СУВ ХЎЖАЛИГИНИНГ ҚУЙИ БЎҒИНЛАРИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Сув Яратганнинг бутун борлиққа, хусусан, инсон зотига инъом этган энг улуғ неъматларидан биридир. Сувчиларимиз шуни юрагидан ҳис этган ҳолда халқимизга оби ҳаётни етказиб бериш учун фидокорона меҳнат қилмоқдалар. Насос станциялари кечаю-кундуз ишлаб турибди, каналлар, ариқларни тозалаб, сувнинг равон оқишини таъминлаш, зовур-коллекторларни тозалаш-таъмирлаш орқали ерларнинг унумдорлигини ошириш, сел-тошқинларни беталофат ўтказиш каби юмушлар доимгидек сувчиларнинг асосий эътиборида. 

Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020–2030 йилларга мўлжалланган концепцияси асосида сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сув хўжалигини модернизация қилиш ва ривожлантириш бўйича ислоҳотлар изчил олиб борилмоқда.

Хусусан, қуйи бўғинда сув ресурсларини самарали бошқариш, уларнинг ҳисоби ва ҳисоботини тўлақонли юритиш, сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни такомиллаштириш ҳамда ушбу жараёнларга хусусий секторни кенг жалб қилиш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 1 март куни “Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш ҳамда сув истеъмолчилари орасидаги муносабатларни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан сув ресурсларини қуйи бўғингача Сув хўжалиги вазирлиги ва унинг тизимидаги ташкилотлар томонидан етказиб берилиши белгилаб берилди.

Ушбу қарор асосида барча туман ирригация бўлимлари таркибида, туман ирригация бўлимлари мавжуд бўлмаган туманларда ирригация тизими бошқармаси таркибида жами 160 та юридик шахс мақомига эга бўлмаган хўжалик ҳисобида фаолият юритувчи сув хўжалигининг махсус хизмати ташкил этилди. Ушбу хизматлар сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш ва кўрсатилган сув хўжалиги хизматларидан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳозирги кунга келиб барча махсус хизматлар томонидан сув истеъмолчиларига кўрсатиладиган сув хўжалиги хизматлари ва уларга талаб қилинадиган маблағлар бўйича Бизнес режа тайёрланди. Бунда биринчи навбатда туман ирригация бўлими таркибидаги махсус хизматнинг паспорти, 2022 йил учун харажатлар режаси, ходимларнинг штат жадвали, шунингдек, амалга ошириладиган ирригация-мелиорация тадбирлари режаси ишлаб чиқилди.

Махсус хизмат билан сув истеъмолчиси ўртасида сувни етказиб бериш ва кўрсатилган бошқа хизматлар учун тўланадиган маблағлари кўрсатилган ҳолда шартнома тузиш ишлари якунига етказилди.

Ҳар бир сув олиш иншооти, насос станцияси, суғориш қудуқлари бўйича сувнинг икки (уч) томонлама кундалик ҳисоб журнали, ҳисоби ва ҳисоботи юритилиб, ҳар ой якуни билан етказиб берилган сув ҳажми кўрсатилган далолатномалар расмийлаштириб борилмоқда.

Туман ҳудудидаги барча мавжуд каналлар, гидротехник иншоотлар, суғориш тармоғи, лоток, насос агрегатлари, суғориш қудуқлари ва бошқа сув хўжалиги обектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ишлари жадаллик билан амалга оширилмоқда.

Хатлов натижаларига кўра, қишлоқ хўжалиги ер участкалари мавжуд бўлган кластерларга – уларга тегишли майдонлардаги барча хўжаликлараро ва ички суғориш ҳамда коллектор-дренаж тармоқлари, улардаги бош ва ички сув олиш ҳамда бошқа сув хўжалиги объектлари;

фермер хўжаликларига – уларга бевосита хизмат кўрсатувчи ички суғориш ҳамда коллектор-дренаж тармоқлари, улардаги бош ва ички сув олиш ҳамда бошқа сув хўжалиги обектларини тегишли далолатномалар ва туман ҳокимлари қарори асосида берилиши таъминланади.

Шунингдек, давлат сув хўжалиги объектларидан фойдаланиш учун хусусий секторни кенг жалб қилиш ҳамда сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий секторга беришни ташкил қилиш бўйича ҳам жойларда иш олиб борилмоқда.

 

Сув ресурслари ва сувдан фойдаланиш бошқармаси

манба:www.water.gov.uz