Хитой дунёдаги иккинчи энг йирик ГЭСни қура бошлади

Хитой дунёдаги иккинчи энг йирик ГЭСни қура бошлади

Хитой 3 август куни дунёдаги иккинчи энг йирик Байхэтань гидроэлектростанциясини қура бошлади. ГЭС Янцзи дарёсининг ирмоғи бўлган Цзиньша дарёсида қурилмоқда. Маълум қилинишича, ГЭСнинг қуввати 16 ГВт ни ташкил қилади. 

Лойиҳа ҳужжатларига кўра, электростанциянинг биринчи навбати 2021 йилда фойдаланишга киритилади, 2022 йил охирига эса тўлиқ битказилади. ГЭСнинг йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариши ҳажми 62,4 млрд кВт/соатни ташкил қилади. Таъкидланишича, бу миқдор Пекиннинг 2015 йилги энергия истеъмолининг учдан икки қисмига тенг.

Иншоотлар мажмуаси таркибига ҳар бирининг қуввати 1 ГВт дан бўлган 16 та гидротурбина киради. Сув омборининг сув йиғадиган майдони 430 минг квадрат километрни ташкиш қилади,  бу Цзиньша дарёси бассейнининг 91 фоизга яқинини ташкил қилади.

Арка кўринишидига тўғонининг баландлиги 300 метрга етади, унинг қурилиши 2008 йилдан олиб борилмоқда. У қуриб битказилгандан кейин йириклиги бўйича Хитойдаги иккинчи, дунёдаги тўртинчи тўғонга  айланади. Лойиҳани амалга ошириш учун Сичуань ва Юньнань вилоятларидаги 100 мингга яқин кишини кўчириб ўтказилади. Лойиҳа қиймати маълум қилинмаган.

Дунёдаги энг йирик ГЭС “Уч дара” ҳам Хитойда қурилган бўлиб, у Янцзи дарёсида жойлашган. Унинг ўрнатилган қуввати 22,5 ГВт ни ташкил қилади. Айни вақтда 14 ГВт лик қувват билан бу борадаги иккинчи ўринни Бразилия ва Парагвай чегарасида жойлашган Парана дарёсидаги “Итайпу” ГЭСи эгалламоқда.

Манба:kun.uz

Oxirgi yangilash: 07 Ноябрь 2024