Сув хўжалиги соҳасидаги маъмурий ислоҳотларнинг негизи қуйи бўғиндаги тизимни мустаҳкамлашга қаратилган. Хусусан, энг қуйи бўғин ҳисобланган туман ирригация бўлимлари қошидаги сув хўжалигининг махсус хизматлари билан истеъмолчиларнинг муносабатларини такомиллаштириш, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилаш зарур. Истеъмолчининг мурожаати, унинг сув билан боғлиқ муаммоси қуйи тизимда ҳал этилмаса, бундан ўрта ва юқори бўғин ўз вақтида хабардор бўлиб, муаммони тезкорлик билан ҳал этиш механизми йўлга қўйилсагина “вазир-мироб-фермер” занжири амалда натижа беради ва сув ресурсларини бошқаришдаги бюрократик тўсиқлар бартараф этилади. Бунинг учун, биринчи навбатда, сув хўжалигининг махсус хизматларини ёш, фидойи, билимли, ташаббускор ва интилувчан кадрлар билан мустаҳкамлаш, энг сара мутахассисларни бу хизматга жалб этиш лозим, шунингдек, суғориш мавсумида масалаларни ечиши ва меҳнати билан ўзини кўрсатганларни лавозимда ўсишини йўлга қўйиш орқали махсус хизмат ходимлари фаолиятига мотивация бериш зарур.
Бугун сув хўжалиги вазирлиги тизимида ўтказилган селектор йиғилишида ана шулар ҳақида сўз юритилди. Фарғона вилоятида хизмат сафарини амалга ошираётган Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев селектор йиғилишини бошқарар экан, тизимдаги маъмурий ислоҳотлар доирасида вазирлик фаолиятининг 10 та асосий йўналишлари белгилаб олинганлигини таъкидлади. Булар: ихчам ва самарали бошқарувга ўтиш, сув ресурсларини бошқариш, трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланиш, таълим, илм-фан ва тармоқ интеграцияси, кадрлар салоҳиятини ошириш, соҳани рақамлаштириш, давлат-хусусий шериклик ва аутсорсинг, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация ва мелиорация тадбирлари, инвестиция ва техник кўмак маблағларини жалб қилиш йўналишларидир.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 25 январдаги ПФ-14-сонли Фармонига биноан, Сув хўжалиги вазирлигининг бошқарув штат бирликлари сони 1115 та этиб белгиланганлиги, бу жараёнда 424 та штат бирлиги ва тизимдаги 16 та ташкилот мақбуллаштирилиши айтиб ўтилди.
Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарори билан Бахтиёр Камалов Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари, Дилшоджон Ходжиахмедов Сув хўжалиги вазирининг ўринбосари, Зафар Ирисбоев Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси бошлиғи лавозимига тайинланди. Бугунги йиғилишда улар тизим ходимларига таништирилди ва иш фаолиятларини бошладилар.
Ҳудудий ташкилотларга кузги-қишки тадбирлар, қурилиш ишларини давом эттириш, ёрдамчи хўжаликлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича топшириқлар берилди.
Сувчилик – улуғ касб. Бу касб эгалари доим халқнинг эътиборида, ҳурмат-иззатида бўлган. Вазир ўз сўзида сувчилик касбини улуғлаш, жонажон халқимизнинг розилигига эришиш ва Президентимиз билдирган ишончни оқлаш учун соҳанинг барча ходимларини бирдамлик ва аҳиллик билан ишлашга, ташаббускор бўлишга даъват этди.
Ахборот хизмати
Манба:www.water.gov.uz