Мамлакатимизда 20 август куни эрта тонгдан умумхалқ хайрия ҳашари бошланди
Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида мустақиллик йилларида қадимий анъана ва қадриятларимиз янгича маъно ва мазмун билан бойиди. “Ободлик кўнгилдан бошланади”, деган ҳикмат халқимиз орасида кенг тарқалиб, эзгу даъватга айланди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 10 августдаги фармойиши асосида ташкил этилган умумхалқ хайрия ҳашарида халқимизнинг бағрикенглик, ҳамжиҳатлик, инсонпарварлик, ўзаро ҳурмат, поклик ва озодаликни сақлаш каби олижаноб фазилатлари яна бир бор намоён бўлмоқда.
20-21 август – ҳашар кунлари ҳудудлардаги турар жой даҳалари ва маҳаллаларда гул кўчатлари экиг, дарахтларни буталаш, кўчалар, йўлакларни тартибга келтириш, қурилиш ва маиший чиқиндиларни белгиланган жойга олиб чиқиш, аҳоли яшаш пунктлари, кўп қаватли бино ва ҳовлилар атрофи, гузар, хиёбон, зиёратгоҳлар, қабристонлар, ариқ ва лотокларни, шунингдек, болалар майдончаларини тартибга келтириш ишлари бажарилади.
Кекса ва ногиронлар, ёлғиз қариялар, боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд оилаларнинг уй-жой шароитини яхшилашга кўмаклашилмоқда. Бу хайрли юмушларда фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органлари, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, корхона ва ташкилотлар ходимлари, кенг жамоатчилик вакиллари фаол иштирок этаётир.
– Бунёдкорлик, саранжом-саришталик, поклик, тозалик халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган эзгу фазилатдир, – дейди Яккасарой туманидаги Қушбеги маҳалласида яшовчи Диёр Мавлонов. – Маҳаллаларда етти ёшдан етмиш ёшгача барча бир жону бир тан бўлиб ҳашар ўтказиши файзли ҳаётимиз, ободлик ва яратувчиликка интилишимиз, тинчлик-тотувлик, эзгуликни қадрлашимизнинг муҳим ифодасидир. Кўчалар, йўлаклар, болалар ўйин майдончалари тартибга келтирилмоқда. Зотан, озода жойда қут-барака бўлади, ривожланиш бўлади.
Ҳашар давомида мамлакатимизнинг турли ҳудудларида янги-янги маҳалла гузарлари, маиший савдо ва сервис шаҳобчалари, оилавий поликлиникалар, таълим муассасалари, болалар майдончалари, қишлоқ врачлик пунктлари ва бошқа турдаги ўнлаб объектлар фойдаланишга топширилади.
манба:uza.uz