Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитаси йиғилишида Сув хўжалиги вазирлигининг ахбороти эшитилди.
Йиғилишда вазирнинг биринчи ўринбосари Т.Бутунбаев тизимда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ишлар изчил амалга оширилаётганлигини таъкидлади. Хусусан, бюджет маблағларининг мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан масофавий тарзда мониторинг ва назорат олиб бориш йўлга қўйилган. Вазирлик ва тизим ташкилотларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнлари электронлаштирилган.
Вазирлик веб-сайтида коррупция ҳолати тўғрисида маълумот юбориш каналлари, жумладан, “Ишонч телефони”, телеграм, фейсбук ва электрон почта манзиллари ишлаши таъминланган.
Ишга қабул қилиш жараёнидаги бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, мавжуд бўш лавозимларга ишга қабул қилишни Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги билан биргаликда ўтказиладиган очиқ
ва шаффоф танловлар асосида амалга ошириш ҳамда танлов доирасидаги синов тадбирларини Интернет тармоғи орқали реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилган.
Мамлакатимиз Президентининг 2024 йил 5 январдаги ПҚ-5 сонли қарори билан қуйи бўғин ходимларининг ойлиги 2 баробарга оширилди, уларга қатор рағбатлантириш механизмлари жорий қилинди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 7 майдаги ПФ-74-сонли Фармони билан ўрта ва юқори бўғин ходимларининг ойлиги оширилди, бошқарувнинг янги механизмлари жорий этилди. Буларнинг барчаси коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш борасида ишлар самарадорлигини таъминлашга ҳисса қўшади, албатта.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан Сирдарё-Сўх ҳамда Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаларида ўрганишлар олиб борилди. Йиғилишда бу борадаги ахборотлар тингланди.
“Сирдарё-Сўх” ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси мавжуд эмас эди. Ўрганиш жараёнида Корупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси тузилиб, ҳолат бартараф этилди.
Коррупциявий хавф-хатар юқори бўлган лавозимда ишловчи ва бошқа ходимларни, шу жумладан ишга қабул қилинган ходимларни коррупцияга қарши курашиш бўйича тайёрлаш, қайта тайёрлашга оид махсус ўқув дастурлари ва қўлланмалари ишлаб чиқилди.
“Сувхўжаликназорат” инспекцияси Фарғона вилоят бошқармаси томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда рухсатнома олиб текшириш йўлга қўйилди.
Норин-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ҳам Коррупцияга қарши курашиш бўйича ички назорат тузилмаси фаолиятини ташкил этиш билан боғлиқ масалага ечим топилди. Бошқарма томонидан Давлат харидлари, қонунда белгиланган тартибларга риоя этмаслик, манфаатлар тўқнашуви борасида камчилик ва хатоларга йўл қўйилганлиги аниқланиб, бартараф этилди.
Эшитувда вазирлик тизимидаги ташкилотларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорлик алоқалари талаб даражасида йўлга қўйилмаганлиги, Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши топшириқлари ижросидаги камчиликлар танқидий муҳокама қилинди.
Сув хўжалигида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш фаолиятини амалга оширувчи (комплаенс назорат) хизматга етарли даражада эътибор қаратиш, давлат харидларини ташкил қилишда қонунда белгиланган тартибларга риоя этиш, манфаатлар тўқнашувига барҳам бериш бўйича зарур тавсиялар илгари сурилди.
Депутатлар коррупцияга қарши курашиш борасида жамоатчилик ва аҳоли билан доимий қайта алоқани йўлга қўйиш, тизимда “комплаенс назорат” бўлинмалари фаолиятини танқидий кўриб чиқиш ва коррупциянинг олдини олишга қаратилган аниқ чоралар кўриш юзасидан қатор таклифлар беришди.
Кун тартибидаги масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.
манба:www.uza.uz