Давлат-хусусий шериклик: Cув хўжалиги соҳасида 260 та лойиҳа амалга оширилади

Маълумки, мамлакатимиз қурғоқчил ҳудудлар қаторига киради. Давлат иқтисодиётининг асосий манбаи эса қишлоқ хўжалиги билан шуғулланишдаги катта салоҳиятга, лаёқатга боғлиқдир. Республика ерларнинг унумдор қисми суғориладиган ерларга тўғри келади. Табиийки, бу сувсиз амалга ошмайди.

Хўш, сув муаммоларига ечим топишда бугун қандай чоралар амалга оширилмоқда? 

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Сув хўжалиги вазири ўринбосари Акмал Мирзаев маълумотларига кўра, вазирлик томонидан 2020 йилда 8 та, 2021 йилда 100 та лойиҳа юзасидан хусусий шериклар билан битимлар имзоланган. 

Мазкур лойиҳаларнинг умумий қиймати 1 триллион 333 миллиард сўмни ташкил этиб, дастлабки йилларда хусусий шериклар томонидан 146,3 миллиард сўм инвестиция маблағлари киритиш ва бунинг натижасида 144,5 миллиард сўм бюджет маблағларини иқтисод қилиш кўзда тутилган. 

Ҳозирги кунда 8 та лойиҳанинг дастлабки ҳужжатлари ишлаб чиқилиб, тегишли хулосалар олиш учун Молия вазирлигига тақдим этилган. Шу билан бирга 23 та лойиҳа бўйича ҳужжатлар тайёрланмоқда ва 21 та лойиҳа  юзасидан хусусий шериклар билан музокаралар давом этмоқда. 

Хусусан, Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл туманидаги “Бекяб 48” насос станциясини “Убайдуллаев Батирбай” кластер ташкилоти бошқарувига олиш бўйича таклиф тушган. Умумий қиймати 5 миллиард  438 миллион сўмлик лойиҳа доирасида хусусий шерик томонидан дастлабки 2  йилда насос станциясини янги жойга кўчириш ва модернизация қилиш учун 2 миллиард 200 миллион сўм инвестиция киритиш ҳамда лойиҳа муддати давомида эксплуатация харажатларини тўлиқ зиммасига олиб, бунинг учун  3 миллиард 239 миллион сўм маблағ йўналтириш таклифини билдирган.  Мазкур лойиҳа хусусий шерик томонидан жами харажатлар қайтармаслик шарти билан амалга оширилади. 

Шунингдек, 2022-2026 йилларга мулжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 260 та сув хўжалиги объектларини давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида бошқариш бўйича лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.  


Муҳайё Тошқораева, ЎзА

​манба:www.uza.uz