Метеорология хизматида замонавий технологиялар

Яқин ва узоқ муддатда кутилаётган об-ҳаво маълумоти, дарёлар сув сатҳи ҳамда иқлим ўзгаришини олдиндан аниқлаш Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришнинг муҳим шартларидан биридир. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази – «Ўзгидромет» бу борада замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ва гидрометеорология ускуналаридан кенг фойдаланмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг 2012 йил 21 мартдаги “Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ «Ўзгидромет» кузатув тармоғини кенгайтириш имконини берадиган автоматлаштирилган замонавий метеорология станцияларини ташкил этмоқда. Кузатувлар давомида олинган ахборотга ишлов беришда кўплаб вазифаларни бажаришга мўлжалланган электрон метеорологик комплекс ишга туширилди. Оптик толали ва йўлдош алоқа каналлари орқали АКТ тармоқлари имкониятларидан самарали фойдаланишга асосланган бу комплекс бутун дунёдан олинадиган турли гидрометеорология ахборотини «Ўзгидромет»га етказиб беради. 

Шунингдек, бир қанча геостационар ва қутб-орбитал метеорологик йўлдошлар ахборотини тезкор қабул қилиш йўлга қўйилган. Йўлдош маълумотларига ишлов беришнинг замонавий тизимлари жорий этилган бўлиб, бу турли метеорологик ҳамда бошқа вазифаларни ҳал этишга ёрдам бермоқда. 

Замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш мамлакатимизда гидрометеорология маълумотларини тезкор тарқатиш ва улардан фойдаланиш имконини бермоқда. Айни пайтда «Ўзгидромет»да олти кунга мўлжалланган ўрта муддатли об-ҳаво маълумотлари тузилмоқда. 

Сўнгги русумдаги ускуна ва ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилаётгани қисқа ва узоқ муддатда об-ҳаво ҳамда иқлим ўзгаришини тезкор аниқлаш имконини бермоқда. Бу эса Ўзбекистон иқтисодиётининг барча соҳаларини ривожлантиришга таъсир кўрсатади. 

 
манба:uza.uz