Айдар-Арнасой кўллар тизимидан оқилона фойдаланишни таъминлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, балиқчиликни ривожлантириш, шунингдек, табиий сув ҳавзаларида балиқларни кўпайтириш чора-тадбирларини амалга ошириш бўйича
2005 йилдан буён Айдар-Арнасой кўллар тизимида сув камайиб бораяпти. Мазкур жараён шу тарзда давом этадиган бўлса, кўллар тизими ва унга туташ ҳудудларда экологик ҳолат ёмонлашишига олиб келиши мумкин.
Айдар-Арнасой кўллар тизимидан самарали фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилаш, аҳолининг балиқ ва балиқ маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қондириш, ҳудудда ҳайвонот ва ўсимлик дунёси муҳофазасини кучайтириш, туризм салоҳиятидан тизимли фойдаланишни ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 22 февралдаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ қабул қилинди.
Қарорда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси” давлат унитар корхонасини Сув хўжалиги вазирлиги муассислигидаги “Айдар-Арнасой кўллар тизими” масъулияти чекланган жамияти сифатида қайта ташкил этиш белгиланди. Шунингдек, Жиззах ва Навоий вилоятлари ҳудудида жойлашган Айдар-Арнасой кўллар тизими белгиланган тартибда қайта ташкил этиладиган “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖга балиқчилик тармоғини ривожлантириш учун доимий равишда танҳо фойдаланиш учун берилиши қарорда назар тутилган.
Қарор билан Айдар-Арнасой кўллар тизимининг “Арнасой” сув омбори ҳудудида балиқ овлашга бир йил муддатга мораторий эълон қилинди. Бунда:
сув омбори ҳудудида балиқ овлаш қатъиян тақиқланади;
сувдан тўрлар ва ов қилиш қуроллари йиғиб олинади;
сув омборини балиқлантириш мақсадида илмий-асосланган ўрганишлар амалга оширилади.
Шу билан бирга, “Айдар-Арнасой кўллар тизими” МЧЖ белгиланган тартибда инвестиция киритиш шарти билан танлов асосида ноёб турдаги балиқларни етиштириш, сув ҳавзаларини балиқлантириш, балиқни қайта ишлаш технологияси ва тажрибасига эга маҳаллий инвесторга ишончли бошқарувга берилади. Инвесторга 2022–2026 йиллар давомида, жумладан, қуйидагиларни амалга ошириш талаби юклатилади:
камида 30 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш;
инкубация цехлари ва репродуктор ҳавза имкониятларидан тўлиқ фойдаланган ҳолда балиқ личинкалари ишлаб чиқариш қувватларини йилига 100 млн. донага, балиқ чавоқлари етиштириш қувватларини 15-20 млн донага етказиш ҳамда мазкур балиқ чавоқлари билан кўллар тизимини балиқлантириш;
кўллар тизимидан йиллик балиқ овлаш ҳажмларини 15 минг тоннагача етказиш ҳамда океаник қафас (садок) мосламаларини ўрнатиш орқали қўшимча 5 минг тонна балиқ етиштириш;
кўллар тизимининг “Тузкон” кўли ҳудудида “Балиқ ишлаб чиқариш” комплекси ташкил этиш ва ушбу комплексда йилига 3 минг тонна балиқни қайта ишлаш корхонасини ишга тушириш;
кўллар тизими ва унинг атроф-муҳит имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда инвестицияларни кенг жалб қилиш, маркетингни йўлга қўйиш ҳамда қайта ишлашни ривожлантириш асосида 1 000 та иш ўрни яратиш.
Ҳозирда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан Айдар-Арнасой кўллар тизимидан самарали фойдаланиш, экологик ҳолатни яхшилаш, сув сатҳини барқарор сақлаш, сув билан таъминлаш ва шўрланиш даражасини камайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда.
Маълумот учун: Айдар-Арнасой кўллар тизими 1969 йилда Сирдарё ҳавзасида кузатилган тошқиндан сўнг Чордара сув омбори ва унинг қуйи қисмида аварияни бартараф этиш мақсадида 21 млрд. куб метр миқдорда сув ташланишидан ҳосил бўлган. Шундан сўнг кўп йиллар давомида сув ташланиши натижасида 2006 йилда Айдар-Арнасой кўллар тизимида сув ҳажми 42,1 млрд. куб метрга, кўлларнинг умумий юзаси 370 минг гектарга, узунлиги 250 километрга етган.
Кейинги йилларда “Чордара” сув омбори орқали “Арнасой” сув омборига сув кам миқдорда ташланаётганлиги сабабли, кўллар тизимига сув фақат коллектор-дренаж тармоқларидан тушмоқда. 2005 йилдан бери сув ҳажми 34,46 млрд. куб метрга, кўлларнинг умумий юзаси 320 минг гектарга камайган.
Матбуот хизмати
манба:www.water.gov.uz