Пойтахтимизда Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди

Пойтахтимизда Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгашининг пленуми бўлиб ўтди

Унда депутатлар, тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, Экоҳаракат фаоллари, олимлар, мутахассислар, журналистлар иштирок этди. 

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари, Ўзбекистон Экологик ҳаракати марказий кенгаши ижроия қўмитаси раиси Б.Алихонов ва бошқалар мамлакатимизда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов ғояси асосида ишлаб чиқилган "Кучли давлатдан – кучли фуқаролик жамияти сари" тамойилининг изчиллик билан ҳаётга татбиқ этилиши жамоат ташкилотлари фаолиятини ривожлантиришда муҳим омил бўлаётганини таъкидлади. 

Ўзбекистон Экологик ҳаракати атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофазалаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, экологик таълим-тарбияни такомиллаштириш, халқаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, жамоат экологик назоратини амалга ошириш билан боғлиқ устувор вазифаларни ҳаётга татбиқ этиш борасида изчил иш олиб бораётир. 

Экоҳаракатдан сайланган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам қонун ижодкорлиги ҳамда экологик қонунчилик устидан парламент назоратини тизимли асосда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Депутатларимиз жорий йилда саккизта қонун лойиҳаси устида иш олиб борди. Натижада “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунлар янги таҳрирда қабул қилинди. 

“Экологик назорат тўғрисида”ги қонун ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга оид бошқа қонунлар талабларининг мамлакатимиз ҳудудларида бажарилишига бағишланган саккизта назорат-таҳлил тадбирлари ўтказилди. Экология соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан қирқдан кўпроқ тадбирлар ташкил этилди. 

– Атроф-муҳит муҳофазаси ва шу мақсадларга ажратилган ресурслардан оқилона фойдаланишга эришиш, қонунларнинг ижроси самарадорлигини ўрганиш фаолиятимизнинг муҳим мезонидир, – дейди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Нурия Айтжонова. – Шу мақсадда парламент эшитувлари ўтказилди, жойларда турли тадбирлар ташкил этилди. “Экологик назорат тўғрисида”ги қонуннинг ижросини таъминлаш бўйича ташкил этилган семинарларга уч мингдан зиёд мутахассис жалб этилди. Бу чора-тадбирлар экологик қонунчилик ижроси самарадорлигини ошириш, қонунларни ҳаётга изчил татбиқ этиш, бу жараёнда жамоат назоратини кучайтириш имкониятини яратмоқда. 

Экоҳаракат тизимидаги “Ишонч телефони” мунтазам фаолият юритмоқда. Жорий йилда бу хизматга аҳолидан олти юзга яқин мурожаат тушди. Тегишли ташкилотлар мутахассислари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва бошқа тузилмаларнинг масъул ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ушбу мурожаатлар юзасидан жойларда экологик рейдлар уюштирилди. 

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2017 йилнинг мамлакатимизда Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани бу борадаги ишлар кўлами, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишга йўналтирилган экологик лойиҳаларни янада кенгайтиришни тақозо этмоқда.


Пленумда ана шу йўналишдаги вазифалардан келиб чиққан ҳолда Экоҳаракат ва унинг ҳудудий бўлинмаларида жамоатчилик қабулхоналарини ташкил этиш ва уларнинг самарали фаолият юритишини таъминлаш масаласи муҳокама этилди. Чиқиндилар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, Оролбўйи генофондини сақлаш, экологик назоратнинг жамоатчи инспекторлари фаолиятини йўлга қўйиш, узлуксиз экологик таълимни такомиллаштириш ва бошқа долзарб экологик муаммоларни ҳаётга татбиқ этишда Экоҳаракат ва унинг ҳудудий тузилмалари фаолиятини такомиллаштириш, депутатларнинг фаолиятини кенгайтириш юзасидан вазифалар белгилаб олинди. 
 
манба:uza.uz
Oxirgi yangilash: 07 Ноябрь 2024