СУРХОНДАРЁДА СУВ РЕСУРСЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲОЛАТЛАРИ МУНТАЗАМ НАЗОРАТ ҚИЛИБ БОРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси ходимлари зиммасига сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли тартиби, шунингдек, сув олиш лимитларига барча сув истеъмолчилари, фермер хўжаликлари қатъий риоя этиши бўйича тизимли назорат ўрнатиш ҳамда бу борада қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйганларга нисбатан тегишли чора кўриш вазифаси юклатилган.

Инспекциянинг Сурхондарё вилояти бошқармаси мутахассислари тез-тез жойларга чиқиб, истеъмолчилар томонидан сув ва сув ресурсларидан фойдаланиш тартиб-тамойилларга қандай амал қилинаётганини мунтазам назорат қилиш баробарида қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйганларга нисбатан қатъий чоралар кўришаётир.

Куни-кеча инспекция мутахассислари – Раҳматулла Муродов ва Отабек Қиличевлар Термиз тумани «Сув етказиб бериш хизмати» ДМ балансидаги бир неча канал ва суғориш тармоқларини назорат қилиб, обиҳаётдан истеъмолчилар қандай тартиб ва мақсадда фойдаланаётгани ҳолатини ўргандилар. Жумладан, «Термиз» каналидан даласига сув олаётган «Асадбек Давлатов» фермер хўжалиги аъзоларига сувдан мақсадли фойдаланиш тартиблари тушунтирилди. Каналдан сув тортиб чиқаришда ишлатилаётган энергия тежамкор сувости насос агрегатларидан фойдаланиш қоидаларига амал қилиш юзасидан тавсия берилиб, камчиликлари кўрсатилди. Хусусан, насос агрегатидан каналга сув оқизиш учун ўрнатилган полиэтилен қувур анчадан буён ер устида очиқ ҳолда тургани, электр линиясига уланган насос агрегатини ўчириш ва юритишда фойдаланаётган қурилмани очиқ ҳолда қолдирмай қулф ўрнатиш ҳамда полиэтилен қувурни ҳимоялаш чораларини кўриш тавсия этилди. Бошқа сув истеъмолчиларига ҳам анча йиллар аввал ўрнатилган насос агрегатларидан воз кечиб, энергия тежамкор ва кам энергия билан ҳам кўпроқ сув чиқариш қувватига эга замонавий насос агрегатлари ўрнатиш зарурлиги билдирилди.

Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати

манба:https://gov.uz/uz/suvchi/news/view/20097