Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраевнинг жорий йил 23–24 май кунлари Хоразм вилоятига хизмат сафарида чоғида берган тавсиясига асосан вилоятда сув хўжалиги масалаларини ўрганиш ва маслаҳатларини олиш учун сув хўжалиги фахрийлар кенгашининг ҳудудларга чиқиши ташкил этилди.
28 май куни “Шовот-Қуловот” ирригация тизими бошқармаси ҳисобидаги хўжаликлараро “Дарёлик-арна” каналининг Янгибозор тумани ҳудудидаги ПК110+00 пикетидаги сув иншоотига сув хўжалигининг йигирма нафардан зиёд фахрийлари ташриф буюришди.
Улар сув иншоотида амалга оширилган тадбирлар, жумладан, гидротехник иншоотнинг автоматлаширилгандан кейинги иш фаолияти, иншоотнинг техник ҳолати, атрофларини ободонлаштириш ҳамда ёрдамчи хўжаликларни ташкил этиш ишларини кўзда кечириб, керакли маслаҳатлар бердилар.
Амалга оширилган ижобий ишлар билан бир қаторда, бажарилиши лозим бўлган вазифалар ҳам таъкидлаб ўтилди. Хусусан, “Давсувхўжаликназорат” инспекцияси Хоразм вилояти инспектори Кенжабой Артиқов сув иншоотининг техник ҳолатини кўздан кечириб, иншоотнинг паспортини янгилаш, устки қисмидаги тушган бетон қисмларини қайтадан таъмирлаш, переметри бўйлаб панжаралар ўрнатиш, электр энергия билан таъминловчи трансформаторни бўяш, затворларни тозалаш, ён томонларига сув ўтказмайдиган қилиб резиналар ўрнатиш, тунги ёритиш чироқларининг созлигини текшириш, канал ичидаги ва атрофидаги дарахтларни тартибга келтириб оҳаклаш, қуриган дарахтларни олиб ташлаш ва янги кўчат экиш ҳамда гидротехник иншоот ёнидан ичимлик сув таъминоти учун қазиш ишлари бўлаётганлиги сабабли масъул ташкилотга техник шартлар бериш зарурлиги бўйича кўрсатмалар берди.
Фахрий кенгаш аъзолари томонидан, канал атрофларига гул, туя арчаси ва гужум дарахти кўчатлари экиш, ёрдамчи хўжаликни ривожлантириш учун 100 та қўй-эчки, 300 та парранда ва ҳовузда 5,0 тонна балиқ етиштиришни йўлга қўйиш, 1,0 гектар майдондаги ғалладан кейин шоли ва сабзи экиш, канал атрофидаги ёнтоқ ўсимликларини дағал хашак қилиш бўйича ҳам тавсиялар берилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz