БМТ Бош котиби Оролбўйида
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Қорақалпоғистон Республикасига ташриф буюрди. Юқори мартабали меҳмонни Нукус халқаро аэропортида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов кутиб олди.
Орол денгизи ва унинг атрофидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар тақдимоти ўтказилди.
БМТ Бош котибига Орол денгизининг бугунги аҳволи ва минтақадаги экологик ҳолат ҳақида сўзлаб берилди. Бир вақтлар мавж уриб турган денгизнинг суви кейинги 50-55 йилда 15 мартадан зиёд камайиб, сув сатҳи 29 метрга пасайгани, ҳудудда 5,5 миллион гектар тузли қум майдонлари ҳосил бўлгани қайд этилди. Бу ҳолат минтақа табиати, одамлар ҳаёти, ўсимликлар ва ҳайвонот оламига салбий таъсир кўрсатмоқда. Денгизнинг қуриган ҳудудида 350 минг гектарга иқлимга мос қандим, черкес, саксовул экилиб, тузли чанг-тўзон кўчишининг олди олинмоқда.
Президентимиз ташаббуси билан Оролбўйи минтақасида экологик вазиятни барқарорлаштириш, аҳолининг турмуш даражасини яхшилаш мақсадида умумий қиймати 4 миллиард сўмликдан зиёд 50 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. 2017-2021 йилларга мўлжалланган дастур асосида Мўйноқ туманида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.
Антониу Гутерриш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Арипов ҳамроҳлигида Орол денгизи акваториясига борди. Мўйноқ туманидаги “Кемалар қабристони”ни кўрди, жамоатчилик вакиллари билан учрашди. БМТ томонидан ҳудудда амалга оширилаётган лойиҳалар самаралари билан танишди.