Янги насос станциялари фойдаланишга топширилди
Бухоро вилояти Пешку туманидаги “Шимолий” коллекторнинг 9-хўжаликлараро тармоғида насос станцияси фойдаланишга топширилди.
“Хархўр-Дуоба” ирригация тизими бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Зайниддин Ҳамдамовнинг таъкидлашича, туманнинг “Варахша” массиви атрофидаги ўндан ортиқ фермер хўжалиги ва аҳоли томорқасини қўшиб ҳисоблаганда, умумий экинзорлар майдони 5,5 минг гектардан ошади. Табиийки, бу майдонлардаги ҳосилдорликнинг салмоғи ернинг мелиоратив ҳолати, ерости зах суви сатҳига бевосита боғлиқ. Зах қочирилса, баҳорда чигит ва бошқа экинлар ўз муддатида тўла ундирилади. Ҳудуддаги экинзорларда ерости сизот сувлари меъёрида сақланиши учун коллекторнинг захни қабул қилиш ва равон оқиш имконияти юқори бўлиши зарур. Секундига 2 кубметр сувни зовурдан 6 метр баландликдаги “Бобоҳожи” каналига кўтариб бериш қувватига эга янги насос станцияси айни шу мақсадга хизмат қилади.
Гидроиншоотнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, у муайян даражада ирригация объекти вазифасини ҳам ўтайди. Вегетация даврида, сув тақчил бўлган ёки унга эҳтиёж ортганда, насос станцияси узатган зовур суви чучук сув билан қўшилган ҳолда далага канал орқали етказилади. Мутахассисларнинг фикрича, унинг ёрдамида “Варахша” массивидаги 1,5-2 минг гектар майдоннинг сув таъминоти яхшиланади.
Шофиркон туманидаги “Шимолий Бухоро” коллектори ўзанида ҳам “Читгарон” насос станцияси ишга туширилди. Натижада 2000 гектар ернинг сув таъминоти яхшиланди.
Мазкур объектлар Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш жамғармасининг 2,7 миллиард сўм маблағи ҳисобига “Ромитандавсувмахсуспудратқурилиш” давлат унитар корхонаси ва “Бухоросувхизмат” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди.
манба:agro.uz