Президентимиз жорий йилнинг 18 апрель куни ўтказган йиғилишида сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш масалаларига тўхталиб, сув хўжалиги вазирлигига қарашли насос станцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий сектор бошқарувига беришни долзарб вазифалардан бири сифатида таъкидлаганди. Сурхондарё вилоятида топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги насос станциялари ва энергетика бошқармаси таркибидаги насос станцияларининг 16 тасини хусусий секторлар бошқарувига бериш бўйича ишлар бошланди.
– Яқинда вилоятда фаолият кўрсатаётган кластер ташкилотлари раҳбарлари билан йиғилиб, агрокластерлар экин майдонларини суғоришда фойдаланаётган насос станцияларини ўзларига хусусий шерикликда фойдаланишга топшириш бўйича битим туздик, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ Давлат-хусусий шерикликни ташкил қилиш ва мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Отабек Мингқобилов. – Шу ҳисобда шу йилнинг то август ойигача Насос станциялари ва энергетика бошқармаси таркибидаги жами 16 та насос станцияси, жумладан, Денов туманидаги «Минора», «Отқамар» насос станциялари «Surxon sifat tekstil», Жарқўрғон туманидаги «Халқобод-1», «Халқобод-2», «Халқобод-3» насос станциялари «Sag agro jarqo'rg'on», Музработ туманидаги «Жайхун», К-5, «Қўнғирот», «Янгиобод-3», «Оқтошобод-2» насос станциялари «SCT Cluster Choli», Термиз туманидаги «Ойкўл», «Аэропорт», «Янгиариқ» насос станциялари «Инденим кластер», Шўрчи туманидаги «Қораариқ», «Галашерик», «Чаёнтепа» насос станциялари «Sho'rchi Indenim cluster» МЧЖлар тасарруфига давлат-хусусий шериклик шартлари асосида фойдаланишга топширилади.
Айни дамларда мазкур насос станциялари лойиҳаларини тайёрлаш ва топшириш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz