Тошқинлардан ҳимояланишга 62 млрд сўм ажратилади
2017 йилда дарё, сой ва гидротехник иншоотлар қирғоқларида муҳандислик-техник ва бошқа ҳимоя тадбирларни бажариш учун 62 млрд сўм ажратилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасида бош вазир Абдулла Арипов раислигида ўтган тошқинга қарши комиссия йиғилишида маълум қилинди, деб хабар қилди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати.
Йиғилишда қайд этилишича, 2016 йилда 3,2 млн метр куб тупроқ, 131,6 минг метр куб тош, 30,6 минг метр куб бетон ҳажмдаги қирғоқ мустаҳкамлаш ва ўзан тозалаш ишлари амалга оширилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, тегишли вазирликлар, идоралар ҳамда ташкилотлар 99 маротаба тактик-махсус ўқув машқлари ўтказилди. Ўқув машқлари давомида 88 минг метр куб тупроқ ишлари, 2437 метр куб харсанг тош ишлари, 39,07 метр куб қум-шағал-тош ишлари, 484 метр куб бетон ишлари бажарилиб, 32 погон километрдан ортиқ масофадаги магистрал каналлар тозаланди.
Қайд этилишича, аэровизуал кузатувлар ва жойларни ўрганишлар йўли билан жорий йил баҳор-ёз мавсумида хавфли геологик ва гидрометеорологик ҳодисалар мониторинги кучайтирилади. Йўлларнинг кўчки ва тошқин хавфи юқори участкаларига элтувчи асосий участкаларида назорат-кузатув постлари ўрнатилади.
Тошқин, сел ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудларда истиқомат қилувчи хўжаликлар аҳолисини хавфсиз ҳудудга кўчириш режалаштирилган.
Сел, сув тошқини, кўчки хавфи мавжуд ҳудудларни муҳофаза қилиш мақсадида қирғоқ мустаҳкамлаш ишлари олиб борилади.
Хавфли ҳудудларда муҳандислик ва автомобиль техникаларини жалб қилган ҳолда қирғоқ мустаҳкамлаш ва ўзан тозалаш ишларини бажаришга қаратилган тактик-махсус ўқув машқлари ўтказилади.
манба:www.sof.uz