Бутун дунёда глобал иқлим ўзгаришлари кузатилаётган бир пайтда қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш долзарб масалага айланиб улгурди. Афсуски, обиҳаётдан жойларда ҳамон бепарволарча фойдаланиш ҳолатлари такрор-такрор учрамоқда. «Сувхўжаликназорат» инспекцияси ходимлари сувдан фойдаланишга доир қонун бузилиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаб, тегишли чоралар кўрмоқда.
Инспекциянинг Сурхондарё вилояти бошқармаси назоратчилари томонидан жорий йилнинг биринчи чораги давомида сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартибларига риоя этилиши бўйича ўтказилган назорат тадбирларида жами 132 та ҳолатда қонун бузилиш ҳолати содир қилингани аниқланди. Жумладан, 4 та ҳолатда ғаллазор ва тўқсонбости экинларни кўллатиб суғориш, 3 та ҳолатда обиҳаётни беҳуда зовурга оқизиб қўйиш, уч ҳолатда сувдан фойдаланиш режасини ишлаб чиқмаслик, 13 та ҳолатда рухсатсиз, яъни шартнома тузмай сув олиш, 12 та ҳолатда обиҳаётдан махсус фойдаланиш ёки истеъмол қилишга рухсатнома олмай фойдаланиш, 20 та ҳолатда ёзма буюртманомасиз ва хабарномасиз сув олиш, 7 та ҳолатда сувни бошқариш ва ўлчаш воситалари билан жиҳозламай сув олиш, 7 та ҳолатда сув олиш қулоқларида сувни бошқариш воситалари носоз, 11 та ҳолатда гидропостлар таъмирталаб, 12 та ҳолатда сувнинг кундалик ҳисоби журналларини рўйхатдан ўтказмаслик, 4 та ҳолатда берилган ва олинган сувнинг ҳисобини қайд этмаслик, 21 та ҳолатда журналларни хатолик билан тўлғазганлик каби хатоликларга йўл қўйилгани аниқланди. Масалан, «Тўпаланг-Қоратоғ» ИТБ балансидаги «Пўстин» каналига сув лимитга нисбатан ортиқча берилган. Шунингдек, «Тўпаланг-Қоратоғ» ИТБ назорат нуқтасида сувни онлайн кузатиш қурилмасидан фойдаланишда нотўғри қайд қилиш ҳолатига йўл қўйилган.
Бундан ташқари, хизмат кўрсатувчилар томонидан буюртномасиз сув бериш ҳолатлари ҳам тез-тез содир этилаётир. Барча туманлар «Сув етказиб бериш хизмати» ДМлар мутахассислари туманлараро аҳамиятдаги суғориш тармоқларидан сув олиш учун истеъмолчилар томонидан тақдим қилинган ёзма буюртманомаларни жамлаб, ҳавза бошқармасига тақдим этиши шарт ва рухсатномадан сўнггина сувни ажратиш белгиланганига қарамай, Денов тумани ДМ мутахассислари «Ҳазорбоғ» каналидан «Тожикон» сув очиш нуқтасидан ёзма буюртманомасиз истеъмолчилар даласига сувни очиб берган. Сариосиё тумани ДМ ирригаторлари эса «Дашнобод» каналидаги сув олиш нуқталарида рейкани тўғри ўрнатмаган. Сув очиш нуқталарида сув сарфи бўйича сув ўлчаш ишлари бажарилмаган ёки қанча сув оқиб тургани журналларда қайд қилинмаган. Назортчиларимиз Шеробод тумани ДМ балансидаги Р-18 каналининг ПК-35+20 қисмидаги ҳамда «Аму-Занг» ИТБга қарашли «Боботоғ» каналининг «Камолот оқма» сув бериш нуқталарида сувни бошқариш ва ҳисобга олиш воситалари носозлигини аниқлаб, хизмат кўрсатувчи ирригация ташкилотларига тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилган. Шу тумандаги Р-13 каналида 4 та сув тақсимлаш нуқталарида гидротехника иншоотлари ҳамда гидропостлар таъмирталаб бўлишига қарамай, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар созлаш чорасини кўрмаганлиги учун огоҳлантирилди.
Назортчиларимиз туманлар ДМлар томонидан суғориш тармоқларига етказиб берилаётган сувнинг ҳисоб-китобини юритиш ҳолатини ўрганганда 21 та ҳолатда сув олиш жойларида сувнинг ҳисоб-китоби юритилмагани, 13 та ҳолатда журналларда сувнинг ҳисоби чиқарилмагани, 23 та ҳолатда сувдан фойдаланаётган истеъмолчиларнинг журналларда имзоси қўйилмагани ва хатоликлар билан юритилгани, 4 та ҳолатда сувни етказиб бериш ва қабул қилишда ойлик далолатномалар тузилмаганлиги, 6 та ҳолатда ёзма буюртманомаларсиз сув берилгани, 8 та ҳолатда сув истеъмоли юзасидан шартномалар тузилмагани аниқланган. Ушбу камчиликларга нисбатан 28 та ҳолатда 13,5 миллион сўм маъмурий жарима, 36 та ҳолатда 18,3 миллион сўмлик молиявий жарима санкцияси қўлланилган. 4 та ҳолат бўйича тўпланган материаллар ҳужжати судларга юборилган.
Шунингдек, камчиликларни бартараф этиш ва ходимларнинг масъулиятини ошириш мақсадида сув истеъмолчилари ҳисобланган юридик ва жисмоний шахслар раҳбарларига тегишли чора-тадбирлар белгилаши учун битта тақдимнома ва 21 та ёзма хатлар киритилди. Бундан ташқари, қонун бузилиши ҳолатларининг эрта олдини олиш ниятида 46 та ҳолатда сувдан фойдаланувчиларга огоҳлантиришлар берилди.
Маълумки, сувни тақсимлаш ва сувдан фойданишда гидрометрия хизмати ва гидрометр мутахассислар ўта зарур. Назортчиларимиз вилоятдаги сув хўжалиги ташкилотларида гидрометрия хизмати фаолиятини ўрганганда қатор камчиликлар мавжудлиги ойдинлашди. Хусусан, ИТБ ва ДМлардаги ГР-21 русумли 34 та сув ўлчаш вертушкасининг 13 таси бошланғич тартибда қиёсловдан ўтказилмаган. Боз устига аксарият гидрометр ходимлар сув ўлчаш сертификатига эга эмас. Вилоят сув хўжалиги ташкилотларида меҳнат қилаётган 121 нафар гидрометрнинг фақат 17 нафаригина олий маълумотли мутахассис, қолгани ўрта махсус маълумотлилардан иборат. Уларнинг фақат 6 нафари сув хўжалиги объектларидаги гидропостларни аттестациядан ўтказиш ҳуқуқини берувчи сертификатга эга, холос. Бу каби камчиликларни зудлик билан бартараф этиш ва гидрометрия хизмати фаолиятини яхшилаш юзасидан ИТБ ва ДМлар раҳбарларига тақдимномалар тақдим этилди.
Акмал НОРМУРАТОВ,
«Сувхўжаликназорат» инспекцияси
Сурхондарё вилояти бошқармаси
бош мутахассиси