдамни кўрсатади.
МикроГЭСларни қуриш ва фойдаланиш учун зарур бутловчи буюмлар ишлаб чиқарилиши «Сувсаноатмаш» АЖ базасида маҳаллийлаштирилади. Республикада ишлаб чиқарилмайдиган, лойиҳаларни амалга ошириш доирасида олиб келинадиган асбоб-ускуна, хом ашё ва материаллар, бутловчи буюмлар, приборлар, эҳтиёт қисмлар, техник ҳужжатлар божхона тўловларидан (бундан божхона расмийлаштируви учун йиғимлар мустасно) озод этилади.
МикроГЭСлар ягона электр энергетика тизими ва электр энергияси истеъмолчиларининг тармоқларига блок-станциялар шартларида уланишлари мумкин.
манба:kun.uz