Мамлакатимизда 20-21 август кунлари ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида 17 миллиондан зиёд киши иштирок этди
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида қадимий анъана ва қадриятларимиз янгича маъно ва мазмун билан бойиди. “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган ҳикмат халқимиз орасида кенг тарқалиб, эзгу даъватга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 августдаги фармойиши билан август ойи мамлакатимизда ободонлаштириш ва тозалик ойлиги деб эълон қилингани халқимизнинг бу борада ҳамжиҳатлигини янада оширишда айни муддао бўлди.
Умумхалқ хайрия ҳашари мамлакатимизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ўтди. Ҳашар кунлари мамлакатимиз бўйлаб қирқ минг гектарга яқин майдон ободонлаштирилди. Аҳоли турар жойлари, кўп қаватли бинолар атрофи, гузарлар, хиёбонлар, зиёратгоҳ ва қабристонлар тартибга келтирилди. Дарахтлар буталиб, оқланди. Йигирма беш минг километр узунликдаги ариқ-зовурлар, лотоклар тозаланди. Махсус ажратилган транспортларда чиқиндилар белгиланган жойларга чиқариб ташланди. Ободонлаштириш ишларига ўн олти мингдан ортиқ техника жалб этилди.
Қорақалпоғистон Республикасида ушбу тадбирни ташкил этишда ҳудуднинг экологик ҳолатини янада яхшилаш, меҳр-мурувват ишлари кўламини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
– Байрамлар олдидан теварак-атрофни тозалаш, ободонлаштириш, эҳтиёжманд кишилар ҳолидан хабар олиш, моддий-маънавий кўмак бериш халқимизга хос азалий қадриятдир, – дейди “Маҳалла” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси бўлими масъул котиби Мақсет Палимбетов. – Ҳашарда ҳар бир хонадон, кўча ва маҳалла ободонлаштирилди. Мустақиллик тантаналари нишонланадиган жойлар, фойдаланишга топшириладиган янги иншоотлар атрофи тартибга келтирилиб, кўча ва хиёбонлар тозаланди. Ҳамжиҳатлик, саховат ва меҳр-мурувват каби юксак фазилатлар янада яққол намоён бўладиган ҳашарда кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган оилаларга моддий ёрдам кўрсатилиб, уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашилди.
Ҳашар Фарғона вилояти шаҳар ва қишлоқларида ҳам уюшқоқлик билан ўтди. Халқимизга хос саранжом-саришталик, меҳр-мурувват белгиси ҳисобланган мазкур тадбир эрта тонгдан бошланиб, унда корхона ва ташкилотлар ишчи-хизматчилари, маҳаллалар аҳли, ёшлар ҳамда нуронийлар фаол қатнашди.
– Бунёдкорлик, саранжом-саришталик, поклик, тозалик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу фазилатдир, – дейди Данғара туманидаги “Санам” маҳалласида яшовчи Шариф Муродов. – Ҳашар кунлари бу яққол сезилиб турди. Кўчалар, йўлаклар, болалар ўйин майдончалари тартибга келтирилди. Ёшларимиз кексалар ҳолидан хабар олиб, уй ишларида кўмак берди.
Умумхалқ хайрия ҳашарида ёшларнинг фаоллиги яққол намоён бўлди. “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати йигит-қизларни бу борада янада жипслаштириш мақсадида “Юртимни обод этаман!” акциясини эълон қилди. Пойтахтимизнинг Чилонзор тумани Қозиработ маҳалласида ушбу лойиҳа доирасида ўтказилган тадбирда икки юзга яқин ёш фаол иштирок этди. Ҳашарчи йигит-қизларнинг саъй-ҳаракати билан маҳалла ҳудудидаги дарахтлар оқланиб, буталди. Йўл ва бинолар атрофидаги қурилиш ва маиший чиқиндилар чиқариб ташланди. 1,2 километр узунликдаги лоток ва ариқлар тозаланди. Болалар майдончалари тартибга келтирилди.
Ҳашар кунлари ёшларнинг “Нуронийлар эъзозимизда” акцияси ташкил этилди. Тадбир доирасида кекса ва ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз кишилар, кам таъминланган оилаларнинг уй-жой шароитларини яхшилашга кўмаклашилди.
Ватанимиз мустақиллигининг 25 йиллик тўйига тўёна сифатида маҳаллалар ҳудудида маиший хизмат кўрсатиш ва савдо шохобчалари, спорт иншоотлари, “Гўзаллик салонлари”, маҳалла гузарлари барпо этилиб, байрам арафасида фойдаланишга топширилиши режалаштирилаётир. Умумхалқ хайрия ҳашари кунлари ана шундай иншоотлардан юзга яқинининг қурилиши якунланди. Шаҳар ва қишлоқлар кўркига кўрк қўшиб турган бу иншоотлар аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш, халқимизнинг ҳаёти сифатини янада яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштиришда муҳим ўрин тутади.
Ҳашар кунлари маҳалла муҳитида шаклланган ўзаро меҳр-оқибат, аҳиллик ва тотувлик, эҳтиёжманд, ёрдамга муҳтож кимсалар ҳолидан хабар олиш каби халқимизга хос урф-одат ва анъаналар кўлами янада кенгайди.
Ҳашардан тушган маблағ “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг ҳисобрақамига ўтказилади. Бу маблағ маҳаллаларни ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш, аҳолининг ёрдамга муҳтож тоифасига кўмак бериш, кексалар, оналар ва болалар саломатлигини муҳофазалаш ҳамда “Соғлом она ва бола йили” Давлат дастурида кўзда тутилган вазифаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Ушбу хайрли тадбир минглаб эзгу ишларни, савобли амалларни бажаришга туртки бўлди. Ёшларнинг келгусида ҳам умуминсоний, миллий ва маънавий аҳамиятга эга бўлган ана шундай ишларни уюшқоқлик билан амалга оширишга рағбатини янада кучайтирди.