Бу вазиятда ягона ечим сув хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш, рақамлаштиришни жадаллаштириш ва сувни тежайдиган технологиялар кўламини янада кенгайтиришдир.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси қабул қилинган бўлиб, унинг асосида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Концепцияда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил 1 март куни қабул қилинган «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида қуйи бўғинларда сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини тўлақонли юритиш, сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни такомиллаштириш ҳамда ушбу жараёнларга хусусий секторни кенг жалб қилишнинг ҳуқуқий механизмлари белгилаб берилган.
Ушбу қарор ижросини таъминлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги Ахборот хизмати раҳбари Шуҳрат Суюнов қуйидагиларни маълум қилди.
- Республикамизда сув ресурсларини бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда сув муносабатларини янада такомиллаштириш, сувдан тежамли ва самарали фойдаланиш юзасидан бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, ҳудудларда қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш, сув танқислиги шароитида истеъмолчилар ўртасида сув тақсимлаш, сувнинг ҳисоби ва ҳисоботини юритиш ҳамда сувдан фойдаланиш самараси пастлигича қолаётган эди, - дейди Ш.Суюнов.- Қарорга асосан, барча ҳудудларда туман ирригация бўлимлари таркибида, туман ирригация бўлимлари мавжуд бўлмаган туманларда ирригация тизими бошқармаси таркибида жами 160 та юридик шахс мақомига эга бўлмаган хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи сув хўжалигининг махсус хизмати ташкил этилди. Ушбу хизматлар сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш ва кўрсатилган сув хўжалиги хизматларидан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.
Ҳозирги кунга келиб барча махсус хизматлар томонидан сув истеъмолчиларига кўрсатиладиган сув хўжалиги хизматлари ва уларга талаб қилинадиган маблағлар бўйича бизнес режа тайёрланишига эришилди. Бунда биринчи навбатда туман ирригация бўлими таркибидаги махсус хизматнинг паспорти, 2022 йил учун харажатлар режаси, ходимларнинг штат жадвали, шунингдек, амалга ошириладиган ирригация-мелиорация тадбирлари режаси ишлаб чиқилди. Махсус хизмат билан сув истеъмолчиси ўртасида сувни етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа хизматлар учун тўланадиган маблағлари кўрсатилган ҳолда шартнома тузишишлари якунига етказилди.
Шуни алоҳида қайд этишим лозимки, эндиликда фермер хўжаликларига уларга бевосита хизмат кўрсатувчи ички суғориш ҳамда коллектор-дренаж тармоқлари, улардаги бош ва ички сув олиш ҳамда бошқа сув хўжалиги объектларини тегишли далолатномалар ва туман ҳокимлари қарори асосида берилиши таъминланади. Шунингдек,давлат сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш учун хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга беришни ташкил қилиш бўйича ҳам жойларда иш олиб борилмоқда.
Бугунги кунда туман ҳудудидаги барча мавжуд каналлар, гидротехник иншоотлар, суғориш тармоғи, лоток, насос агрегатлари, суғориш қудуқлари ва бошқа сув хўжалиги объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.
Давлат сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш учун хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга беришни ташкил қилиш бўйича ҳам жойларда иш олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, мазкур қарор сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, сув хўжалигининг қуйи органлари фаолиятини такомиллаштириш, сув хўжалигига давлат бюджетидан ажратилаётган маблағларни камайтириш ва соҳага хусусий сектор маблағларини жалб этишни рағбатлантириш ҳамда сув истеъмолчиларига кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада яхшилашга хизмат қилади.
Муҳайё Тошқораева ёзиб олди, ЎзА
манба:www.uza.uz