Республикамиз ҳудудида Сангзор деб номланган мўъжазгина дарё мавжуд. Туркистон тоғ тизмаси булоқлари сувидан ҳосил бўладиган бу дарё салкам 150 чақирим “йўл босиб”, Жиззах вилоятининг Бахмал, Ғаллаорол ва Шароф Рашидов туманлари далаларини обиҳаёт билан таъминлайди.
Сангзор кичик, аммо “асов” дарё. Унинг денгиз сатҳидан салкам 3 ярим минг метр баландликдан оқиб тушадиган суви ўз йўлидаги ҳар қандай тошни парчалаш, гил ва тупроқни олис-олисларга элтиб ташлашга қодир.
Маълумки, “Сангзор” атамаси форсчадан туркийга ўгирилганда “тошлоқ”, деган маънони беради. Айтилганидек, асрлар давомида оқиб ётган дарё ҳарсангларни ғилдиратиб, парчалаб, силлиқлаб, катта-кичик тошларга айлантиради. Унинг тошу-шағали Жиззах воҳаси аҳлининг қурилишдаги эҳтиёжини узоқ йиллардан буён қондириб келмоқда. Дарёнинг тоши ва қум-шағали бетон, йўлак ва пойдеворга ишлатилади.
– Табиат билан ўйнашиш салбий оқибатлар келтириши исботланган, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекциясининг Жиззах вилояти бўйича инспектори Жўра Қораев. – Қум, шағал ва тошни қайта ишловчи тадбиркорлик субъектлари, уларни сотиб пул топаётган одамлар Сангзор дарёси ўзани ва қирғоқбўйи ҳудудларига жиддий зарар етказмоқда.
Хўш, қарийб ярим асрлик умрини табиат муҳофазаси, ирригация- мелиорация иншоотлари, сув ресурсларидан оқилона фойдаланишдек хайрли ишга бағишлаган, самарали фаолияти учун “Дўстлик” орденига сазовор бўлган Жўра Қораевни нима ташвишга солмоқда?
Маълумки, Президентимизнинг 2018 йил 9 июлдаги “Ички бозорни қум-шағал материаллари билан барқарор таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳузурида “Хавфсиз дарё” ДУК ташкил этилган. Дарё ўзанларидан қум-шағал қазиб олиш ишларни тартибга солиш бир қатор масъул идоралар билан ҳамкорликда “Хавфсиз дарё” ДУК зиммасига юкланган.
– Тўғри, юртимизда тадбиркорлик соҳасига эътибор қаратилмоқда. Ишбилармонлар қатор имконият ва имтиёзларга эга, – дейди Ж.Қораев. – Аммо, Сангзорбўйида айрим қўштирноқ ичидаги “бизнесменлар” бундай қулайликлар фақат “мен учун яратилган”, деган хаёл билан иш тутишмоқда. Улар “Хавфсиз дарё” ДУК ҳисобига маблағ ўтказиб, аукционда дарё ўзанидан ер участкалари сотиб олишяпти. У ердан тош, қум, шағал қазиб олиб, эҳтиёжларини қондиришмоқда. Аммо зиммаларидаги асосий вазифа – дарё ўзанини тўғрилаш ишларини “эсдан чиқариб” қўйишаётир.
Битта мисол: “BINAR TEXNO” шўба корхонаси 20 йилдан буён Сангзор дарёсининг Ғаллаорол тумани ҳудудидан тош қазиб олади. Корхона вилоят экологлари, фавқулодда вазиятлар бошқармасиСув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси томонидан бир неча марта огоҳлантирилган ва жаримага тортилган бўлсада, ўз билганидан қолмаяпти. Дарё ўзанини тозалаш-тўғрилаш ишларига умуман эътибор қаратмайди. Натижада корхона учун ажратилган ҳудудда дарёнинг туби 3 метргача пасайиб, эни 200–300 метргача кенгайиб кетган.
Бундай мисоллар жуда кўп.
Яна шуни қўшимча қилиш керакки, тош савдоси билан шуғулланаётган корхоналарнинг аксариятида оқова сувни бирламчи тозалашга мослашган ўралар (отстойниклар), махсус ҳовузлар қурилмаган. Оқибатда қум-шағал ювишда иштатилган ифлос сув яна тўғри дарёга оқизилмоқда.
Қум-шағалининг аёвсиз қазиб олиниши натижасида дарё устидаги айрим кўприкларнинг таянчлари атрофи ҳам ювилиб кетаётир. Аслида, ҳукуматнинг тегишли қарорига кўра, ўзан бўйлаб дарё кўприкларидан юқори ва пастга қараб 2,5 километргача бўлган масофани ковлаш умуман тақиқланган.
Дарё ва унга параллел барпо этилган “Эски Туятортар” каналининг бетон қопламалари, гидротехник иншоотлари созлигига путур етмоқда. Тошкент-Термиз халқаро автойўли, шу ҳудуддаги темир йўлнинг Сангзор ёнидан ўтган қисмида қирғоқни мустаҳкамлаш зарурати туғиляпти. Сўнгги 3 йил ичида бу борадаги ишлар учун давлат бюджетидан 27 миллиард маблағ сарфланди.
Ғаллаоролдаги Жарғоқ, Ўрта, Бойларовул, Олмасувон, Гадой, Сарой, Явош, Чувиллоқ, Заргарлик, Бахмалсой қишлоқлари аҳолиси дарё ўзанининг пастлаб кетганлиги сабабли ўз томорқаларига сув чиқара олишмаяпти.
– Хуллас, иш шундай кетадиган бўлса, бу ҳудудда иқтисодий ва экологик муаммо юзага келиши, вақтида серсув, табобат ва наботот олами бетакрор бўлган Сангзор дарёсининг келажаги хавф остида қолиши мумкин, – дея бонг уради “Дўстлик” ордени соҳиби Жўра Қораев...
Худойберди Каримов,
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот котиби
ахборот хизмати